Саҳобалар

Абу Суфён ибн ал-Ҳорис

3 йил аввал 6608 siyrat.uz

Абу Суфён Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир оилада катта бўлган тенгдош, амакиларининг ўғли ва эмикдош эди. Ваҳий келгунига қадар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга  энг яқин дўст ва суянчиқ бўлган. Бу қардошлик сабабли Исломни биринчилардан қабул қилиши керак эди. Бироқ бунинг акси бўлиб чиқди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) даъватни бошлаган кунларидан у Зотга душман бўлиб олди. Кеч бўлса-да Исломни қабул қилди. Бу ҳақда ўзи бундай ҳикоя қилади: «Мусулмонлар Маккага кириб келаётган эди. Мен аёлим ва болаларимга: «Бу ердан тезроқ қочиш керак, ҳозир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ерга келаётганини эшитиб қолдим», дедим. Аёлим эса менга:«Исломни қабул қилиш вақти келмадимикан, сен бир вақтлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўсти эдинг-ку», деди. Бундан таъсирланиб қулим Мазкурга от ва егулик тайёрлашни буюрдим. Ўғлим Жаъфарни олиб Макка ва Мадина ўртасидаги Абвага йўл олдим. У ерга боргач, мени биров таниб қолмасин, деб юзимни беркитдим. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб юзимни очдим. У Зот ўша заҳоти мендан юз ўгириб олдилар. Мен қайта-қайта юзларига қарайвердим. Исломни қабул қилиш учун келган бўлсам-да, бу ҳолатни кўрган мусулмонлар ҳам мендан юз ўгирди. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қарасам, у киши ҳам мендан хафа. Умар ибн Хаттоб ундан баттар жаҳли чиққан. Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга бир ансорни юбордилар. У мусулмонларга етказган зарарларимни юзимга солди. Амаким Аббосга кўзим тушди. – Амаки, Муҳаммад билан гаплашинг, мен Исломни қабул қиляпман, у Зотни кўндиринг, мени кечирсинлар, – дедим. У киши: – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга қарамаяптилар ҳам, мен нима қилай? – деди. Қариндошим Али ибн Абу Толибга ҳам илтимос қилдим. Лекин у ҳам менга ёрдам бера олмади. Мусулмонлар Маккадан тўрт чақирим узоқликдаги Жаҳфада тўхтаганларида ўғлим билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чодирлари олдида туриб олдим. Қанча ҳаракат қилсам ҳам, менга қарамадилар. Шунда: – Мени кечирадими ёки йўқми, ўғлимни олиб бошим оққан томонга кетаман, – дедим. Бу сўзларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишибди. Шундан сўнг чодирдан чиққанларида менга бир назар ташладилар. У Зотнинг жилмайишларини жуда-жуда хоҳлардим. Ўжарлик қилиб кетларидан қолмадим. Амаким Аббос Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга: – Қара, динимиз йўлида ўзини аямасдан курашяпти, кечирақол уни, – деди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам : – Мен уни кечирдим, менга олдин қилган ёмонликларини Аллоҳ ҳам кечирди, – дедилар». Шундан кейин Абу Суфён розияллоҳу анҳу умрини Қуръон тиловат қилиш, Ислом аҳкомларини ўрганиш ва намоз ўқишга бағишлади. У бир гал масжидга кириб кетаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ойша онамиз розияллоҳу анҳога:«Танидингми, амакимнинг ўғли Абу Суфёндир», деб айтдилар.

Азиз ҲАКИМОВ тайёрлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ