Зурриётни гиёҳсиз водийга жойлаштириш

6 йил аввал 3292 siyrat.uz

 

Иброҳим алайҳиссалом йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юриб, ҳозирги Каъбаи Муаззаманинг ўрнига Ҳожар онамиз билан гўдак Исмоилни қолдириб, ортларига қайтдилар. Маълум бир жойга етиб, у зот она-болани кўрадиган, улар эса у зотни кўрмайдиган жойда туриб, Аллоҳ таолога илтижо ила қуйидаги дуони қилдилар:

«Роббимиз! Албатта, мен ўз зурриётимдан (баъзиларини) Ўзинг ҳарам қилиб қўйган Байтинг ёнига, экинсиз водийга жойлаштирдим. Роббимиз! Намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, одамларнинг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар» («Иброҳим» сураси, 37-оят).

Иброҳим алайҳиссалом ўз зурриётларидан бўлмиш Исмоил алайҳиссаломни Аллоҳнинг Байтул Ҳароми ёнига, ўсимликсиз водийга жойлаштиришларининг бош сабабини намоз, демоқдалар.

«Роббимиз! Намозни тўкис адо этишлари учун»

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга ибодат қилишлари, намозни тўкис адо этишлари учун зурриётларидан баъзисини машаққатларга тўла, сувсиз, гиёҳсиз, иссиқ чўлнинг ўртасига жойлаштирдилар.

Одатда одамлар гиёҳсиз чўлларга боришни истамайдилар. У ердаги машаққатлардан қўрқадилар. Эй Роббимиз:

«Бас, (одамларнинг) қалбларини уларга талпинадиган қилгин».

Уларнинг қалблари доимо ўша мен зурриётимдан баъзисини жойлаштирган, Байтул Ҳаром ёнидаги водийга талпиниб турадиган бўлсин.

«Ва уларни мевалардан ризқлантиргин».

Яна ўша зурриётимни ва улар билан бирга ўша ерда яшаётганларни мевалардан ризқлантиргин.

«Шояд шукр қилсалар», деб дуо қилдилар.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг бу дуо­ларини қабул этди. Мазкур юртни, Ҳарами Шарифни омонлик юрти қилиб қўйди. Унинг омонлигига таҳдид соладиганларни ҳалок қилди. У ердагилар Аллоҳга ибодатни тўғри қилиб, намозни тўкис адо этганларида, омонликка қўшиб, тўқчиликни ҳам берди. Мусулмон бўлган одамлар қалбини ўша томонга талпиниб турадиган этиб қўйди. У жойнинг аҳолисини, ерларида ҳеч нарса ўсмаслигига қарамасдан, турли мевалар билан ризқлантириб қўйди.

Иброҳим алайҳиссалом ҳар замонда келиб, оилаларидан хабар олиб турдилар. Исмоил ҳам ўсиб, улғайиб борди.

Кейин нима бўлганини «Вас-соффаат» сурасининг қуйидаги оятларидан билиб оламиз.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ