Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хос хусусиятлари. Исро ва Меърож

1 йил аввал 1352 Абдулазиз Мўмин

 Бошқа пайғамбар эмас, фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларигагина хос хусусиятлардан бири Исро ва меърож воқеасидир. Бу воқеа Аллоҳ таоло билан муножот, Аллоҳ таолони қалб билан кўриш, Байтул мақдисда набий ва расулларга имом бўлиш, еттинчи осмондан кейин Сидратул мунтаҳогача[1] чиқиб бориш каби мўъжизаларни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир».[2]

Нажм сурасининг бошида Аллоҳ таоло айтади: «Ботаётган юлдуз билан қасам. Сизнинг биродарингиз адашгани ҳам, йўлдан озгани ҳам йўқ. У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас. Унга шиддатли қувват эгаси ўргатди. Миррат эгаси. Бас, кўтарилди. Ва у олий уфқда эди. Сўнгра яқинлашди ва жуда ҳам яқин бўлди. Бас, икки камон миқдоридай жойда бўлди. Балки ундан ҳам яқинроқ келди ва У Зот бандасига нимани ваҳий қилган бўлса, етказди. Қалб (кўз) кўрганини ёлғонга чиқармади. У билан ўзи кўрган нарса устида тортишасизларми?! Дарҳақиқат, уни бошқа сафар кўрди. Тугаш дарахти олдида. У(дарахт)нинг ҳузурида маъво жаннати бор. Ўшанда, дарахтни ўрайдиган нарса ўраб турибди. Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам. Дарҳақиқат, Роббининг улкан белгиларидан кўрди»[3].

Бу ҳодиса Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий тушишидан ўн олти ой ўтгач, ражаб ойининг йигирма еттинчисида рўй берган. Баъзилар рабиъул аввал ёки рабиъул охир ойида бўлиб ўтган, дейишган. Исро ва меърож бир кечада юз берган. Масжидул Ҳаромдан Байтул мақдисга сайр қилдириш масаласида мусулмонлар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ, чунки бу Қуръони Карим ояти билан собит бўлиб, уни кўплаб ҳадиси шарифлар қувватлайди. Ўшанда Буроқ номли ҳайвон улов вазифасини бажарган.

Имом Муслим ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Менга эшакдан баландроқ, хачирдан пастроқ, туёғини кўзи илғаган жойгача қўядиган узун, оқ улов – Буроқ келтирилди. Байтул мақдисга миниб бориб, уни пайғамбарлар боғлайдиган ҳалқага боғладим. Кейин Масжидга кириб, икки ракъат намоз ўқиб, сўнг чиқдим. Жаброил менга бир идишда шароб, бир идишда сут келтирди. Мен сутни танладим. У менга: «Фитратни танладинг», деди.

Биз осмонга кўтарилдик. «Ким?» дейилди. «Жаброил», деди. «Сен билан ким бор?» дейилди. «Муҳаммад», деди. «У пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди. «У пайғамбар этиб юборилди», деди. Одам билан учрашдим. У менга пешвоз чиқиб, ҳаққимга яхши дуо қилди.

Ундан кейин иккинчи осмонга кўтарилдик. Жаброил уни очишни сўради. «Ким?» дейилди. «Жаброилман», деди. «Ким билан келгансан?» дейилди. «Муҳаммад билан», деди. «У пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди. «У пайғамбар этиб юборилди», деди. Бизга очилди. Бу ерда Яҳё билан Ийсони учратдим. Улар ҳам менга пешвоз чиқиб, яхшиликлар тилашди.

Сўнгра учинчи осмонга келдик. «Ким?» дейилди. «Жаброилман», деди. «Сен билан ким бор?» дейилди. «Муҳаммад», деди. «У пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди. «У пайғамбар этиб юборилди», деди. Мен барча гўзалликнинг ярми ато этилган Юсуф билан учрашдим. У менга пешвоз чиқиб кутиб олди ва яхшилик тилаб дуо қилди.

Сўнгра тўртинчи осмонга келдик. «Ким?» дейилди. «Жаброилман», деди. «Сен билан ким бор?» дейилди. «Муҳаммад», деди. «У пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди. «У пайғамбар этиб юборилди», деди. Идрис билан учрашдим. У ҳам менга пешвоз чиқиб, яхшилик сўраб ҳаққимга дуо қилди. Аллоҳ таоло у ҳақда: «Биз уни олий маконга кўтардик», деган.

Кейин бешинчи осмонга келдик. «Ким?» дейилди. «Жаброилман», деди. «Сен билан ким бор?» дейилди. «Муҳаммад», деди. «У пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди. «У пайғамбар этиб юборилди», деди. Ҳорун билан учрашдим. У менга пешвоз чиқиб кутиб олди ва яхшилик сўраб дуо қилди.

Кейин олтинчи осмонга келдик. «Ким?» дейилди. «Жаброилман», деди. «Сен билан ким бор?» дейилди. «Муҳаммад», деди. «У пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди. «У пайғамбар этиб юборилди», деди. Мусо билан учрашдим. У ҳам менга пешвоз чиқиб кутиб олди ва яхшилик сўраб дуо қилди.

Кейин еттинчи осмонга кўтарилдик. «Ким?» дейилди. «Жаброилман», деди. «Сен билан ким бор?» дейилди. «Муҳаммад», деди. «У пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди. «У пайғамбар этиб юборилди», деди. Байтул маъмурга суяниб ўтирган Иброҳим билан учрашдим. Ҳар куни унга (Байтул маъмурга) етмиш минг фаришта кириб, яна қайтиб келишга улгурмас экан.

Сўнг мени Сидратул мунтаҳога олиб борди. Қарасам, унинг меваси худди катта мешдек, барглари эса филнинг қулоғидек. Қачон уни Аллоҳнинг амридан ўраб олган нарса ўраганда, ўзгариб кетди. Унинг гўзаллигини Аллоҳ яратган бирор нарса таърифлай олмайди.

Аллоҳ менга нимани ваҳий қилса, ваҳий қилди. Бир кеча-кундузда эллик вақт намозни фарз қилди. Мусонинг олдига тушдим. У: «Умматингга Роббинг нимани фарз қилди?» деди. «Менга эллик вақт намоз фарз қилинди», дедим. «Роббингга қайтиб бор ва уни енгиллатишини сўра, умматинг бунга тоқат қила олмайди. Мен Бану Исроилни синаб кўрганман», деди. Мен Унга қайтиб бориб: «Ё Роббим, умматим учун енгил қил», деб сўрадим. Мендан бештасини олиб ташлади. Кейин Мусога келиб: «Мендан бештасини олиб ташлади», дедим. У: «Умматинг бунга тоқат қила олмайди, Роббингга қайтиб бор ва енгиллатишини сўра», деди. Токи «Эй Муҳаммад, бир кеча-кундузда беш вақт намоз, ҳар бир намозга ўнта намоз (савоби), ҳаммаси (беш маҳал)га эса элликта намознинг савоби берилади», демагунича Роббим таборака ва таоло билан Мусо алайҳиссаломнинг орасида бориб келавердим.

Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, амалга ошира олмаса, унга бир яхшилик ёзилади. Ким уни амалга оширса, унга ўн яхшилик ёзилади. Ким бир ёмонликни қасд қилса-ю, амалга оширмаса, ҳеч нарса ёзилмайди. Борди-ю амалга оширса, бир ёмонлик ёзилади.

Тушиб, Мусога хабар бердим. У: «Роббингга қайт ва енгиллатишини сўра», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салллам: «Роббимга қайтиб боравериб, Ундан уялиб ҳам қолдим», дедилар»[4].

Исро ва меърож қиссаси мана шундай саҳиҳ ҳадислар билан собит бўлган. Бунда турли осмонларда бир гуруҳ расуллар билан учрашиш ва умматга беш вақт намознинг фарз бўлиш баёни келтирилган.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 

 

[1] Сидратул мунтаҳо – тугаш дарахти. Бу ном билан аталиши тўғрисида имом Қуртубий тўққиз хил фикрни келтирган. Шулардан машҳурини келтириб ўтамиз. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан нақл қилинган қавлга кўра, у пайғамбарларнинг илми бориб тугагани ва унинг ортидаги нарсаларни билиш уларга ҳам номаълум бўлгани учун шундай аталган. Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, фаришталар ва пайғамбарлар унга келиб тўхтаганлари ва ундан у ёғига ўтолмаганлари учун шундай номланган.

 [2] Исро сураси, 1-оят.

 [3] Нажм сураси, 1–18-оятлар.

 [4] Қози Иёз айтади: «Собит Буноний бу ҳадиснинг Анас розияллоҳу анҳудан келган йўлини яхши деган. Анас розияллоҳу анҳудан бирор ким бундан тўғрироғини келтирмаган. Бошқаларнинг, айниқса, Шарик ибн Абу Намирнинг ундан келтирган ривоятида лафзлар жуда ҳам аралашиб кетган» 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ