Саҳобалар

Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмий

1 ўн йил аввал 3817 siyrat.uz

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг машҳур саҳобаларидан Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмий розияллоҳу анҳу зиммасига Форс диёрининг кисроси (подшоҳи) Хусрав ва Рум мамлакатининг қайсари Ҳирақл билан учрашиш ва буларнинг биринчисига Ислом давлати раҳбарининг номасини топширишдай улуғ ва масъулиятли вазифа тушди. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа бу топшириқни чиройли ва ўринлатиб бажара олди. Абдуллоҳнинг форслар шоҳи билан учрашуви ҳижрий иккинчи йили, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ажам юртлари раҳбарларига Исломга кириш таклифи билан мактуб ёзиб, баъзи асҳобларини уларга элчи қилиб жўнатган йили рўй берди. Пайғамбар алайҳиссалом бу ишнинг ниҳоятда хатарли эканини яхши билардилар. Чунки элчилар олдида олислардаги мутлақо нотаниш ўлкаларга сафар қилиш вазифаси турарди. Бу юртлар билан ҳеч қандай алоқалар ўрнатилмаганди. Мактубни олиб борувчилар на ерли аҳоли тилини ва урф-одатларини, на подшоҳларининг феъл-атворию табиатларини билишарди. Бунинг устига саҳобалар ўша номдор подшоҳларни ота-боболари топинган динни тарк этишга, обрў-шуҳратларию дабдабалардан воз кечиб, кечагина қўл остларида бўлган халқ динини қабул қилишга чорлашлари лозим эди. Бу сафар ҳақиқатан хатарли, айни пайтда ўта муҳим эди. Элчилик вазифасига тайинланган киши жонини гаровга қўйган билан баробар эди, ҳатто бу сафардан эсон-омон қайтиб келишнинг ўзи катта бахт саналарди. Шунинг учун Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини тўпладилар. Улар йиғилгач, Аллоҳга ҳамду сано, сўнг шаҳодат калимасини айтиб бундай дедилар: – Сизлардан баъзиларингизни ажам юртлари подшоҳлари олдига элчи қилиб юбормоқчиман. Бани Исроил қавми Исо ибн Марямга итоатсизлик қилганидай сизлар ҳам менга нофармон бўлманглар. – Ҳар бир амрингизга сўзсиз итоатда бўламиз, – дейишди саҳобалар, – хоҳлаган жойингизга жўнатаверинг, бизлар тайёрмиз! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мактубларни элтиш учун саҳобалардан олти кишини танлаб олдилар. Улар орасида Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмий розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Пайғамбар алайҳиссалом мактубларини Форс кисросига элтиш унинг чекига тушди.

* * * Абдуллоҳ ибн Ҳузофа сафар анжомларини тайёрлади, хотини ва ўғли билан хайрлашди. Сўнг ҳаётидаги энг шарафли вазифани бажариш мақсадида қир-адирлар оша олис йўлга чиқди. Ҳамроҳи йўқ эди, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи унга йўлдош эди. Абдуллоҳ Форс диёрига етиб келиб, тўғри подшоҳ саройига борди. Аъёнлардан ҳукмдор ҳузурига киришга изн сўради. Кисро қаср айвонини безашга буюрди, доим элчиларни қабул қилишда иштирок этадиган аслзодаларни тўплади. Шундан кейингина Абдуллоҳнинг киришига рухсат берди. Абдуллоҳ ҳукмдор қабулига саҳройи арабларга хос ҳолатда кириб келди: эгнида ориқ танасига ёпишиб турган юпқа кўйлак, устидан қўполгина тўқилган тўн кийиб олган  эди. Бироқ қадди тик, кўзлари ақлли боқар, қалби иймон билан тўла эди. Унинг бу ҳолатидан Кисро жиркангандек бўлди. Элчини ўзига яқинлаштирмаслик учун мулозимларига «унинг қўлидан мактубни олинглар» ишорасини қилди. Аммо Абдуллоҳ мактубни бермади, уни бағрига босиб: – Йўқ, Расули акрам хатни фақат подшоҳ қўлига топширишни буюрганлар, мен Набий кўрсатмаларидан четга чиқмайман, – деди. – Уни ўз ҳолига қўйинглар, майли келақолсин, – деди Кисро мулозимларига. Абдуллоҳ мактубни ҳукмдор ёнида турган таржимонга узатди. У ёзувни ўқий бошлади: «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммадддан Форс подшоҳи Кисрога. Ҳидоят йўлига эргашганларга саломлар бўлсин!...» Мактубнинг илк жумласини эшитибоқ Кисронинг ғазаби қайнаб кетди. Юзлари қизарди, бўйин томирлари бўртди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатни ўз номлари билан бошлаганлари Кисро жаҳлини чиқарган эди. У таржимон қўлидан мактубни тортиб олди ҳамда парча-парча қилиб йиртиб ташлади ва: – Менга тобеъ бўлатуриб бундай андишасиз сўзларни битишга қандай ҳадди сиғди унинг? – дея бақирди. Сўнгра Абдуллоҳни қабулхонадан қувиб чиқаришга фармон берди. * * * Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розийаллоҳу анҳу саройдан чиқиб кетар экан, Аллоҳ унга қандай ёзиқлар битганидан бехабар эди… «Ўлдиришармикин ё тўрт томонинг қибла, деб қўйиб юборишармикин?» деб ўйларди. Ора-сира: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг топшириқларини бажардим, асосий иш битди, энди бошимга нима кун солишса ҳам, парво қилмайман», деб ўзига ўзи тасалли берар эди. Ўйлай-ўйлай элчи йўлга чиқишга қарор қилди. Кисро ғазаби пасайгач Абдуллоҳни ҳузурига олиб киришларини сўради. Аммо у ғойиб бўлган эди. Чор атрофни ахтариб, ҳамма нарсанинг тит-питини чиқариб ташлашди, аммо унинг изини ҳам топа олишмади. Бу пайтда Абдуллоҳ Кисро саройидан жуда олислаб кетган, араб саҳросига элтувчи йўлга тушиб олган эди. У Мадинага қайтиб келиб, Кисро билан қандай учрашгани, унинг мактубни йиртиб ташлагани ҳақида гапириб берганида Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам :«Аллоҳ унинг салтанатини парчаласин», дедилар. * * * Абдуллоҳ ибн Ҳузофа Рум қайсари билан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу раҳбарлик қилган даврда учрашди. Ҳижрий ўн тўққизинчи йили Умар ибн Хаттоб Румга қарши қўшин юборди. Унинг сафида Абдуллоҳ ҳам бор эди. Рум қайсари мусулмон лашкарининг жасурлиги ва шавкати, аскарларнинг иймони ва ақидаси кучли экани ҳақида кўп эшитганди. Бу гапларнинг нечоғли чин-ёлғон эканини текшириш учун у жангчиларига мусулмонлардан асир тушса, ўлдирмай тириклай келтиринглар, деб буюрган эди. Иттифоқо, Абдуллоҳ Рум аскарларига асир тушиб қолади. Уни подшоҳ ҳузурига келтиришади. Шунда тарих китобларида кўп марта зикр этилган ажойиб бир воқеа содир бўлади. Рум қайсари Абдуллоҳга узоқ тикилиб тургач: – Агар насроний динига кирсанг, сени озод қилиб, кўп иззат-икромлар кўрсатаман, – деди. Абдуллоҳ бунга кўнмади. Ҳукмдор уни синашда давом этди: – Агар таклифимга кўнсанг, салтанатимнинг ярмини бераман. Абдуллоҳ бунга ҳам рози бўлмади. – Унда сени ўлдираман, – деб қўрқитди подшоҳ. – Хоҳишинг, – деди Абдуллоҳ. Бу билан ҳам мағрур асирни енга олмаган Рум қайсари энди бошқача йўл тутади: – Агар пешонамдан битта ўпиб қўйсанг, сени озод қилиб юбораман. Шунда Абдуллоҳ: – Бошқа мусулмон асирларни ҳам озод қиласанми? – деб сўради. – Ҳа, – деди Рум қайсари. Абдуллоҳ қайсарга яқинлашиб, унинг пешонасидан ўпди. Рум подшоҳи сўзи устидан чиқиб, барча мусулмон асирларини тутқунликдан бўшатди. * * * Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу бўлиб ўтган воқеани Ҳазрати Умарга сўзлаб берганида, у Зот ниҳоятда қувонди. Озод қилинган асирларни кўрганида эса: – Абдуллоҳ ибн Ҳузофанинг пешонасидан ўпиб қўйиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги вазифадир. Буни ўзим биринчи бўлиб бажараман, – деди ва ўрнидан туриб Абдуллоҳнинг пешонасидан аста ўпиб қўйди.

Аҳмад МУҲАММАД таржимаси.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ