Пайғамбар алайҳиссалом васила, фазилат, олий даража ва Кавсар билан афзал қилинадилар

3 йил аввал 3975 Абдулазиз Мўмин

Васила – қурбат ва комиллик мартабаси. Олий даража – энг баланд даража бўлиб, ундан юқорисида бошқа даража йўқ. Фазилат – таърифга сиғмайдиган зиёда хусусият бўлиб, таърифловчилар унинг таърифига ожизлик қилади. Фазилат деганда турли фазилатлар назарда тутилган, десак ҳам хато бўлмайди. Кавсар – кўп яхшиликлар ва беҳисоб инъомлар демакдир. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Менга Кавсар берилди. У Жаннатдаги дарёдир»[1], деганлар.

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз: «Агар муаззин азонини эшитсангиз, унинг айтганларини қайтаринглар, сўнгра менга салавот йўлланглар, чунки ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот йўллайди. Кейин Аллоҳдан мен учун василани сўранглар. У жаннатдаги бир мартаба бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан бирига насиб этади. Ўша банда мен бўлишимни умид қиламан. Ким мен учун васила сўраса, шафоатга ноил бўлади», дедилар. Бу ҳадис фазилатли киши ўзидан кўра мартабаси пастроқ кишилардан дуо сўраши жоизлигига далолат қилади. Шунда дуо қилувчи ҳам, дуо олувчи ҳам бирдай саодатга эришадилар ва бунинг учун Аллоҳ таолодан ажр-савоб оладилар. Мавриди келганда таъкидлаб ўтиш керакки, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш мартабалари беҳад бўлиб, интиҳосини тасаввур қилиб бўлмайди.

Имом Термизий келтирган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Васила – жаннатдаги энг олий даражадир», дедилар. Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан Кавсар тўғрисида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Жаннатда кетаётганимда икки қирғоғи марварид гумбазлардан иборат дарёга дуч келдим. Жаброилдан: «Бу нима?» деб сўрадим. У: «Аллоҳ сенга берган Кавсар – шу», деди. У зот сўзида давом этиб: «(Жаброил) унинг лойига[2] қўл солиб, хушбўй мушк чиқарди», дедилар» деганларини ривоят қилиб келтиради.

Оиша онамиз ва Абдуллоҳ ибн Амрдан келтирилган ривоят ҳам шунга ўхшаш бўлиб, унда: «Ўзани дур ва ёқутдан, суви асалдан ширин ва қордан оқроқдир», деган зиёда жумла учрайди. Бошқа ривоятда: «У ўзани қазилмаган ҳолда оқади. Унинг устида[3] умматим келиб сув ичадиган ҳовуз бор», дейилган.

«Саҳиҳул Бухорий»да нақл этилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Аллоҳ таоло у зотга ато этган яхшиликлар кавсардир», дейди. Саъид ибн Жубайр раҳматуллоҳи алайҳ: «Жаннатдаги дарё ҳам Аллоҳ таоло у зотга берган яхшилик қаторига киради[4]», дейди.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу нақл қилган ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Аллоҳ менга жаннатдан бир дарёни – Кавсарни берди. У менинг ҳовузимга келиб қуйилади», дедилар.

Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим саҳиҳ санад билан «...ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўласан»[5] оятининг тафсирини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: «Бу – тупроғи мушкдан иборат дурдан ясалган мингта қасрдир. Ҳар бир қасрда уни безаб турган нарсалар бор», деб шарҳланганини келтирадилар. Яъни қасрларни безаб, кўркам қиладиган жиҳозлар, хизматкорлар ва ҳурлар бор.

Имом Доримий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло менга Кавсар деб аталган дарёни ато этди. Умматимдан қайси бири ўша Кавсарнинг жилдираган товушини эшитишни хоҳласа, албатта эшитади», дедилар. Мен: «Қандай қилиб?» деб сўрадим. У зот: «Икки бармоғингни қулоқларинг ичига тиқиб, уни ёпиб ол. Қулоғингга эшитилган нарса Кавсарнинг жилдираган товушидандир», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ато этилган бундай олий даражалар ва юксак мартабалар Аллоҳ таолонинг у зотни улуғлаши, умматларини турли мукофотлар билан сийлашига далолат қилади, чунки Пайғамбаримизнинг рисолатлари энг охирги рисолат, камолот чўққиси, ўзгариш, зиёдалик ва нуқсондан ҳимоя қилинган илоҳий ва боқий ваҳийдир. Булар ҳаммаси Аллоҳ таолонинг «Булар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган. Ийсо ибн Марямга ойдин(мўъжиза)ларни бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик» деган сўзига айнан мос тушади. Агар Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло билан мулоқот фазли, Ийсо алайҳиссаломга ўликларни тирилтириш, Аллоҳнинг изни билан беморларни тузатиш ва муқаддас руҳ – Жаброил алайҳиссалом билан қўллаб-қувватланиш каби бетакрор мўъжизалар берилган бўлса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни беҳисоб фазилат ва хусусиятлар билан бошқа пайғамбарлардан афзал қилиб қўйди.

Расулимиз алайҳиссалоту вассаломга жаннатдаги қурбат мақоми – василани, энг юксак даража – олий даражани, жаннатдаги кенг ва суви тотли Кавсарни, таърифига тил ожиз зиёда сифат – фазилатни берган Аллоҳ таолога мақтовлар бўлсин!

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Ҳадиси шарифда зикр қилинган дарёдан ҳовузга сув қуйилади ва у «Ҳавзи кавсар», дейилади. Унинг айрим манбаларда дарё, айримларида ҳовуз дейилиши «Қай бири тўғридеган саволни пайдо қилиши мумкин. Диний адабиётларда келган маълумотлар баъзилар учун ноаниқдек туюлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Зинҳор хулоса чиқаришга шошилмаслик зарур. Масалаларни атрофлича ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш, илм аҳлидан сўраш турли гумонларга боришдан ва адашишдан сақлайди.

 [2] Сув тагида асосан лой бўлгани учун одатга мувофиқ лой деб атаганлар.

 [3] «Унинг устида ҳовуз бор» деганларидан ҳовуздаги сув дарёдан оқиб келиши ва унга қуйилиши тушунилади.

 [4] Кавсар жаннатдаги дарё ёки ҳовуз билан чекланиб қолмайди, балки кўплаб неъматларни ўз ичига олади.

 [5] Зуҳо сураси, 5-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ