Дарахтнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга гапириб гувоҳлик бериши

6 йил аввал 2192 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахтнинг гапириб гувоҳлик бериши у зотнинг ажойиб мўъжизаларидан биридир. Бу ҳодиса кўп ривоятларда собит. Албатта, бундай ғаройиб иш пайғамбардан бошқасида юз бермаслигига шубҳа йўқ.

Ҳофиз Абул Қосим Бағавий Мужоҳиддан, у Ибн Умардан ривоят қилади: «Биз бир сафарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Бир аъробий у зотга яқин келди. Шунда: «Эй аъробий, қаерга кетяпсандедилар. У: «Аҳлимга», деди. У зот: «Сен яхшиликни хоҳлайсанми?» дедилар. У: «Нима экан у яхшилик?» деди. У зот: «Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан бошқа илоҳ йўқлиги, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва расули, деб гувоҳлик берасан», дедилар. У: «Айтган гапингга гувоҳ бўладиган бирон киши борми?» деди. У зот: «Манави дарахт», дедилар. Дарахт водийнинг ён тарафидан ерни қўпориб келиб, у зотнинг олдиларида тўхтади. Ундан уч марта гувоҳлик беришни сўрадилар, худди айтганларидек гувоҳлик берди. Сўнг жойига қайтиб борди».

Имом Баззор келтирган ривоятда Бурайда розияллоҳу анҳу айтади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан мўъжиза сўради. У зот унга: «Манави дарахтга сени Расулуллоҳ чақиряпти, деб айт», дедилар. У шундай деб айтди. Дарахт ўнгга-чапга, олдинга-орқага эгилди. Шу маҳал томирлари узилиб кетди. Кейин ерни қўпориб, томирларини судраганча чангитиб келди. Расулуллоҳнинг олдиларида тўхтади. «Сизга салом бўлсин, ё Расулуллоҳ», деди. Аъробий: «Унга амр қилинг, ўсган жойига борсин», деди. Дарахт жойига қайтиб бориб, аввалгидек тик турди. Аъробий: «Изн беринг сизга, сажда қилай», деди. У зот: «Бир инсонни бошқа бир инсонга сажда қилишга буюрганимда аёлни эрига сажда қилишини буюрган бўлардим», дедилар. У: «Қўл-оёқларингизни ўпишимга рухсат беринг», деди. У зот рухсат бердилар».

Имом Муслим келтирган ривоятда Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазойи ҳожат учун кетдилар. Пана қилиб турадиган ҳеч нарса кўринмади. Тўсатдан водийнинг четида иккита дарахтга кўзлари тушиб қолди. Улардан бирининг олдига бориб, шохларидан биттасини ушлаб, Аллоҳнинг изни билан менга бўйсун», дедилар. У худди эгасига осонгина бўйсунадиган, бурнидан нўхта ўтказилган туядек бўйсунди».

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ келтирган ривоятда: «Жинлар у зотга: «Сизга ким гувоҳлик беради?» дейишди. У зот: «Манави дарахт», деб унга: «Кел, эй дарахт», дедилар. У илдизларини судраганча ўзига хос овоз чиқариб келди»[1], дейилган.

Мана шу ривоятнинг ўзи ва унинг маъносига Ибн Умар, Бурайда, Жобир, Ибн Масъуд, Яъло ибн Мурра, Усома ибн Зайд, Али ибн Абу Толиб, Ибн Аббос ва бошқалар иттифоқ қилишган. Улардан эса жуда кўп тобеъинлар нақл қилганлар. Ривоятлар қувватланиб, машҳур даражасига етган.

Ибн Можа, Доримий, Байҳақий келтирган ривоятда Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни маҳзун ҳолатда кўриб: «Сенга бир мўъжиза кўрсатишимни хоҳлайсанми?» дедилар. У зот: «Ҳа», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам водийнинг орқасидаги дарахтга қарадилар. «Ўша дарахтни чақир», деди Жаброил фаришта. Ҳалиги дарахт юриб келиб, олдларида тўхтади. «Энди буюр, қайтсин», деди. У ўз жойига қайтди».

Ибн Исҳоқ ва Абу Нуъайм Абу Умома розияллоҳу анҳудан келтиришича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пахлавон Руконага ҳам худди шундай мўъжизани кўрсатганлар. Яъни чақирганларида дарахт олдларига келган. «Қайт» деганларида жойига қайтиб борган.

Имом Байҳақий Ҳасан Басрийдан келтирган ривоятда шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббига қавмининг (ўлдирамиз деб) қўрқитаётганидан шикоят қилиб, қўрқмасликлари учун бир оят-аломат сўрадилар. Аллоҳ таоло: «Фалон водийга бор. У ерда баҳайбат дарахт бор. Унинг бир шохини чақир, келади», деб ваҳий қилди. Шундай қилдилар. Дарахт ерни чизиб келиб рўпараларида турди. У зот уни Аллоҳ маълум муддат тўхтатиб туриб, кейин: «Келганингдек қайт», деган эдилар, қайтди. У зот: «Қўрқувга ўрин йўқлигини билдим, ё Робб», дедилар»[2].

Имом Бусирий мана шу хабарларга ишора қилиб шундай дейди:

Чақирганида дарахтлар бўйсунган ҳолда

Оёқсиз, тана бирла юриб келар унга.

Имом Бухорий «Тарих» номли асарида, Доримий, Байҳақий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай нақл қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийга манави хурмо дарахтини чақирганимда, келса, мен Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик берасанми?» дедилар. «Ҳа», деди у. Чақирганларида дарахт у зот томон йўл олди ва келди. «Қайт», деганларида жойига қайтди».

Ҳар бир аҳли иймон бу мўъжизаларга ишонади, чунки уларнинг асоси, амалга оширилиши ва жорий қилиниши Аллоҳ азза ва жалланинг қудрати ва ҳукми биландир.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Ҳофиз Аъло бу ривоятни Абу Зуръа мурсал деганини келтирган. Бунинг зарари йўқ, чунки мурсал ривоятлар жумҳур уламолар наздида ҳужжатдир. 

[2] Имом Байҳақий мурсал ҳолда ривоят қилган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ