Саҳобалар

Каъбул Аҳбор

3 йил аввал 3428 siyrat.uz

 

Улуғ олим Каъб ибн Моти Ҳимярий Яманий машҳур тобеинлардан бири бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида яшаган, лекин ўзларини кўрмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин мусулмон бўлган ва Ямандан Мадинага Умар розияллоҳу анҳу даврида келган. У саҳобалардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини ўрганиб, етук олимлардан бирига айланди. Умар, Суҳайб ва бошқалардан розияллоҳу анҳум ҳадис ривоят қилди. Каъб ибн Моти яҳудий китобларини жуда яхши билар, хатосидан тўғрисини ажрата оларди. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Каъбул Аҳбордан сўрадим:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тавротда қандай сифатланганлар?» У шундай жавоб берди: «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Маккада туғилади, Тобага ҳижрат қилади. Мулки Шомда бўлади. Ёмонликка ёмонлик қайтармайди, балки кечиради. Уммати кўп ҳамд айтувчидир, ҳар яхшилик учун Аллоҳга ҳамд айтадилар. Ҳар тепаликда Аллоҳни улуғлайдилар. Аъзоларини ювадилар. Белларигача кийим киядилар. Намозларида саф тортадилар. Масжидларидаги овозлар асалари товушидек. Нидо қилувчиларининг саслари осмон узра эшитилади» (Имом Доримий). Каъб ибн Моти ривоятлари Абу Довуд, Термизий ва Насоийларнинг ҳадис тўпламларидан жой олган. Олимлар унинг илми кўп ва ишонч­ли эканига иттифоқ қилишган. Абу Нуъайм «Ҳулятул авлиё» асарида Каъбул Аҳборнинг баъзи ҳикматларини келтиради: «Уйларингизни Аллоҳ зикри билан нурафшон қилинг, намозларингиздан уйларингиз учун ҳам насиба ажратинг»; «Кам гапириш ҳикматдир. Сукутни лозим тутинг, у яхши тақво, кам юк, гуноҳлардан енгилликдир. Сукутли ва сабрли бўлинг. Аллоҳ таоло сабабсиз кўп кулувчини, мақсадсиз кўп юрувчини ёмон кўради. Чўпон каби ғамхўр, раиятидан хабарсиз қолмайдиган волийни яхши кўради»; «Қуръон ҳикмат нури, илм булоғи ва Раҳмон туширган сўнгги Китобдир»; «Икки ракат нафл намозидаги савобини билганингизда эди, унинг мустаҳкам тоғлар каби эканини кўрган бўлардингиз. Фарз намози эса Аллоҳ ҳузурида бирор киши сифатлай олмайдиган даражада улуғдир». Каъб ибн Моти умрининг сўнгини Шомда ўтказди. Усмон (розияллоҳу анҳу) даврида, 34 ҳижрий йили Ҳимсда 104 ёшида оламдан ўтди.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ