Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар орасида

6 йил аввал 2265 Абдулазиз Усмон

      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юрганда худди тепаликдан тушиб келаётган одамдек қадам босардилар. Юришлари ортиқча такаллуф ва кибрдан холи эди. Ўгирилиб қараганда, бутун гавдалари билан бурилардилар. Саҳобалар у зотнинг олд ёки ён томонларида юришар, орқаларидан юришмасди[1]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлиққан кишига табассум билан қарардилар. Шунинг учун Жарир ибн Абдуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон менга йўлиқсалар, табассум билан кўришардилар», – дер эди[2].

Абдуллоҳ ибн Ҳорис эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик сертабассум одамни кўрмадим», – деганлар[3].

Биров Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қўл бериб кўришса, унинг ўзи қўлини олмагунча қўлларини тортиб олмасдилар[4].

Ёш болаларнинг олдидан ўтсалар, уларга биринчи бўлиб салом берар ва уларнинг юзини силар эдилар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳолатни Жобир ибн Самура қуйидагича тасвирлайди:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан пешин намозини ўқидим. Сўнг, у зот ўз аҳлларига чиқдилар. Мен ҳам бирга чиқдим. У зотни болачалар қарши олди. Уларнинг юзларини силай бошладилар. Менинг ҳам юзимни силадилар. Қўлларида ўзгача роҳатни ва атторнинг халтасидан чиққан қўлда бўладиган хушбўйликни топдим».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобия аёлларга ҳам салом бериш ила уларнинг қалбига шодлик киргизардилар. Чунки, саҳобия аёллар: «Аллоҳнинг Расули бизга салом бердилар», – деб хурсанд бўлишарди. Бир куни масжиддан чиқиб кетаётганларида бир гуруҳ аёллар турганини кўрдилар ва уларга қўлларини силкитиб қўйдилар[5].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашмоқчи бўлиб, тўхтатишга уринган одамни ҳурмат қилиб у билан сҳбатлашиш учун тўхтаб турардилар. Гоҳида тўхтатувчи киши аёл ёки чўри бўларди. У зот асло уларнинг дардини тинглашдан ўзларини олиб қочмасдилар.

Шунинг учун Адий ибн Ҳотам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни йўлда бир аёл болачаси билан тўхтатиб узоқ муддат дардини айтганини ва бу камтарликни кўриб: «Аллоҳга қасамки, бу инсон подшоҳ эмас. Агар подшоҳ бўлганда, оддий аёл ва бола билан узоқ муддат гаплашиб ўтирмасди», – деди ва Исломга қалби мойил бўлиб, маълум муддатдан кейин мусулмонликни қабул қилди[6].

Йўлда кетаётганларида хато қилаётган одамни кўриб қолсалар, уни тўғрилардилар.

Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўй терисини шилаётган ёш йигитнинг олдидан ўтдилар. У нотўғри шилаётган эди. Унга: «Терини яхши шилолмас экансан. Четга ўтгин! Мен сенга қандай шилиш кераклигини кўрсатаман», – дедилар ва қўлларини тери билан гўшт орасига киргизиб, куч билан уни шилдилар. Ҳатто қўллари (қўй) қўлтиғигача бориб кўринмай қолди. Сўнг: « Эй бола, терисини мана шундай гўштидан ажрат», – дедилар»[7].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нарса харид қилиш ёки сотиш учун гоҳида бозорга чиқардилар. Бозордан ташқарида ҳам савдо-сотиқ қилардилар. У зотнинг гўзал одобларидан бири – сотиб олганда ҳам сотганда ҳам бағрикенг бўлиш. У зот ҳеч қачон харидорни ёки сотувчини хафа қилмаганлар. Гоҳида нарсаларни савдолашиб,  нархини тушириб ҳам олардилар.

Одамлар билан муомаладаги умумий одоблари хушмуомалалик ва сертабассумлик эди. У зотни кўрган одам яна кўргиси келар, суҳбатлашган одам яна суҳбатлашгиси келарди.


[1] «Муснад Аҳмад», «Табақот Ибн Саъд» ва «Далоилун нубувват» китобларига қаралсин.

[2] «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон», «Сунан Ибн Можа», «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим» ва «Саҳиҳ Бухорий» китобларига қаралсин.

[3] «Зуҳд Ибн Муборак», «Мудоротун нас» ва «Шуъабул иймон» китобларига қаралсин.

[4] «Шамоилун набавий» китобига қаралсин.

[5] «Муснад Ҳумайдий», «Муснад Аҳмад», «Табақот Ибн Саъд» ва «Ал-адаб ал-Муфрад» китобларига қаралсин.

[6] «Аҳодисут тивал Табароний» китобига қаралсин.

[7] «Сунан Насоий», «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон» ва «Сунан Байҳақий» китобларига қаралсин.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ