Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қиёматда бериладиган фазилатлар

1 йил аввал 1103 Абдулазиз Мўмин

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни бутун инсониятнинг энг афзали ва мукаррами қилиб яратди. Одам болалари ичида саййиди қилди. Ҳамд байроғи у зотнинг қўлларида бўлади. Бу хусусият ва фазилатлар саҳиҳ хабарлар ва собит ривоятлар билан тасдиқланган.

Имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қайта тирилганларида одамлардан (қабрдан) биринчи бўлиб мен чиқаман. (Робблари ҳузурига) келишганда, бошлиқлари мен бўламан. Сукут сақлаганларида сўзловчилари мен бўламан. Агар тўхтатилсалар, мен уларни шафоат қиламан. Агар ноумид бўлсалар, хушхабар берувчилари мен бўламан. Ҳамд байроғи ўша кунда менинг қўлимда бўлади. Мен Роббимга Одам болаларининг энг ҳурматлисиман, фахрланиш йўқ»[1].

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам: «Ер ёрилиб, ундан биринчи мен чиқаман. Менга жаннат либосларидан бир либосни кийдиришади. Сўнг Аршнинг ўнг томонида тураман. Бу мақомда мендан бошқа бирор ким турмайди», дедилар.

 Имом Термизий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «қиёмат куни Одам болаларининг саййидиман, фахрланиш йўқ. Қўлимда «ҳамд байроғи» бўлади, фахрланиш йўқ. Ўша кунда бирор пайғамбар – Одамми ёки бошқасими, менинг байроғим остида бўлади. (Қайта тирилишда) ердан биринчи бўлиб мен чиқаман. Мен шафоати ижобат бўлганларнинг биринчисиман». Бу ривоятлар Набий алайҳиссалом Одам болаларининг саййиди эканликларига далолат қилади.

Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «қиёмат кунида издошлари энг кўп пайғамбар мен бўламан. Жаннат эшигини биринчи бўлиб мен қоқаман», дедилар. Икки «Саҳиҳ»да Анас розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «қиёмат кунида одамларининг саййиди мен бўламан. Бунинг сабабини биласизларми? Аллоҳ аввалгилару охиргиларни жамлайди...», дея шафоат ҳадисини айтдилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда шундай дейилган: «қиёмат кунида Иброҳим ва Ийсо сизнинг орангизда бўлишга рози эмасмисизлар? Улар қиёмат кунида менинг умматим орасида бўлишади. Иброҳим: «Сен менинг дуоим ва зурриётимсан. Мени умматингдан қил», дейди. Ийсо эса: «Анбиёларнинг оналари бошқа-бошқа бўлса ҳам, оталари бир ака-укалардир», дейди. Ийсо менинг биродарим, у билан орамизда бошқа пайғамбар йўқ. Мен унга (яхшилик қилишга) ҳақлироқман».

Олдига арзу шикоятни айтиб, ҳожат сўраб бориладиган улуғ киши саййид саналади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўша кунда башарият орасидаги ягона саййид бўладилар. Бу борада у зот билан ҳеч ким рақобатлашмайди ҳам, бунга даъвогарлик қилишга ҳаққи ҳам бўлмайди. Бутун инсоният Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига шафоат тилаб келади. У зот охират ҳаётида ўзлари талабгор бўлмаган ҳолда уларнинг саййиди бўладилар. Бу саййидлик имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдан маълум. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «қиёмат кунида жаннат эшиги (ёни)га келиб, очишни сўрайман. Хозин (посбон): «Сен кимсан?» дейди. «Муҳаммадман», дейман. У: «Фақат сенга очишга амр қилиндим, сендан олдин бирортага эмас», дейди», – деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзларига хос хусусиятлардан бири одамлар ичиб, баҳра олиши учун у зотга Кавсар дарёсининг ато этилишидир. Икки «Саҳиҳ»да Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳовузим бир ойлик йўл масофасича. Унинг қирғоқлари текис. Суви кумушдан оқ, ҳиди мушкдан хушбўй, кўзалари осмондаги юлдузлар сонича. Ким бир марта ичса, абадул абад чанқамайди», – дедилар ҳовузни таърифлаб.

Ҳавзнинг масофаси қанчалиги имом Муслим Абу Зарр розияллоҳу анҳудан нақл этган ривоятда келган: «Унинг узунлиги Умондан Айлагачадир[2]. Унга жаннатдан икки тарнов[3] шаррос қуйилиб туради». «Саҳиҳи Муслим»даги бир ривоятда: «Унинг кенглиги мана шу турган жойимдан Умонгачадир», дейилган. Ҳавзнинг кенглиги хусусида бошқа ривоятлар ҳам ворид бўлган. Икки шайх Ҳориса ибн Ваҳбдан келтирган ривоятда: «Мадина билан Санъо орасича», дейилган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоятида: «Куфа билан Ҳажарул асвад орасича», дейилган.

 Ҳавзнинг сифати хусусидаги ривоятларнинг турлича бўлиши унинг жуда узун ва кенглигига далолат қилади. Масофа ва ҳудудни баён қилишдан мақсад одамларда тасаввур ҳосил қилиш ва уларнинг тушунишини осонлаштиришдир. Келтирилган ривоятлар Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг барча анбиёлар ва жамики инсонлардан афзал қилинганларини исботлайди. Агар билсак, бу у зотнинг умматларига ҳам буюк шарафдир.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Ибн Заҳлнинг Робиъ ибн Анасдан келтирган ривоятида: «Қайта тирилганларида одамларнинг (қабрдан) энг биринчи чиқадигани менман. (Робблари ҳузурига) келганларида, бошлиқлари мен бўламан. Сукут қилганларида, сўзловчилари менман. Тўхтатилганларида, шафоат қилувчилари мен бўламан. Ноумид бўлсалар, хушхабар берувчилари ҳам мен бўламан. Карам-саховат байроғи менинг қўлимда бўлади. Роббим ҳузурида Одам болаларининг энг ҳурматлиси менман, фахрланиш йўқ. Менинг атрофимда мингта хизматкор айланиб юради. Улар гўёки қўллар тегмаган, садафида сақланган дурга ўхшайдилар», дейилган.

 [2] Қизил денгиз соҳилидаги минтақа. Ҳозирда унинг ўрнида Иорданияга қарашли Ақаба шаҳри мавжуд.

 [3] Имом Муслимнинг Савбон розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятида икки тарновнинг сифати: «Уларнинг бири тиллодан, бошқаси кумушдан», дея баён қилинган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ