Ҳижрат

3 йил аввал 3011 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Бу ишлардан кейин Иброҳим алайҳиссалом бош­қача йўл тутишга қарор қилдилар.

«У деди: «Албатта, мен Роббимга боргувчиман. У мени ҳидоят қилур» («Вас-соффаат» сураси, 99-оят).

Яъни «Мен бу жойларни ташлаб, Роббим амр этган жойларга ҳижрат қиламан. Унинг Ўзи мени тўғри йўлга ҳидоят қилади», дедилар.

Аллоҳ таолонинг йўлида юриш ҳақидаги даъватлар, тушунтиришлар ва баҳслар отага ҳам, қавм­га ҳам таъсир қилмади. Улар бу ваъз-насиҳат ва даъватлардан фойда олиш ўрнига зулмни кучайтирдилар. Даъватчига турли ёмонликлар қилдилар. Уни ҳам ўзларининг ботил йўлларига юргизмоқчи бўлдилар.

Охир-оқибат уни жисмонан йўқ қилишга уриндилар. Чунки унинг тирик юриши ўша нобакор қавм учун катта таҳлика эди. Оддий халқ унинг орқасидан кетиб қолишидан қўрқар эдилар. Ана шунда Иброҳим алайҳиссалом:

«Албатта, мен Роббимга боргувчиман», деб дину диёнат учун ҳижратга кетишни афзал кўрдилар.

У зот соф ниятини тушунмаган нобакор қавмдан, эски одатларни тарк этишни хоҳламаётган золимлардан воз кечишни хоҳладилар. Фақат Аллоҳ таоло билан қолиш, фақат Аллоҳ таолодангина ёрдам сўраш ва фақат Аллоҳ таоло айтганидек яшашни ихтиёр қилдилар. Шунинг учун ҳам ишонч билан дедилар:

«У мени ҳидоят қилур».

«Аллоҳ таоло Ўзи мени тўғри йўлга ҳидоят қилади. Икки дунё саодатига элтувчи йўлга бошлайди».

Қатода розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз билан халойиқлардан биринчи бўлиб Шом ерларига ҳижрат қилган зотдирлар.

Шундай қилиб, ҳижрат юзага келди. Бир ҳолатдан иккинчи бошқа бир ҳолатга ажраб чиқилди. Турли-туман алоқалар ва боғланишлар бутунлай тарк этилиб, улардан ажраб, фақат битта алоқа, битта боғланиш, яъни Аллоҳ таоло билан алоқа ва боғланиш қолди.

Шу пайтгача Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўрмаган эдилар. Ҳижрат ёлғизлигида Аллоҳ таолодан фарзанд сўрадилар.

«Роббим, менга солиҳлардан ато эт. Бас, унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик» («Вас-соффаат» сураси, 100–101-оятлар).

Ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд одам учун жуда буюк бир хушхабар эди бу. Узоқ давом этган фарзандсизликдан кейин фарзандли бўлиш қанчалик бахт! Узоқ давом этган фарзандсизликдан сўнг, айниқса, ўғиллик бўлиш қанчалик бахт! У ўғилнинг ҳалим бўлиши қанчалик бахт! Бу фарзанд Исмоил эди!

Аммо ўша ҳалим ўғил дунёга келгунча ҳали олдинда анчагина воқеалар бор эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Набий Иброҳим алайҳиссалом учта ёлғондан бошқа ҳеч ёл­ғон гапирмаган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида (Китобида): «Албатта, мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида. Бас, у киши бир жабборнинг ерига борди. У зот билан Сора ҳам бор эди. У(Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга:

«Албатта, менинг хотиним эканлигингни мана бу жаббор билса, сен(га етишиш) учун менга ғолиб келади. (Шунинг учун) агар сендан сўраб қолса, менинг синглим эканлигингни айтгин. Албатта, сен менинг Исломдаги синглимсан. Албатта, мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди.

Улар унинг ерига кирганларида уни жабборнинг аҳлидан баъзилари кўриб қолиб, унинг олдига бориб:

«Сенинг ерингга бир аёл келди. У сендан ўзгага муносиб эмас», дейишди.

У одам юборди. Уни олиб келишди.

Иброҳим алайҳиссалом намозга турди.

У(Сора) унинг олдига кирганда ўзини тута олмай, қўлини унга узатди. Бас, кўли қаттиқ тиришиб қолди. Шунда унга:

«Аллоҳга дуо қил. Қўлимни қўйиб юборсин. Сенга зарар етказмайман», деди. У (айтганини) қилди. У(жаббор) яна (ёмонликка) қайтди. Қўли аввалгидан ҳам қаттиқроқ тиришиб қолди. Унга яна аввалги гапини қайтарди. У (айтганини) қилди. У(жаббор) яна (ёмонликка) қайтди. Қўли аввалги икки тиришишдан ҳам қаттиқроқ тиришиб қолди. Шунда унга:

«Аллоҳга дуо қил. Қўлимни қўйиб юборсин. Аллоҳга қасам! Сенга зарар етказмайман», деди. У (айтганини) қилди. Бас, унинг қўли бўшади. Уни олиб келганни чақириб:

«Сен менга шайтонни олиб келибсан! Одамни олиб келмабсан! Уни менинг еримдан чиқариб юбор! Унга Ҳожарни бер!», деди.

У юриб кетди. Иброҳим алайҳиссалом уни кўриб, (намозни) битирди ва:

«Нима гап?!» деди.

«Яхшилик! Аллоҳ фожирнинг қўлини тийди! Хизматчи ҳам берди», деди».

Абу Ҳурайра:

«Ана ўша сизнинг онангиз бўлади, эй осмон суви фарзандлари!» деди».

Муслим бу ерда, Бухорий эса «Яратилишнинг бошланиши»да ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги «жабборнинг еридан» мурод Миср. Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз билан Мисрга ҳижрат қилган вақтларида у ерга бир золим подшоҳлик қилар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фақат учта ёлғон бўлган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида: «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида», деган гапларидан зинҳор ва зинҳор «Иброҳим алайҳиссалом умрларида уч марта ёлғон гапирган эканлар», деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Бу ердаги «ёлғон»да сиртидан ёлғон бўлиб кўринган, аслида бошқа тарафга буриб юборса бўладиган гаплар кўзда тутилган.

Эсингизда бўлса, Иброҳим алайҳиссалом «Мен беморман», деган гапни мушриклар у кишини байрамга бирга боришга таклиф қилганларида айтганлар ва сиртдан жисмоний беморлик тушунилса ҳам аслида руҳий қийин ҳолат кўзда тутилган эди.

«Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапни эса парчаланиб ётган бутларни кўрган бутпараст қавм «Бизнинг олиҳаларимизни ким бундай қилди?» деганларида айтган эдилар. Унда «Агар буларни худо деган гапингиз тўғри бўлса, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган маъно бор эди. Албатта, бу ёмон, гуноҳ маъносидаги ёл­ғон доирасига кирмаслиги ҳаммага маълум.

Сора ҳақидаги «ёлғон»нинг нима эканлиги ушбу ривоятнинг ўзида баён қилиб берилмоқда.

«Бас, у киши бир жабборнинг ерига борди. У зот билан Сора ҳам бор эди. У(Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга:

«Албатта, мана бу жаббор сени менинг хотиним эканлигингни билса, сен(га етишиш) учун менга ғолиб келади. (Шунинг учун) агар сендан сўраб қолса, менинг синглим эканлигингни айтгин. Албатта, сен менинг Исломдаги синглимсан. Албатта, мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди».

Демак, бу ерда сиртдан насаб бўйича сингиллик бўлиб кўринса ҳам, аслида дин қардошлиги кўзда тутилган. Бу ҳам, албатта, ёлғонга кирмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг «Ана ўша сизнинг онангиз бўлади, эй осмон суви фарзандлари!» деган сўзлари арабларга қаратилгандир. Арабларнинг насаблари маълум бўлганлиги учун шундай дейилар экан.

Қиссанинг давоми шуки, Сора онамиз золим подшоҳ ўзларига совға қилган Ҳожар исмли чўрини эрлари Иброҳим алайҳиссаломга совға қилдилар. У киши ўзларининг туғмасликларини бир оз бўлса ҳам эсдан чиқариш учун эрларининг бошқа аёл билан ҳам турмуш қилиб кўришини ўйлаган бўлсалар, ажаб эмас. Ҳожар онамиз ҳомиладор бўлиб, Исмоилни туғдилар. Ўша вақтда Иброҳим алайҳиссалом 86 ёшда эканлар.

Аллоҳ таоло ирода қилган ҳикматга биноан, Сора онамизнинг рашклари қўзиди. Иш охири бориб, Ҳожар онамизни гўдаклари билан бошқа томонга олиб бориб қўйишга келишилди.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ