Инсоният юлдузлари (Абодила)

6 йил аввал 2591 siyrat.uz

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Инсоният юлдузлари туркум мақолаларимизнинг учинчи қисмида “ал-Абодила ал-Арбаъа” номи билан юритиладиган тўртта машҳур Абдуллоҳ исмли фақиҳ, муҳаддис саҳобалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим деб билдик. 

Маълумки, саҳобалар ичида 300 га яқин Абдуллоҳ исмли саҳобалар бўлган. Уларнинг ичида муфаққиҳ уламоларимиз эътироф этган тўрт нафар Абдуллоҳ исмли саҳоба алоҳида тилга олинади. Улар:

1. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу

2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу

3. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу

4. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу 

Муҳаддис уламоларимиз эса ўз китобларида “Абодила”ларнинг охиргиси сифатида Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ўрнига Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуни зикр қиладилар.

Бу зотларнинг “Абодила” деб танилишларига асос бўлган ва уларни ажратиб турадиган жиҳатларидан бири уларнинг бошқа саҳобалардан кўпроқ яшаганларидир. Бу саҳобаларнинг ҳаммалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёш йигит бўлганлар. Ушбу саҳобалар жуда илмли, маърифатли бўлганлари учун, мусулмонлар оммасининг уларга ҳожатлари тушиб, олдиларига бориб, кўп фатволарни сўраганлар. Мана шу билан улар шуҳрат топганлар. Агар улар бир фиқҳий масала юзасидан бир ҳил ҳукм қилган бўлсалар, “Бу – абодиланинг қавли”, деб айтилар эди. Келинг, энди ушбу саҳобаларнинг сифатлари билан яқиндан танишайлик:

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу. Бу киши Мадинада ҳижрат қилинганидан кейин мусулмонлар орасида туғилган илк ўғил бола ҳисобланадилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу туғилишларидан олдин яхудийлар – “Муҳожирларни сеҳрладик, энди улар фарзанд кўришолмайди” деб фитна қўзғатмоқчи бўлиб юришганди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розиялллоҳу анҳу туғилганларидан кейин яхудийларни ёлғани фош бўлди. Бу хабарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитиб хурсанд бўлдилар ва чақалоқнинг хаққига дуо қилдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу. Бу зот ҳижратнинг ўнинчи йили туғилганлар. Илмлари ниҳоятда ўткир, серқирра ва кўп бўлгани сабабли “Илм денгизи” номини олганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишининг ҳаққига “Эй Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилиб қўйгин ва таъвилни ато қилгин” деб дуо қилардилар.  Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу фақиҳ бўлишлари баробарида етук муҳаддис ҳам бўлганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу. Бу саҳобий ёшликларидан илмга ўч эдилар ва кўп нарсани билардилар. У киши ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган барча каттаю кичик ишларига ўта дақиқлик ила эргашишлари билан шуҳрат қозонган саҳобийдирлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нимани кўрган ёки эшитган бўлсалар, ўша ишни худди эшитганларидек ёки кўрганларидек адо этишга қаттиқ тиришар эдилар. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳеч ҳам ажрамай ҳизматларини қилиб юрган саҳобий. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга мислсиз илм ато қилди. У киши Ислом умматининг фақиҳи бўлдилар. Шунингдек, у киши Ислом уммати қориларининг пешвоси эдилар. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга Исломнинг дастлабки йилларидаёқ Қуъони Каримни биринчи бўлиб мушрикларга баралла ўқиган инсон мартабасини берган бўлса, кейинчалик Ўз каломини энг яхши тиловат қиладиган ва маъноларини яхши биладиган шахслардан қилди.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларига қатнашишни ҳеч ҳам канда қилмаган саҳобалардан. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзларини ёзиб, ёдлаб юрардилар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида ўзларининг илмий салоҳиятлари, тақволари, ибодатлари ва саҳоватлари билан танилганлар.   

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси Тошматов Каримуллоҳ

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ