Камтарликлари

3 йил аввал 2327 Абдулазиз Усмон

Ер юзида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдек камтарин одам ўтмаган ва ўтмайди ҳам. Кўп вақтларини камбағал ва мискин саҳобалар билан ўтказардилар. Саҳобалар билан улардан ажралмаган ҳолда бирга ўтирардилар. Ҳатто, масжидга четдан келган одам: «Ораларингизда Муҳаммад ким?» дер эди.

Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганда ҳурмат қилиш маъносида ўрниларидан тургилари келарди. Лекин у зотнинг буни ёқтирмаганларини билишгани учун туришмасди.

Саҳобаларидан ким меҳмонга таклиф қилса, бой-камбағаллигига қараб ўтирмасдилар. Чақирилган жойга бориб, хонадон соҳибини хурсанд қилардилар.

Касал бўлиб қолган саҳобаларни бориб кўрардилар. Кўринмай қолган саҳобалар ҳақида сриштирар эдилар. Ҳатто масжиднинг атрофини ахлатлардан тозалаб юрадиган ҳабаш аёл кўринмай қолганда, у ҳақида суриштирдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг вафот этгани айтилганда: «Нега менга айтмадингизлар», деб бориб қабрини зиёрат қилдилар ва унга қабри олдида жаноза намозини ўқидилар.

Масжиду Набавий қурилаётганда саҳобалар билан ғишт ташиб ишлардилар. Қанча илтимос қилишмасин, масжид охирига етгунига қадар ишладилар.

Каматаринликларининг ёрқин намоёни бу – у зотнинг тўғри келган уловни миниб кетишлари эди. Гоҳида хачир, гоҳида эшак, гоҳида от, гоҳида эса туя. Ҳеч қачон: «Менга эшак эмас, отни ҳозирланг», демаганлар.

Оналаримизга уй ишларида ёрдам беришлари, кийимларини тикиб, сут соғишлари ва оёқ кийимларини таъмирлашлари энг камтарин инсон эканликларини билдиради.

Бирор марта овқатни айбламаганлари камтарликларига яна бир мисолдир. Ҳеч қачон: «Мен бу овқатни емайман. Менга алоҳида фалончи овқатни пиширинглар», демаганлар.

Хонадонларига кирган одам, у зотнинг нақадар камтарона ҳаёт кечирганларини билиб олади. Уйда оддий бўйра, ичи хурмо барги билан тўлдирилган оддий кўрпа-тўшакдан бошқа нарсани топиш қийин эди. Бу камтарона ҳаёт йўқчилик ва мажбурликдан эмасди. Зеро, у зотга тоғларни тиллага айлантириб бериш таклифи қилинганда, қабул этмаганлар.

Кўчада кетаётганда ўйнаб турган ёш болаларга салом беришлари ҳам камтаринликнинг кўринишидир.

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапираётганларида ҳузурларида турган одам титрай бошлади. Шунда у зот:

«هَوِّنْ عَلَيْكَ ، فَإِنِّي لَسْتُ بِمَلِكٍ ، إِنَّمَا أَنَا ابْنُ امْرَأَةٍ تَأْكُلُ الْقَدِيدَ»

«Қўрқма! Мен подшоҳ эмасман. Мен осиб қуритилган гўшт еб катта бўлган аёлнинг фарзандиман», дедилар[1].

Уйи, жойи йўқ мискин саҳобалар яъни суффа аҳли билан ўтириб овқатланишлари, улар билан суҳбатлашиб ўтиришлари бу зотнинг нақадар камтар инсон эканликларига яна бир мисолдир.

Гоҳида уйи, жойи ва ҳеч вақоси йўқ саҳобани кўрсалар: «Мен сенданман, сен мендан», дер эдилар.

Қуйида гарчи узун бўлсада, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўримсиз саҳобани: «Ҳабибим, мен ундан», деб унинг бошини тиззаларига қўйиб эътибор беришларида у зотнинг камтаринликлари намоён бўлган қизиқ ҳодисани зикр қиламиз:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Жулайбиб исмли саҳоба бўлган. Қорачадан келган, бўйи паст, оддий кийимда, уйи йўқ, егуликка бирор нарса топса ер, бўлмаса рўза тутар, тўшаги ер, ёпинчиғи осмон, ёстиғи эса икки ковуши эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари олдидаги суффада ҳаёт кечирарди.

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан ўтирган эдилар. Жулайбиб розияллоҳу анҳу уларнинг олдидан ўтиб кетаётган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Анави ким биласизларми?» – дедилар. Саҳобаларнинг аксари унинг ҳатто исмини ҳам билишмади. Уйи йўқ, жойи йўқ одамни ким ҳам танирди. Чунки Жулайбибга ўхшаган одамлар кўринмай қолса ёки бир жойга кетиб қолса, ҳеч ким қидирмас, бор йўқлиги билинмасди. Оддий одам эди.

У зотнинг ўзлари: «Бу Жулайбиб», – дедилар. Уни чақириб: «Эй Жулайбиб, уйланмайсанми?» – дедилар. Жулайбиб розияллоҳу анҳу аҳволидан нолимади, мен қийналиб қолганман, деб шикоят қилмади. Бироз қараб турдида:

«وَ مَنْ يُزَوِّجُ جُلَيْبِبًا وَلاَ مَالَ وَلاَ جَاهَ فِي الدُّنْيَا»

«Ё Расулуллоҳ! На моли бор ва на мансаби бор Жулайбибга ким ҳам қизини берарди бу дунёда?» – деди.

Бу ҳолат яна икки марта такрорланди. «Эй Жулайбиб уйланмайсанми?» – деганда, Жулайбиб яна ўша сўзини такрорлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалончи ансорийнинг уйига бор ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга салом айтдилар ва қизингизни менга турмушга берар экансизлар, шуни етказишимни менга тайинладилар», – дегин», – дедилар. Ҳалиги ансорий саҳоба нима дейишга ҳайрон. Қизи ансория аёлларнинг энг гўзали, Жулайбиб эса на моли бор, на чиройи бор, кўримсиз оддий қорачадан келган одам эди.

Жулайбибга қараб: «Қандай қилиб қизимни сенга бераман, на молинг бор ва на ишинг», – деди. Саҳобийнинг аёли ҳам эрига: «Қизимизни мана шу Жулайбибга берамизми?» – деди ва уни ортига қайтармоқчи бўлишди. Шунда оқила, солиҳа, обида қиз:

«كَيْفَ هَذَا! أَوَتَرُدَّانِ رَسُولَ رَسوُلِ اللهِ؟ وَاللهِ إنِّي أجَزْتُ زَوَاجِ»

«Эй Отажон, эй онажон, қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан совчи бўлиб келган кишини қайтарасизлар? Аллоҳга қасамки, мен мана шу инсонга турмушга чиқаман», – деб унга турмушга чиқишга рози бўлди.

Тўй бўлди. Висол кунининг биринчи кечаси яқинлашаётган пайтда жарчи: «Дин ҳимояси учун чиқинглар», – деб нидо қилди. Жулайбиб Мадинадаги энг гўзал, чиройли аёлини энг ширин лаҳзаларда тарк қилиб аскарлар сафига қўшилиб дин ва мусулмонлар ҳимояси учун кетди. Жангда мусулмонлар ғалаба қозонди. Лекин йўқотишлар бўлди. Баъзи саҳобалар ўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жанг майдонига келиб саҳобаларни бирин-кетин қидира бошладилар. Фалончи ўлибди, фалончи ўлибди, деб ўлган саҳобаларни санаб чиқишди. Лекин бирор киши Жулайбибни тилга олмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«ألاَ تَفْقِدُ حَبِيبًا؟»

«Ҳабибни яъни дўстни йўқотмадингизми?» – дедилар. Саҳобалар ҳайрон. Ҳамма вафот этган машҳур саҳобаларни санаб чиқишган эди. Улар: «Ким экан у сиз айтаётган дўст, эй Аллоҳнинг Расулу?» – дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«أَفْقِدُ حَبِيبِي جُلَيْبِبًا»

«Мен дўстим Жулайбибни қидираяпман», – дедилар. Жанг майдонидан Жулайбибнинг жасадини қидириб топдилар. Унинг бошини муборак тиззаларига қўйдилар ва:

«أنْتَ مِنِّي و أنَا مِنْكَ، أنْتَ مِنِّي و أنَا مِنْكَ، أنْتَ مِنِّي و أنَا مِنْكَ»

«Сен мендансан ва мен санданман! Сен мендансан ва мен санданман! Сен мендансан ва мен санданман!» – дедилар. Бирпас туриб бошларини бошқа томонга бурдилар. «Нима учун бошимни бошқа томонга бурганимни биласизларми? – дедилар. Улар: «Йўқ», – дейишди. «Аллоҳга қасамки, Жулайбибнинг ҳурлардан бўлган хотинлари бағрига босиш учун талашиб келаётганини кўрдим. Ва Жулайбибнинг рашки ёдимга тушиб юзимни бошқа томонга бурдим», – дедилар»[2].

Хулоса қилиб айтганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу буюк хулқлари сабабидан жуда кўп инсонлар мусулмон бўлган.



[1] «Сунан Ибн Можа» китобига қаралсин.

[2] «Саҳиҳ Муслим», «Муснад Аҳмад», «Шуъабул иймон» ва «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон» китобларига қаралсин.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ