Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайвонлар билан боғлиқ мўъжизалари

1 йил аввал 1348 Абдулазиз Мўмин

Аллоҳ таоло баъзи пайтларда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг мўъжизалари сифатида инсондан бошқа мавжудот – жамодот, наботот ва ҳайвонот оламини тилга киритган. Юқорида жамодот ва набототнинг сўзлагани келтириб ўтилди. Энди Расулуллоҳнинг ҳақ пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун ҳайвонот оламидан айримлари тилга кириб сўзлагани ҳақидаги хабар ва воқеаларга тўхталиб ўтамиз.

Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан келтирилган ривоятда Оиша онамиз айтадилар: «Бизнинг уйда юрадиган бир қўйимиз бор эди. Расулуллоҳ бўлсалар, қимир этмай, жойида қотиб турар, келиб-кетиб юрмас эди. У зот чиқиб кетсалар, жойидан қўзғалиб, у ёқ-бу ёққа юриб қолар эди».

Бу ривоятдан кўриниб турибдики, уй ҳайвонлари Расулуллоҳ уйда бўлган вақтларида у зотни улуғлаб, ҳайбатларидан ҳурмат сақлаб тўхтаб турар экан.

Имом Аҳмад, Байҳақий ва Баззор келтирган ривоятда Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтади: «Бир чўпон қўйини боқиб юрган эди. Бўри келиб қўйлардан бирига ҳамла қилди. Чўпон бўрига қўйни олдирмади. Бўри итларнинг ўтиришидек ўтириб, чўпонга: «Аллоҳдан қўрқмайсанми, мени ризқимдан айирдинг», деди. Чўпон: «Қизиқ, бўри одамга ўхшаб гапиряпти», деди ҳайрон бўлиб. Бўри: «Сенга бундан ҳам қизиқроғини айтайми? Расулуллоҳ икки Ҳарра[1] орасида одамларга ўтмиш хабарларини айтиб бермоқда», деди. Чўпон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бўлган воқеани сўзлаб берди. Расулуллоҳ унга: «Тур, (бу воқеани) уларга ҳам айтиб бер», дедилар. Сўнгра: «Чўпон рост гапирди», дедилар.

Имом Табароний «Ал-Кабир» номли ҳадис тўпламида Аббос ибн Мирдосдан ривоят қилади. Аббоснинг отаси ўлим вақти яқинлашганда ўғлига: «Ўғлим, Зимор номли бутимизга сиғиниб юр, чунки у фойда келтиради, зарар бермайди», деб васият қилибди. Аббос бир кун бу бут ҳақида ўйлаб кўриб: «Бу бор-йўғи фойда ҳам, зарар ҳам бермайдиган бир тош бўлса», деган фикрга келибди ва баланд овозда: «Эй олий илоҳим! Мени энг тўғри йўл сари бошла», деб нидо қилибди. Шунда бутнинг ичидан: «Зимор ҳалок бўлди. Пайғамбар Муҳаммаддан олдин унга ибодат қилишди. Нубувват ва ҳидоят Ийсо ибн Марямдан кейин унга ўтди...», деган овоз эшитилибди. Аббос бутнинг гапиргани ва Расулуллоҳ ҳақида шеър ўқиганидан ажабланибди. Шунда унинг олдига бир қуш қўниб: «Эй Аббос, бутнинг гапиришидан таажжубланасан-у, нимага ўзингдан таажжубланмайсан? Расулуллоҳ Исломга даъват қиляптилар, сен эса ўтирибсан», дебди. Қушнинг тилга кириб сўзлаши унинг Исломга киришига сабаб бўлган экан.

Имом Аҳмад ва Баззор саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва ансорий бир киши ансорлардан бирининг боғига киришди. Боғда қўй бор эди. Ўша қўй у зот учун таъзим қилди. Абу Бакр: «Сизга таъзим қилишга ундан кўра биз ҳақлироқмиз», дедилар». Яъни у ақлсиз бир жонивор бўлса-да, сизга таъзим бажо келтиряпти. Биз эса сиздан қанчадан-қанча фойда кўряпмиз, нега энди биз сизга таъзим бажо келтирмаслигимиз керак? Аммо бизлар барча ишларимизни сизнинг кўрсатмаларингиз ва изнингиз билан амалга оширамиз, ўзимиз билганимизча эмас.

Имом Баззор ҳасан санад билан келтирган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам боққа кирдилар. Бир туя келиб, у зотга таъзим қилди», дейдилар. Ибн Масъуд, Зайд ибн Арқам ва Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳум ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғор кечасида[2] Аллоҳ дарахтга амр қилди. У ўсиб набийи тарафни беркитди. Иккита кабутарга амр қилди. Улар ғор эшиги оғзида туришди»[3], дедилар.

Бошқа ривоятда: «Ғор оғзида ўргимчак тўр тўқиди», дейилган. Изқуварлар буларни кўргач: «Ғор ичида биров бўлса, иккита кабутар турармиди?» дейишди. Расулуллоҳ уларнинг гапларини эшитиб турардилар. Шундай бўлди-ю, улар кетишди», дейилган.

Имом Абу Довуд келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни мени орқаларига мингаштирдилар. Бир гапни айтиб, уни ҳеч бир инсонга билдирмай, сир сақлашимни тайинладилар. У зот ҳожатлари учун сатрланадиган энг қулай нарса бирор тўсиқ ёки хурмозор эди. Ансорлардан бирининг боғига кирдилар. Қарасалар, бир туя турибди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан нола қилиб, кўзларидан ёш оқизди. Набий алайҳиссалом унинг қулоқлари орқасини силаганларида тинчиди. «Бу туянинг эгаси ким?» дедилар. Ансорлардан бир йигит келиб: «Менман», деди. У зот: «Аллоҳ эга қилиб, қўлингга қаратиб қўйган бу жонивор ҳақида Аллоҳдан қўрқмайсанми? У менга сенинг устингдан оч қолдираётганинг ва ҳаддан ортиқ қаттиқ ишлатаётганингдан арз қилди», дедилар.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Мадинаи мунаввара атрофидаги қора тошли ерлар.

[2] Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилаётганларида. 

[3] Ибн Саъд, Баззор, Табароний, Байҳақий ва Абу Нуъайм ривоят қилишган.

 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ