Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари афзалликларига далолат қилади

3 йил аввал 23129 Абдулазиз Мўмин

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки исми борлигини зикр қилади. Иккисида ҳам ҳамд маъноси мужассам бўлиб, улар Муҳаммад ва Аҳмад исмларидир. Имом Молик Жубайр ибн Мутъимдан, у отасидан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг бешта исмим бор[1]. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен маҳв (йўқ) қилувчиман. Аллоҳ таоло мен сабабли куфрни маҳв қилади[2]. Мен жамловчиман. Одамлар мендан кейин жамланадилар[3]. Мен ортдан келувчиман»[4], дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом «Аҳмад» – энг кўп мақтовчи, «Муҳаммад» – энг кўп мақталган зотдир. Ҳар иккала исм ҳам мақташ маъносини англатувчи «ҳамд» сўзидан олинган. У зот ҳамд айтувчиларнинг энг улуғи, мақталганларнинг энг афзали ва одамларнинг мақтов борасида беназиридир. Ҳамд маъноси мукаммал ва тўлиқ бўлиши учун қиёмат кунида «ҳамд байроғи»нинг эгаси бўладилар. Халойиқ ичида мақташ сифати билан танилганлар. У зот шафоат қилганликлари учун аввалгилару охиргиларнинг таҳсинига мушарраф бўладилар. Робби у зотга Ўзи ваъда қилганидек мақталган мақомни ато этади. Ўшанда Аллоҳ таоло у зотга оламлардан ҳеч кимга билдирмаган ҳамду сано ва мақтов сўзларини илҳом қилади.

Анбиёларга нозил қилинган аввалги китобларда Пайғамбаримизнинг умматлари «ҳамд айтувчилар» деб номланган[5]. Шундай экан, у зотнинг ўзлари Муҳаммад ва Аҳмад номларига албатта ҳақли ва лойиқдирлар. Бундан ташқари, мазкур исмларда у зотнинг комил сифатлар соҳиби эканларига далолат қилувчи ажойиб хислатлар ва ғаройиб мўъжизалар бор. Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг замонасидан олдин бу икки исмнинг кенг тарқалишини ирода қилмади. Бу ҳам у зотни улуғлашнинг ўзига хос кўриниши эди.

«Аҳмад» исми самовий китобларда ҳам келган бўлиб, ўтган пайғамбарлар бу ҳақда хушхабар беришган. Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила бошқаларни бу ном билан аталиши ва чақирилишига изн бермади, чунки фақат исмга қараб, исм эгасининг ҳақиқати хусусида ўйлаб кўрмайдиган, нубувватнинг маъдани, рисолатнинг манбаи тўғрисида шубҳага борадиган, номлар бир хил бўлса, дарров гумонсирайдиган ақли заиф ва нодон одамларга ҳақ билан ботил аралашиб қолиши мумкин эди.

«Муҳаммад» исми билан на араблар ва на ажамлардан бирор киши аталган. Фақатгина Пайғамбаримиз дунёга келишларидан бир оз олдин Муҳаммад номли пайғамбар чиқар эмиш, деган гап тарқалганда баъзи одамлар «Шоядки, у менинг зурриётимдан бўлиб қолса» деган умидда фарзандларига шу исмни қўйишган. Аллоҳ кимни пайғамбар қилишни ва рисолатини қаерга қўйишни яхши биладиган Зотдир.

Аллоҳ таоло Муҳаммад ёки Аҳмад деб аталган ҳар бир кишини пайғамбарлик даъвосини қилишдан сақлаган. Бундай исмли шахслар қўлида мўъжизалар ҳам рўй бермаган. Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда бу икки исмга далолат қилувчи аломатлар зоҳир бўлганда, бунга у зотдан бошқалар ҳақли эмаслиги тўғрисида ҳеч кимда гумон пайдо бўлмаган. У зотнинг «Мен маҳв (йўқ) қилувчиман. Аллоҳ таоло мен сабабли куфрни йўқ қилади» деган сўзлари умумий маънода айтилган. Бундан Маккаи мукаррама, араб диёрлари ва Исломга кирган юртларда куфр йўқолади, деган маъно назарда тутилган бўлиши мумкин. Ёки у зот келтирган дин ҳамма замонлар ва жойларда барча динларга қарши аниқ ҳужжат ва кучли далиллар келтира олиши билан улардан устун бўлади, деган маънода тушунилса ҳам нотўғри бўлмайди. Чунки бу фикр Аллоҳ таолонинг «...Ўз расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан уни ҳамма диндан устун қилиш учун юборган Зотдир»[6] деган сўзига мувофиқдир.

«Мен жамловчиман. Одамлар мендан кейин жамланадилар», деган сўзларида Ийсо алайҳиссалом тушгандан кейин у зотнинг динларига тобе бўлиб, шариатлари бўйича ҳукм юритилишига ишора бор.

У зот яна «Ортдан келувчи» деб номландилар, чунки у зот яхшиликни маромига етказиш учун барча пайғамбарларнинг энг охиргиси қилиб юборилдилар.

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Менинг ўнта исмим бор»[7], деганлар. Жумҳур уламолар: «Адад ҳужжат бўлмайди», дейишган. Бу ҳадис билан олдин зикр қилинган ҳадис бир-бирига зид эмас. У зотнинг исмлари, сифатлари ва хусусиятлари кўплиги ҳам мақом-мартабалари юксак эканини билдиради, чунки ҳар бир исмнинг ўзига хос маъноси ва ҳар бир сифатнинг ўзи тақозо этган мазмуни бор. Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак исмлари ичида Муҳаммад ва Аҳмад қолган исмларига қараганда жуда ҳам машҳур. Маънолари ва аҳамиятини баён қилиш мақсадида бошқа исмлари билан ҳам ўз ўрнида танишамиз, чунки уларни билиш ва моҳиятини англаш ҳамма учун фойдали бўлади.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Аввалги китобларда ва ўтган умматларнинг олимлари ичида деган маънода. Аслида у зотнинг исмлари кўп.

[2] У зот туфайли дунёда оммавий куфр ва иймонсизлик барҳам топди.

[3] «Қабрдан биринчи бўлиб мен тирилтириламан» маъносидаги ҳадиси шариф шунга далолат қилади.

 [4] Барча пайғамбарларнинг ортидан келувчи ва уларнинг охиргисиман. Мендан кейин пайғамбар келмайди.

 [5] «Сунани Доримий»нинг «Муқаддима»сида Каъб раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган 5-ҳадисга қаралсин

 [6] Тавба сураси, 33-оят.

 [7] Абу Нуъайм «Далоилун-нубувват»да, Ибн Мардувайҳ «Тафсир»ида келтирган.

 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ