Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари

6 йил аввал 2604 Абдулазиз Мўмин

Мўъжиза[1] – бу одатдан ташқари ҳодиса бўлиб, бутун инсоният жам бўлиб ҳаракат қилсалар ҳам амалга ошира олмайдиган ишдир. Аслида ожиз қолдирувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир, лекин У илоҳий ваҳий, пайғамбарликнинг рост эканини исботлаш учун уни набий ёки расулнинг қўлида юзага чиқаради. Одамлар пайғамбарни синагандан кейингина унинг даъвоси тўғри эканига ишонадилар.

Мўъжиза икки турли бўлади. Биринчиси – инсон қудрати даражасидаги мўъжизалар. Яъни Аллоҳ таоло амалга ошириш учун одамларга имконият бериб қўйган ишлардир. Шундай бўлишига қарамай, Аллоҳ таолонинг ҳукми устун келиб, унинг уддасидан чиқа олишмайди. Натижада пайғамбарнинг ростгўйлиги исботланади. Масалан, мушриклар ва бошқалар Қуръон оятларига ўхшаш бирор оят келтиришдан ожиз қолдилар. Бунга сабаб Қуръони Каримнинг фасоҳати ва балоғатининг беқиёслиги, услубининг ғаройиблиги, ибораларининг ўзгачалиги эди. Аввалгиларнинг хабарлари, кейингиларнинг воқеалари, ўтмишда ва келажакда рўй берган ва берадиган ғайбий ишлар унда баён этилган эди.

Иккинчи тури – инсон қудрати етмайдиган мўъжизалар. Яъни инсонлар бу турдаги ишларни қилишдан мутлақо ожиздир. Ийсо алайҳиссаломнинг ўликларни тирилтиришлари, Мусо алайҳиссаломнинг ҳассалари баҳайбат илонга айланиши, Солиҳ алайҳиссалом учун катта харсангтош ичидан туянинг чиқиши, Расулимиз алайҳиссаломнинг бармоқларидан сув оқиб чиқиши, у зотга дарахтнинг тилга кириб, иймон калимасини айтиши ва бошқалар пайғамбарларнинг инсон қудрати етмайдиган мўъжизаларидан саналади. Улар тўғрисида саҳиҳ ва ёрқин ҳужжат-далиллар келган. Ойнинг ёрилиши ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломга берилган катта мўъжиза эди. Бу воқеа ишончли хабарлар ҳамда Қуръони Карим ояти билан тасдиқланган: «Соат (қиёмат) яқинлашди ва ой бўлинди»[2]. Ойни бўлиш фақат Аллоҳ таолонинг қудрати кўринишидир. Буни бошқача қилиб, Пайғамбарининг қўлида юзага чиққан Аллоҳ таолонинг иши деб атаса ҳам бўлади. Инкор қилувчиларни шунга ўхшаш ишни сизлар ҳам қилинглар-чи, деб баҳсга чорлашнинг ўзи уларга кучлари етмаслигини билдириб қўйиш ва ожиз қолдириш ҳисобланади.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари мазкур икки турга тегишли эди. У зот мўъжизаси энг кўп, энг ёрқин ва энг зоҳир бўлган пайғамбар эдилар. У зотга берилган мўъжизаларнинг кўплигидан санаб адоғига етиб бўлмайди. Адади мингта, икки мингта ёки ундан кўп деб белгиланмайди, чунки у зот бир дона сура келтиринглар, деганларида бутун инсонлар ва жинлар ожиз қолишди. Энг қисқа сура Кавсар сурасини олайлик. Унинг ҳар бир ояти фасоҳат чавандозлари ва балоғат пешволарини ожиз қолдирган алоҳида-алоҳида мўъжизалардир. Қуръони Каримдаги бошқа сураларнинг оятлари ҳам худди шундай ожиз қолдириш хусусиятига эга.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари икки қисмдан иборат. Биринчиси – қатъий собит бўлган мўъжизалар. Бундай мўъжизалар бизга ёлғонга келишиб олиш иложи бўлмаган жамоат орқали нақл қилинган. Бунга Қуръони Каримни мисол келтириш мумкин. Расулуллоҳ келтириб, ҳужжат қилганликларида, дунё юзини кўришининг у зот билан боғлиқлигида ҳеч қандай ихтилоф ёки шак-шубҳа йўқ. Ким уни инкор қилса, аниқ нарсани била туриб тан олмаган аҳмоқ саналади. Бунинг ҳукми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёда яшаб ўтганларини инкор этиш билан баробардир. Қуръоннинг мўъжизавий калом экани бир қарашдаёқ ўз-ўзидан маълум бўлади. Буни дўст ҳам, душман ҳам тан олган. Валид ибн Муғийра баъзи оятларни эшитганида: «Албатта, унда ҳаловат бор. Албатта, унда гўзаллик ва кўркамлик бор. Унинг замирида яхшиликлар кўп, усти эса серҳосилдир. У инсон сўзи эмасдир», деган эди.

Қуръоннинг равонлиги, оҳанраболиги, пурмазмунлиги, оятлар назмининг жозибадорлиги, сўзларининг бир-бирига мутаносиблиги, оятларнинг бошланиши ва тугаши юксак балоғат ва фасоҳат даражасида бўлиб, ўзига жалб этиши унинг мўъжиза эканини кўрсатиб туради. Буларни билиш учун ақлни ишлатиш ёки фикр юритиш шарт эмас. У ақлларни ҳайратга соладиган мўъжизавийлиги, тафаккур бойлиги, кенг қамровлилиги ва теран мулоҳаза билан кўзга ташланади. Аллоҳ хоҳласа, буларга алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Биз тарихда машҳур шахслар ва улар ҳақидаги хабарларни иккиланмасдан қабул қиламиз. Масалан, Ҳотами Тойнинг сахийлиги, Антаранинг шижоати, Аҳнаф ибн Қайснинг ҳалимлиги ҳаммага маълум ва машҳур. Чунки уларнинг ҳар бири ҳақидаги хабарлар ўзгаришсиз келган ва шубҳа-гумонга ўрин қолдирмаган. Расулуллоҳнинг айрим мўъжизалари ҳам ана шундай қатъий собит бўлгандир.

Иккинчиси – қатъийлик даражасига етмаган хабарлар билан собит бўлган мўъжизалар. Бу икки турга бўлинади.

Биринчиси саҳоба ва тобеъинлардан иборат кўп ровийлар томонидан ривоят қилинган, муҳаддислар, сийрат аҳллари ва тарихчилар орасида кенг тарқалган машҳур хабарлардир. Бунга у зотнинг бармоқлари орасидан сув оқиб чиқиши, оз таом ва ичимликнинг кўпайиши, заҳарланган қўй гўштининг тилга кириб гапириши ва шунга ўхшаш хабарларни мисол қилишимиз мумкин.

Иккинчиси озчилик томонидан ривоят қилинган хабарлар орқали собит бўлган мўъжизалар. Ровийлари сони аввалгидек кўп бўлмаса-да, лекин уларнинг юз берганига шубҳа йўқдир. У зотнинг олдларига дарахтнинг келишини, тошларнинг салом беришини, олдларида майда тошларнинг тасбеҳ айтишини шунга мисол қилиш мумкин. Бу воқеалар бизларга озчилик томонидан нақл қилинган бўлса-да, бироқ уларнинг маъноси мутавотирлиги эътиборидан қатъий собит бўлган ривоятлар сирасига киради.

Маккада Қурайш кофирлари мўъжиза талаб қилишганда Ойнинг бўлиниши ҳодисаси Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга мўъжиза қилиб берилди. Бу ҳақда Қуръон ояти аниқ хабар берган: «Соат (қиёмат) яқинлашди ва ой бўлинди»[3]. Бундай пайтда гумон тарқатувчиларнинг иғволари, иймонсизларнинг қайсарликлари ва жоҳилларнинг бемаъниликларига аҳамият берилмайди.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 

[1] Мўъжиза сўзи лўғатда «ожиз қолдирувчи ҳодиса» деган маънони англатади.

 [2] Қамар сураси, 1-оят.

 [3] Қамар сураси, 1-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ