«Эй олов, Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!»

6 йил аввал 3237 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 Нобакор қавм Иброҳим алайҳиссаломнинг юқоридаги гапларидан тўғри хулоса чиқариб олмади. Кофирларнинг доимий одатлари бўйича, ақлий ва мантиқий баҳсда енгилганларидан ке­йин куч ишлатишга ўтишди.

«Улар: «Унинг учун (ўчоқ) бино қилиб, уни гулханга отинглар!» дедилар» («Вас-соффаат» сураси, 97-оят).

Жиноятчи мушрик қавм бир-бирларига «Иброҳимни жазолаш учун катта гулхан ёқадиган жой қуринглар, унга олов ёқиб, Иброҳимни гулханга отинг­лар», дейишди. Хуллас, мушриклар катта гулхан ёқиб, Иброҳим алайҳиссаломни ўша гулханга отдилар.

«Эй олов, Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» – дедик» («Анбиё» сураси, 69-оят).

Олов Иброҳим алайҳиссаломга салқин бўлди, саломатлик бўлди ва унга ҳеч қандай озор ёки зарар етмади.

Аслида Аллоҳ таоло оловга куйдириш хусусиятини берган. Ёнишга қобилиятли нарсага қачон олов тегса, ёнади. Буни кўрган одамлар «Олов фалон нарсани ёндирди», дейдилар. Аслида олов бир сабаб, ҳақиқатда эса Аллоҳ ёндирган бўлади. Чунки бу дунёда ҳамма нарса Аллоҳнинг амри ила бўлади. Агар ёндириш оловнинг иши бўлса, ҳамма нарсани ёндириши керак эди. Лекин кўпгина нарсаларга олов тегса ҳам ёнмайди. Шунингдек, ёнишга лаёқатли айрим нарсалар ҳам Аллоҳ хоҳламаса, ёнмай қолади. Бундай ғайритабиий ҳолатлар одамларда «Олов ёндиради» деган нотўғри фикр ўрнига «Олов Аллоҳ хоҳласа, ёндиради», деган тўғри тушунча пайдо бўлиши учун содир қилинади.

Одатда, олов одамни ҳам ёндиради. Шу боис мушриклар «Иброҳимни оловга ташласак, ёниб кетади, ундан қутуламиз», деб ўйлаб, у кишини оловга отдилар. Лекин оловга ёндириш хусусиятини берган Зот унга:

«Эй олов, Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» деб амр этди.

Шунда оловнинг куйдириш хусусияти йўқолиб, ўрнига салқинлик хусусияти келди. Олов Иброҳим алайҳиссалом учун нафақат салқинлик, балки саломатлик ҳам бўлди. Агар олов фақат сал­қинлик бўлиб қолса, у кишига бошқа озор етиши мумкин эди. Лекин Аллоҳнинг амри ила ҳам салқинлик, ҳам саломатлик бўлди. Ҳеч бир зарар етмади.

«Улар унга (Иброҳимга) ёмонлик ирода қилган эдилар. Уларни энг кўп зиён кўргувчи қилиб қўйдик» («Анбиё» сураси, 70-оят).

«Мушриклар Иброҳимга ёмонликни ирода қилиб, уни оловда куйдириб юбормоқчи бўлган эдилар. Биз Иброҳимни сақлаб қолдик. Мушрикларни эса зиёнга учратдик. Уларни мислсиз азобга дучор қилдик».

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ