Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақом-мартабалари

1 йил аввал 2143 Абдулазиз Мўмин

Кўплаб саҳиҳ ва машҳур хабарлар Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо алайҳиссаломнинг Робблари ҳузуридаги мартабалари юксак, мақомлари олийлигига далолат қилади. Шунингдек, уларда Аллоҳ таоло у зотга хослаб берган икки дунё улуғлиги, иззати, бутун башариятдан алоҳида ажралиб туриш каби хусусиятлар ҳам баён этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон зотининг энг улуғи, Одам болаларининг саййиди, Аллоҳ таолога қурбат борасида уларнинг энг яқини эканида шубҳа йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло халойиқни икки тоифага ажратиб, мени уларнинг яхши тоифасидан қилди. Бу маъно Аллоҳ таолонинг «Ва ўнг тараф эгалари»[1], «Ва чап тараф эгалари»[2] деган сўзларида ифодаланган. Мен ўнг тараф эгалариданман. Мен ўнг тараф эгалари ичида энг яхшисиман. Сўнг икки тоифани уч қисмга ажратди ва мени уч қисмнинг энг яхшиси ичидан танлади. Бу Аллоҳ таолонинг «Ўнг тараф эгалари»[3], «Чап тарф эгалари»[4], «Ва пешқадамлар, пешқадамлар»[5] деган сўзида ўз ифодасини топган. Мен пешқадамларданман ва уларнинг яхшисиман. Сўнг уч қисмни қабилаларга бўлиб, мени энг яхши қабиладан танлаб олди. Бу Аллоҳ таолонинг «...сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик»[6] деган сўзида ифодаланган. Мен Одам болаларининг энг тақводори ва Аллоҳ ҳузурида уларнинг мукаррамиман, фахрланиш йўқ.

Сўнг қабилаларни хонадонларга тақсимлади ва мени энг яхши хонадондан танлаб олди. Бу Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди, эй аҳли байт»[7] деган сўзида ифодаланган»[8].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саҳобалар: «Ё Аллоҳнинг расули, пайғамбарлик сизга қачон вожиб бўлгандеб сўрашди. У зот: «Одам руҳ ва жасад орасидалигида»[9], дедилар. Яъни менга пайғамбарлик вожиб бўлганда Одамнинг жисмига шакл берилиб, унга руҳ киритилиш арафасида эди.

Имом Муслим ва Термизий Восила ибн Асқоъдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Aллoҳ Иброҳимнинг болаларидан Исмoилни танлаб олди. Исмоилнинг болаларидан Бану Kинoнaни тaнлaб oлди. Бану Kинoнaдaн Қурaйшни тaнлaб oлди. Қурaйшдaн Бaну Ҳoшимни тaнлaб oлди. Бaну Ҳошимдaн мени тaнлaб oлди».

Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қайта тирилишда одамлардан (қабрдан) биринчи бўлиб мен чиқаман. Келганларида бошлиқлари мен бўламан. Сукут сақлаганларида хитоб қилувчилари менман. Агар тўхтатилсалар, мен уларнинг шафоат қилувчиси бўламан. Агар ноумид бўлсалар, хушхабар берувчилари мен бўламан. Каромат ва калитлар менинг қўлимда, ҳамд байроғи ўша кунда менинг қўлимда бўлади. Мен Роббим учун Одам болаларининг энг ҳурматлисиман, фахрланиш йўқ».

Имом Термизий ва имом Доримий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен аввалгилару охиргиларнинг энг улуғиман, фахланиш йўқ», деганлар.

Имом Байҳақий, Абу Нуъайм ва Табароний Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Жаброил алайҳиссалом келиб: «Ернинг машриқу мағрибини кўздан кечириб, Муҳаммаддан афзалини кўрмадим. Аҳли байтлар ичида Бану Ҳошимдан афзалини кўрмадим», деди. Бу маънони «Саҳиҳул Бухорий»даги Анас розияллоҳу анҳудан келтирилган мана бу ривоят ҳам қўллаб-қувватлайди: «Исро кечасида келтирилган Буроқ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунмади. Жаброил: «Муҳаммадга шундай қиласанми? Сенга Аллоҳнинг ҳузурида ундан-да мукаррамроқ бирор киши минмаган», деди. Шунда у терга ботди»[10].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ Одамни яратганида унинг пуштикамарида мени ерга туширди. Кемада Нуҳнинг пуштикамарида сақлади. Иброҳимнинг пуштикамарида мени гулханга ташлади. Ундан кейин улуғ оталарнинг пуштикамарларидан покиза оналарнинг раҳмларига кўчирди ва ниҳоят ота-онамдан дунёга келтирди. Улар зинҳор никоҳсиз учрашмаганлар»[11].

Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам беш ёки олти хислат билан хосланганлар[12]. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан икки шайх келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Менга мендан олдин биронта пайғамбарга берилмаган беш (баъзи ривоятларда олти) хусусият берилди: бир ойлик масофадан (душманга) қўрқув солиш билан қувватландим, менга ер масжид ва покловчи қилинди ва қайси умматимга намоз вақти келиб қолса ўқисин, мендан олдин бирор пайғамбарга ҳалол қилинмаган ўлжалар менга ҳалол қилинди, барча одамларга пайғамбар қилиб юборилдим, менга шафоат берилди».

Икки шайх Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: «Қўрқув солиш билан қувватландим, менга жамловчи сўзлар берилди[13], уйқудалигимда менга ер хазиналарининг калитлари келтирилиб, олдимга қўйилди», деганлар. Бошқа ривоятда «Мен юборилганимдан кейин пайғамбарлар келиши тўхтади», деганлар.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Воқиъа сураси, 27-оят.

 [2] Воқиъа сураси, 41-оят.

 [3] Воқиъа сураси, 8-оят.

 [4] Воқиъа сураси, 9-оят.

 [5] Воқиъа сураси 10-оят.

 [6] Ҳужурот сураси 13-оят.

 [7] Аҳзоб сураси, 33-оят.

 [8] Шайх Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад Тамимий санади билан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган.

 [9] Имом Термизий ривояти.

 [10] Уялганидан ва ҳаяжонга тушганидан.

 [11] Ибн Абу Умар Аданий ривояти.

 [12] Имом Аҳмад, Байҳақий ва Баззор Абу Зарр розияллоҳу анҳудан, Табароний, Абу Нуъайм Ибн Умардан, имом Аҳмад, Ибн Абу Шайба, Баззор Ибн Аббосдан ривоят қилишган.

 [13] Қисқа иборалар билан кўп маъноларни ифодалаш.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ