Шижоат ва жасурликлари

6 йил аввал 2322 Абдулазиз Усмон

Шижоат ва довюраклик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга намуна эдилар.

Бадр кунида мусулмонлар кофирлар билан тўқнашганда, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳимояланиб у зотнинг паналарига ўтиб олишарди[1].

Дин ҳимояси учун бўладиган жангларда ҳам саҳобалар ортга чекинишса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асло ортга чекинмасдилар. Худди шу ҳолат Ҳунайн кунида содир бўлганди.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган:

عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ: قَالَ رَجُلٌ لِلْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَفَرَرْتُمْ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ حُنَيْنٍ؟ قَالَ: لَكِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَمْ يَفِرَّ، إِنَّ هَوَازِنَ كَانُوا قَوْمًا رُمَاةً، وَإِنَّا لَمَّا لَقِينَاهُمْ حَمَلْنَا عَلَيْهِمْ فَانْهَزَمُوا، فَأَقْبَلَ الْمُسْلِمُونَ عَلَى الْغَنَائِمِ وَاسْتَقْبَلُونَا بِالسِّهَامِ، فَأَمَّا رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَمْ يَفِرَّ، فَلَقَدْ رَأَيْتُهُ وَإِنَّهُ لَعَلَى بَغْلَتِهِ الْبَيْضَاءِ، وَإِنَّ أَبَا سُفْيَانَ آخِذٌ بِلِجَامِهَا، وَالنَّبِيُّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «أَنَا النَّبِيُّ لَا كَذِبْ، أَنَا ابْنُ عَبْدِ الْمُطَّلِبْ

 Абу Исҳоқдан ривоят қилинади:

«Бир киши Баро розияллоҳу анҳудан: «Эй Абу Умора, Ҳунайн куни ортга қочганмисизлар?» деб сўради. Баро розияллоҳу анҳу: «Бошқалар чекинган бўлсада, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни ортга қочмадилар. Абу Суфён ибн Ҳорис у зотнинг хачирларини юганидан ушлаб турарди. Мушриклар ўраб олишгач, пастга тушиб:

«Мен ҳақ Набийдирман, эмасдир ёлғон!

Абдулмутталибга эрурман ўғлон!»,

дея бошладилар. Ўша куни одамлар ичида у зотдан шиддатлиси кўринмади», деди.

Мадинада тўсатдан гумбурлаган овоз эшитилиб қолса, ҳамма хонасига кириб кетса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша овоз томонга қараб кетардилар.

Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шижоатларини васфлаб шундай дейди:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, энг саховатлиси ва энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча Мадина аҳли ваҳимага тушди. Одамлар овоз томон йўлга тушдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қаршисидан чиқиб келдилар. Овоз чиққан томонга одамлардан олдин борган эканлар. «Қўрқманглар! Қўрқманглар!» дердилар. У зот Абу Талҳанинг яйдоқ – эгарсиз отида эдилар. Бўйинларида қилич. «Бу (от) денгиз экан», дедилар»[2].

Кураги ерга тегмаган бир полвонни уч марта кетма-кет йиқитгач, ҳалиги полвон Исломни қабул қилди.

Хулоса қилиб айтганда эркакликнинг фахри бўлган довюраклик борасида ҳам пешқадам ва бошқаларга намуна эдилар.

Гарчи бошқа кўплаб сифатлари бўлсада, юқорида санаб ўтилган тўрт сифат рисолатни етказишда энг муҳим рол ўйнаган. Шунинг учун яҳудийларнинг катта олими Зайд ибн Суъна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одобларини кўриб Исломни қабул қилган эди.

Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

«Яҳудийларнинг Зайд ибн Суъна исмли олими бор эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қарз берган эди. Бир куни ўша қарзни талаб қилиб келди ва у зотни кийимларининг ўнг елкасидан тортиб: «Абдулмутталибнинг фарзандлари олган қарзни бермасдан чўзиб юрасизлар. Мен сизларни биламан», деди. Умар розияллоҳу анҳу уни ўзига тортиб жеркиди. Умарнинг бу ишини кўрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Умар! Ҳозир мен билан бу киши сенинг: «Сиз қарзингизни чиройли адо қилинг. Сен эса қарзингни чиройли сўра», дейишингга муҳтож эдик. Бу қўполлигингга эмас. Бу билан фалон жойга бор ва қарзини ошиғи билан ўша ердан олиб бер», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гўзал муомалалари ва ҳалимликларини кўрган Зайд қарзни олиб, Умар билан қайтаётганда:

«يَا عُمَرُ كُلُّ عَلامَاتَ النُّبُوَّةِ قَدْ عَرَفْتُهَا فِي وَجْهِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى الِلَّهِ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حِينَ نَظَرْتُ إِلَيْهِ إِلا اثْنَتَيْنِ لَمْ أَخْتَبِرْهُمَا مِنْهُ : يَسْبِقُ حِلْمُهُ جَهْلَهُ ، وَلا يَزِيدُهُ شِدَّةُ الْجَهْلِ عَلَيْهِ إِلا حِلْمًا ، فَقَدْ اخْتَبَرْتُهُمَا ، فَأُشْهِدُكَ يَا عُمَرُ أَنِّي قَدْ رَضِيتُ بِاللَّهِ رَبًّا ، وَبِالإِسْلامِ دِينًا ، وَبِمُحَمَّدٍ صَلَّى الِلَّهِ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَبِيًّا»

«Эй Умар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига қараганда пайғамбарлик аломатларининг барчасини кўрдим. Фақат икки аломатни синашим қолган эди. Улар: ҳалимлиги, жаҳлидан устун келиши ва қанча жаҳлини чиқарадиган иш қилсанг шунча ҳалимлиги зиёда бўлиши. Шу икки сифатни синаб кўриш учун шундай қилган эдим ва у зотда ушбу икки сифатни ҳам топдим. Эй Умар, Аллоҳни Робб, Исломни дин ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзимга пайғамбар бўлишларига рози бўлдим, деб айтганимга сени гувоҳ қиламан», деди ва бисотидаги бойлигининг ярмини мусулмонларга садақа қилганини эълон қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб шаҳодат калимасини айтди[3].

Бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп. Аксар мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бағрикенгликлари ва саховатларини кўриб мусулмон бўлди.

Хулоса қилиб айтганда юқоридаги тўрт сифат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа барча сифатларини ўзига қамраб оладиган умумий сифатлари эди.


[1] «Муснад Аҳмад» китобига қаралсин.

[2] «Саҳиҳ Бухорий» китобига қаралсин.

[3] «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон» китобига қаралсин.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ