Хулоса ўрнида

6 йил аввал 1896 siyrat.uz

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кундалик ҳаётларини ўқиб қуйидаги хулосаларни чиқаришимиз мумкин:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар кунлари буюк режа ва мақсадларни амалга ошириш билан ўтарди. Башарият тарихида ҳеч ким қила олмаган буюк ишларни мана шунақа камтарона ҳаёт кечириб амалга оширдилар.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг бирор қирраси яширин эмасди. Оилавий ҳаётларидан тортиб, пайғамбарлик ҳаётларининг барча қирраси одамлар кўз олдида ва улар гувоҳлигида ўтарди. Масжидга чиққанда, уйга кирганда, кўчада юрганда, савдо қилганда, харид қилганда, меҳмон кутганда, аҳллари билан ётганда, саҳобалари билан суҳбатлашганда, сафар қилганда ва ҳоказо. Буларнинг барчасида нима дейишлари, нима қилишлари барча хатти-ҳаракатлари, ҳатто ухлаганда қандай ухлашлари, ҳамма ҳаммаси саҳоба ва саҳобиялар кўз ўнгида содир бўларди.

3. Сийрат китобларида келган батафсил маълумотларни ўқиган ҳар бир одам шунга амин бўладики, у ўз пайғамбарини отасидан ҳам, онасидан ҳам кўра кўпроқ танийди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари мана шундай кенг ёритилган.

4. Аввалги-ю охирги гуноҳлари кечирилганлиги ҳақидаги хушхабарни эшитган бўлсаларда, нафақат умматнинг, балки башариятнинг энг кўп истиғфор айтувчиси, энг кўп ибодат қилувчиси ва Аллоҳни энг кўп зикр қилувчиси бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўқиган ҳар бир ўқувчи ўзида ибодат ва тақво қилишга ҳиммат пайдо бўлганини ёки янада зиёдалашганини сезади.

Гуноҳлари кечирилган инсоннинг: «Аллоҳим менинг олдинги ва кейинги, ошкораю яширин, билиб-билмай қилган гуноҳларимни кечир. Сендан бошқа кечирувчи йўқ», деб истиғфор сўрашини билган ҳар бир одам қилган гуноҳларига тавба қилмасдан юрганидан хижолат бўлиб, дарров тавба қилишга киришади.

5. Жанннатга биринчи бўлиб кирадиган ва жаннатнинг энг олий мақомида бўладиган инсон бўлишларига қарамай оёқлари шишиб кетгунча тунлари намоз ўқиб чиқишларини билгач, намозларга бепарво бўлиб юрган ҳар бир инсон Аллоҳга юзланиб ибодатга киришади.

6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доим зикр билан машғул бўлганларини ўқиган китобхон вақтини ғафлатда, зикрсиз ўтказишдан ҳаё қилиб Аллоҳни зикр қилиб юрадиган бўлади.

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларни ўз вақтида адо қилишга қаттиқ эътибор берганларини кўргач, намозларни кечиктириб ёки қазо қилиб ўқишдан ҳаё қилади.

8. Зиммаларидаги масъулиятлари кўп ва оғир бўлишига қарамай оилаларига вақт ажратиб, аёллари билан суҳбатлашиб уларнинг кўнглини кўтарганларини кўрган ҳар бир инсон «Ишим кўп», деб баҳона қилиб оила ва бола чақаларига, уларнинг тарбиясига беътибор бўлишдан ҳаё қилади ва ўзини ўнглаб олиб, аҳли ва бола чақаларига вақт ажратади.

9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг урушганларнинг орасини яраштириш учун ислоҳ ишларига бел боғлаганларини кўрган китобхон, жамиятдаги ён-атрофидаги содир бўлаётган воқеа ва ҳодисларга бепарво бўлмасликни ўрганади. Бировнинг бошига тушган ташвишни ҳал қилишда ўз ёрдамини аямайдиган бўлади.

10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳтож ва бечоралар ҳолидан хабар олишлари ва уларга моддий ёрдам берганларини ўқиган китбхон, қўни-қўшни, маҳалла-куй, хеш-ақроболари орасидаги муҳтож ва кам таминланган оилаларга ёрдам беради.

11. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликларини кўрган ҳар бир мансабдор ва обрўли одам, жамиятдаги оддий одамлар билан алоқага киришиб, улар билан дўстлашиб юришга уринади.

12. Кўрган кишига салом бериб, табассум билан муомала қилганларини ўқиган ҳар бир китобхон, одамлар билан хушмуомалада бўлишни ўрганади.

13. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечиримли ва бағрикенгликларини ўқиган китобхон, одамлар билан аразлашиб юришни тўхтатади.

14. Энг муҳими Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунлик ҳаётларини ёриб беришга уринган ушбу китобни ўқиган ҳар одам, қалбида суюкли зотга нисбатан муҳаббат пайдо бўлганини, илгариги муҳаббати янада зиёдалашганини сезади.

Аллоҳ таолодан барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб яшашни насиб қилишини сўраб қоламиз!

Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад!




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ