Жазолашга қодир бўла туриб афв этиш

1 йил аввал 1462 Абдулазиз Мўмин

Ҳалимлик, сабр ва афв сўзлари бир-бирига яқин маъноларни ифода этади. Лекин улар орасида бирини бошқасидан ажратиб турадиган нозик фарқлар бўлиб, ҳар бири ўзига хос маъно касб этади. Ҳалимлик ва сабр ўтган бобларда баён қилиб берилди.

Афв этиш – хато учун жазолашни тарк этишдир. Кейинчалик бу сўз бировнинг гуноҳини кечиб юбориш маъносида қўллана бошлаган. Аллоҳ таоло Ўз набийи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур уч фазилатни таълим бериб, шундай дейди: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир»[1].

Мазкур оят нозил бўлганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан таъвилини сўраганларида: «Унинг маъноси хусусида ҳақ сўзловчи, билувчи Зотдан сўрамагунимча (бирор гап айта олмайман)», деб жавоб беради. Сўнг кетиб, қайтиб келгач: «Эй Муҳаммад! Албатта Аллоҳ сенга ришталарни узганлар билан алоқани боғлашингни, ман қилганларга беришингни, зулм ўтказганларни кечиришингни амр қилмоқда», – дедилар»[2].

«...ва афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?!»[3] Яъни мўминлар бир-бирларидан ўтган хатолик ва камчиликларни кечирсинлар, кўз юмсинлар ва ўтиб юборсинлар.

Кечиримли, шафқатли ва раҳмдил бўлишда Набий алайҳиссаломга тенг келадиган киши йўқлигига мисоллар жуда кўп. Бундай хислатлар билан у зотнинг ҳаёт саҳифалари безалган десак, муболаға бўлмайди. Шариат ҳукмларини ихтиёр этишдаги ҳолатлари бунга яққол далилдир. Икки шайх ва имом Абу Довуд келтирган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: «Расулуллоҳга икки ишдан бирини танлаш ихтиёри берилар, агар гуноҳ бўлмаса, енгилроғини танлар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан бутунлай юз ўгирар эдилар». У зотнинг «Осон қилинглар, қийин қилманглар. Бу дин осондир» деганлари собит бўлган.

«Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди, сизларга қийинликни хоҳламас»[4]. Бу оятда ҳаром ёки макруҳ бўлмаса, ишнинг осон ва енгил томонини олиш мустаҳаблигига чақириш маъноси бор. Чунки Аллоҳ таоло Ўзи рухсат берган ишларни худди қатъий талаб қилган буйруқларини қилишдек яхши кўради.

Расулуллоҳ ҳеч қачон ўзлари учун ўч олмаганлар. Аллоҳ таоло топташни ман қилган нарса топталгандагина Аллоҳ учун интиқом олганлар. Яъни Аллоҳ таолога ёки У Зотнинг махлуқотларидан бирининг ҳаққига тааллуқли бўлган ишда кимдир ҳаддан ошган бўлса, бунга қараб турмаганлар.

Уҳуд кунида олд тишлари синиб, юзлари қонга беланди, бу ҳолат асҳобларига жуда оғир ботди. Ҳатто айримлари: «Уларни дуоибад қилсангиз-чи?» дейишгача бордилар. Шунда у зот: «Мен лаънатловчи қилиб эмас, даъват этувчи ва раҳмат қилиб юборилганман. Ё Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар»[5], – дедилар. Мана шу Аллоҳ таолонинг у зот ҳақидаги «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик» деган сўзининг тасдиғидир.

Умар розияллоҳу анҳу шундай деган экан: «Ота-онам фидо бўлсин сизга, ё Расулуллоҳ! Нуҳ алайҳиссалом қавмига «Ё Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин»[6] дея дуоибад қилган эди. Агар сиз бизга шундай дуо қилсангиз, охиримизгача ҳалок бўламиз. Устингиздан босиб ўтишди, юзингиз қонга беланди, тишларингиз синдирилди, лекин сиз яхшиликдан нарига ўтмадингиз ва сўраганингиз: «Аллоҳим, қавмимни мағфират қил. Албатта улар билмаяптилар», деган хайрли дуо бўлди».

Бу фазилат, яхшилик, гўзал хулқ, олийжанобликнинг энг юқори чўққиси, ҳалимлик ва сабрнинг энг олий даражасидир. У зот қавми ва бошқалар томонидан етказилган озорлар қаршисида индамай жим ўтирмадилар, балки уларга раҳмлари келиб қайғурар ва билмасликларини узр сифатида қабул қилардилар. Ноҳақликка сабр қилган ҳолда тўғри йўлга бошлаш Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гўзал хулқларидан эди. Бадр ўлжалари тақсимотида Ҳурқус ибн Зуҳайр Тамимий деган мунофиқ Расулуллоҳга: «Адолат қилинг. Бу Аллоҳнинг розилигини истаб қилинган тақсимот бўлмади», деди. Бу сўзига қаттиқ жавоб қилмай, билмаганини ўргатиш, насиҳат қилиш ва эслатишдан ортиқ гап айтмадилар. «Шўринг қурсин! Агар мен адолат қилмасам, ким адолат қилади. Адолат қилмаган бўлсам, умидим пучга чиқиб, зиён кўрибман!»[7] дейиш билан кифояландилар ва  ноҳақ сўзи учун уни қатл қилмоқчи бўлиб рухсат сўраган асҳобларини фикрларидан қайтардилар.

Яна бир таъсирли воқеа. Ҳижратнинг тўртинчи йили Затурриқоъ ғазотида туш вақтида одамлар дам олаётган эди. Шунда ёлғиз ўзлари дарахт остида соялаб ётган Пайғамбаримизнинг тепасида қатл этиш ниятида қиличини яланғочлаб қавмининг энг кучли ва довюраги Ғаврас ибн Ҳорис қўққисдан пайдо бўлиб: «Сени мендан ким қутқаради?» деди. У зот: «Аллоҳ», – дедилар. Шунда унинг қўлидан қиличи тушиб кетди. Набий алайҳиссалом қилични олиб: «Мендан сени ким ҳимоя қилади?» дедилар. У: «Яхшиси, ниятда олган бўлинг»[8], – деди. Бас, унга индамадилар ва кечирдилар. Ҳалиги одам қавмига келиб: «Сизларга одамларнинг энг яхшиси ҳузуридан келмоқдаман», деди[9].

Икки шайх келтирган ривоятга кўра, бир яҳудий аёл Расулуллоҳга заҳар солинган қўй гўшти берди. Аёл бу ишини тан олиб, қилмишига иқрор бўлганидан кейин уни кечириб юбордилар. Чунки у зот ўзлари учун ўч олмасдилар. Ўзларини сеҳр қилган яҳудий Лабид ибн Аъсомни ҳам жазоламадилар. Унинг сеҳр қилганини Аллоҳ таоло Набийига ваҳий йўли билан билдирган ёки Жаброил алайҳиссалом хабар берган. Расулуллоҳ жазолаш у ёқда турсин, уни маломат қилишдан бош тортдилар[10].

Мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулни ва унга ўхшаганларни бўҳтон ва туҳматлари, қилган қилмишлари учун жазолаганлари йўқ. Уларни ўлдириш керак, деган маслаҳатни берганларга одамлар орасида «Муҳаммад асҳобларини ўлдирмоқда» деган гап тарқалмаслиги учун «Йўқ» дея рад жавоб берганлар. Бунда бир ишни қилганда ортидан ундан ҳам катта зарар келиб чиқса, уни тарк қилиш кераклигига ишора бор.

 

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Аъроф сураси, 199-оят.

 [2] Ибн Жарир Табарий «Тафсир»ида, Абу Шайх ибн Ҳиббон «Макоримул ахлоқ» китобида, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Абуд Дунё, Ибн Мардувайҳ ривоят қилишган.

 [3] Нур сураси, 22-оят.

 [4] Бақара сураси, 185-оят.

 [5] Имом Байҳақий ривояти.

 [6] Нуҳ сураси, 26-оят.

 [7] Бу ҳадисда у зотнинг адолатга ўта қаттиқ риоя қилишлари билан бирга адолат қилмаганларни зиён кўриш ва муваффақиятсизликка учрашдан огоҳлантириш маъноси бор.

 [8] Ҳалим ва кечиримлилик сифатлари билан сифатланинг. Бешафқат, бераҳм бўлманг.

 [9] Имом Байҳақий ривоят қилган. Икки шайхнинг ривоятида қилич тушиб кетиши, Расулуллоҳнинг «Ким сени мендан ҳимоя қилади» деган жумла ва бунга Ғавраснинг берган жавоби келтирилмаган.

 [10] Имом Аҳмад, Насоий ва Байҳақий келтирган ривоятнинг охирида: «То вафот этгунларича бу ишини яҳудийга айтмадилар ва юзига изҳор қилмадилар”, дейилган.

 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ