Озорларга сабр қилиш ва азиятларни кўтариш

3 йил аввал 3962 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбаримиз алайҳиссалом камдан-кам учрайдиган, бошқаларда жамулжам ҳолда топилмайдиган нодир ва камёб сифат ва хусусиятларга эга эдилар. Чунки у зот чиройли хулқ ва олийжаноб сифатлар чўққисида бўлиб, иймон аҳлига намуна эдилар. Ҳалимлик, бардошлилик ҳамда озор ва қийинчиликларга сабр қилиш ана шундай сифатлар сирасига киради.

Ҳалимлик – жазолаш учун ғазабни қўзғатувчи сабаб пайдо бўлганда вазминлик, салобат ва виқор билан туришдир. Ҳалим одам дарҳол ўч ва интиқом олишга шошилмайди. У вазмин ва босиқлик билан тили ва аъзоларини озорга яраша жавоб беришдан тияди.

Бардошлилик – нафсни азоб-уқубатлар, илоҳий синовлар, инсонлар ва бошқа жонзотлар тарафидан етадиган азиятлар пайтида ўзини тутиб туришдир.

Сабр – нафс истагини бажо келтириш учун уни ўз ихтиёрига қўймасликдир. Умуман олганда, ёқтирмаган нарсаси устида нафсни ушлаб туриш сабр ҳисобланади ва ҳалимлик, чидам ва бардошдан кўра кенгроқ маъно касб этади. Ибодатга ҳам сабр-тоқат керак. Ўз навбатида, маъсиятдан сақланиш учун ҳам сабр-тоқат лозим. Бир мусибат етганда ҳам сабр-тоқат зарур бўлади. У Аллоҳ ёрдами билан, Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ билан бирга бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳалимлик, бардошлилик ва сабр-тоқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатган. Ибн Самъоний «Адабул имло» номли китобида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббим менга одоб берди. Бас, одобимни чиройли қилди», дея марҳамат қилганлар.

Ҳалимлик ўз эгасини нафсни ҳаддан ошиш, эркига қўйиш ёки ғазабга йўл очишдан жиловлашга ундайдиган ажойиб ахлоқий фазилатдир. Мазкур сифат инсон шахсияти кучлилиги, иродаси бақувватлигидан дарак беради. Шунингдек, нодон, ақли кам, кўнгли тор кишиларда учрайдиган ноқисликлардан юқори туришни кўрсатади. Ҳалимликнинг оқибати хайрли ва натижалари кафолатлангандир. Энг муҳими, унинг бошқалар қалбига таъсири катта. Ҳатто бу ҳақда кўплаб зарбулмасаллар тўқилган. Ҳалимлик Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган улуғ неъматидир. Ҳалимлик бор жойда пушаймонлик, қўполлик, беҳаёлик, ҳақоратлаш ва таҳқирлаш оқибатида юзага чиқадиган нохуш ҳолатлар бўлмайди.

Абу Яъло Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули акрам шундай дедилар: «Хотиржамлик Аллоҳдан, шошқалоқлик шайтондандир. Аллоҳдан кўра узр-маъзурларни кўп қабул қилган бирор зот йўқ. Аллоҳ учун ҳамду санодан-да яхшироқ нарса йўқ».

Имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган қуйидаги ривоят ҳалимлик сифатига эга бўлганлар учун етарли мақтовдир: «Расулуллоҳ Абдул Қайс қабиласидан бўлган Ашъажга: «Сенда Аллоҳ ва Расули яхши кўрадиган икки хислат бор. Улар – ҳалимлик ва шошмаслик», деганлар». Расулуллоҳ ўз умматларини бу каби улуғ хулқ билан хулқланишга чорлаш учун ҳалимлик сифатини алоҳида мақтаб, унга урғу бердилар.

Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мулойимлик қайси нарсада бўлса, уни зийнатлайди. Қайси нарсадан у олиб қўйилса, булғанади», – дедилар.

Имом Муслим ривоятида у зот: «Албатта, Аллоҳ ҳалимдир. Ҳалимликни яхши кўради. У қўполлик ва ундан бошқасига бермайдиганини ҳалимликка беради», деган эканлар. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ «Ҳалимликка беради» деган жумлани «Бошқа амалларга бермайдиган савобни унинг учун беради», дея шарҳлаган. Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ эса «Бунинг маъноси ҳалимлик туфайли мақсадга етилади ва амалга ошмайдиган истакларга осон эришилади», дея изоҳлаган. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатҳул Борий»да: «Ҳалимлик ёрдамида унинг зидди орқали қўлга киритиб бўлмайдиган ишларни қўлга киритиш мумкин», – деган.

Абу Шайх ибн Ҳиббон Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Албатта, банда ҳалимлик туфайли рўзадорнинг ва кечалари ибодат билан қоим бўлувчининг даражасини топади». Мулойимлик – сўзда, амалда юмшоқ бўлиш ва ишларнинг енгил тарафини олишдир. Аллоҳ таоло хос мўминларни сифатлаб шундай марҳамат қилади: «Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни яхши кўради»[1].

Исломда ҳалимлик қаторида сабр ҳам мақталган хислат саналади. Чунки сабрнинг оқибати гўзалдир ва ажр-савоби ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида чексиз даражада улуғдир. У фақат Аллоҳнинг фазли, раҳмати ва карамига қараб юзага чиқади. Бу сифат ҳам ҳалимлик сингари кишининг кучлилиги, иродаси мустаҳкамлиги, тафаккур доираси кенглиги, ўзини тута олиши ва шайтоннинг тузоғига илинмаслигига далолат қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Шубҳасиз, ким сабр қилса, кечирса, албатта бу мардлик ишларидандир»[2].

Ким азият ва озорларга сабр қилса, афв этса, бировнинг айбини яширса, мана шундай сабр ва кечиримлилик энг афзал ишлардандир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, азму матонат соҳиби бўлган пайғамбарлар сабр қилгандек сабр қил. Уларга (азоб етишига) шошилма[3]

Қачонки мусибатлар, кулфатлар, қаршилик ва азиятлардан иборат синовлар кўпайганида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сабр-тоқатлари янада зиёда бўлар эди. У зот нафақат азият берувчилар таҳқири ва зуғумини кўтарар, балки уларга яхшилик қилар эдилар. Нодонлар ва жоҳиллар муомаласидаги ҳаддан ошишларни ҳалимлик ва олийжаноблик билан қарши олар эдилар. Набиюллоҳ азиятга ўта бардошли, бутун инсониятга марҳаматли, аксар ҳолларда дуоибадга олиб борадиган бесабрликдан йироқ эдилар. У зотнинг ҳалимликлари, сабр-тоқатлари ва қодир бўла туриб кечириб юборишлари тўғрисида маълумотлар шунчалик кўпки, уларни бу ўринда тўлиғича келтиришнинг имкони йўқ.

Тарихдан биламизки, Пайғамбаримиз Қурайшнинг турли ҳийла-найранглари, қаршиликлари, мазах-масхаралари ва адоватига сабр-тоқат қилиб чидадилар. Жоҳилият аҳлининг жабру ситамлари ва аҳмоқларнинг озорлари ҳаддан ошса ҳам, сабр қилдилар. Қийинчилик, оғир синовлар ва кўплаб кулфатларни енгиб ўтишда сабр қилиш осон бўлмаслиги маълум. Аллоҳ таолонинг нусрати ва ёрдами туфайли Пайғамбаримиз душманлар тазйиқини енгиб ўтишда шу тарзда сабр қилиб, ғолибликка эришдилар.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 



[1] Оли Имрон сураси, 134-оят.

 [2] Шуро сураси, 43-оят.

 [3] Аҳқоф сураси, 35-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ