Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳимоясида (I)

1 йил аввал 1332 Абдулазиз Мўмин

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни рисолатни адо этиши, омонатни тўлиқ етказиши учун душманлари ёмонликларидан Ўз паноҳида асради. Бу ҳақиқат Қуръони Карим ва суннати набавия билан собит бўлган. Маълумки, маъсумлик пайғамбарларнинг сифатларидан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Моида сурасининг 67-оятида: «Аллоҳ сени одамлардан сақлайди», деган. Яъни Аллоҳ сени одамлардан ҳимоя қилади ва асрайди. Тур сурасининг 48-оятида: «Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен кўз ўнгимиздасан...», деган. Яъни сен Бизнинг ҳифзу ҳимоямиздасан. Зумар сурасининг 36-оятида: «Аллоҳ бандасига етарли эмасми?» деган. Муфассирлар: «Муҳаммад алайҳиссаломнинг душманлари учун Аллоҳ таоло етарли эмасми?» деб тафсир қилишган. Ояти каримада Пайғамбаримизга Аллоҳ таолонинг етарли бўлиши зикр қилинди. Бунда у зот Роббининг эътиборида эканликларига далолат бор.

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уззо номли санамни синдириш учун Холид ибн Валидни юборганларида унинг қўриқчиси: «Эй Холид, сени огоҳлантиряпман. Унда ҳеч ким қайтара олмайдиган катта шиддат, куч-қувват бор», деди. Холид ибн Валид санамнинг бурнини синдириб ташлади. Ўшанда «Аллоҳ бандасига етарли эмасми? Улар сени Ундан бошқа билан қўрқитадилар. Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, уни ҳеч бир ҳидоят қилувчи йўқдир»[1] ояти нозил бўлган экан.

Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз сенга истеҳзо қилувчилардан кифоя қилурмиз»,[2] деган. Анфол сурасининг 30-оятида: «Куфр келтирганлар сени ушлаш, ўлдириш ёки чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла. Улар макр қилдилар ва Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «макр» қилувчиларнинг яхшироғидир», деган.

Имом Термизий келтирган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўриқланар эдилар. «Аллоҳ сени одамлардан сақлайди» ояти нозил бўлганда чодирдан бошларини чиқариб: «Эй одамлар, кетаверинглар. Роббим азза ва жалла мени сақлайди», дедилар.

Абд ибн Ҳумайд келтирган ривоятга кўра, Абу Лаҳабнинг хотини Расулуллоҳнинг йўлларига тиконли шох-шаббаларни ташлар эди. У зот эса улар устидан юмшоқ қумни босгандек бемалол ўтиб кетар эдилар.

Ибн Исҳоқ, Абу Яъло, Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотим келтирган ривоятда Асмо бинт Абу Бакр айтади: «Абу Лаҳабнинг хотинига «Абу Лаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок»[3] ояти нозил бўлгани ҳақида хабар етиб борди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр билан бирга масжидда ўтиришган эди. У қўлида шапалоқдек тош билан келди. Иккалалари олдига яқинлашди. У фақат Абу Бакрни кўрар эди. Аллоҳ унинг кўзини Набийини кўришдан тўсиб қўйди. «Эй Абу Бакр, шеригинг қаерда? Мени масхара қилган эмиш. Аллоҳга қасамки, агар топсам, шу тош билан оғзига ураман», деди. Унинг ёмон нияти амалга ошишига Аллоҳ йўл бермади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни душманлари ёмонлигидан ҳимоя қилиниши у зотнинг ҳаётларида кўп учрайди.

Қурайш кофирлари Дорун-надва деб аталган жойда у зотни ўлдириш режасини тузишди. Бунинг учун турли қабилалардан йиғилган ўн икки нафар бақувват йигитни ёлладилар. Режа бўйича у зотни қатл қилиш учун кечаси тўпланишди. Расулуллоҳ уйларидан чиқиб, уларнинг бошлари тепасида турдилар. Аллоҳ уларнинг кўзларини тўсиб қўйди. Бошларига тупроқ сочиб кетганларини ҳам сезишмади[4].

Ғор воқеаси ва ундаги мўъжизалар: ғор оғзига ўргимчакнинг ин қуриши, икки кабутарнинг қўниб туриши, шу сабабдан қурайшликларнинг чалғиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканликларига далолат қилади.

Шериклари ғорга кирамиз, дейишганда Умайя ибн Халаф: «Нима қиласизлар кириб, ўргимчак тўри турибди-ку. Менимча, у Муҳаммад туғилишидан олдин ҳам бўлган бўлса керак», деди. Ғор оғзида икки кабутар турганини кўриб қурайшликлар: «У ерда биров бўлганда ҳеч қачон кабутар турмасди», дейишди.

Мадина сари ҳижрат пайтида Суроқа ибн Молик билан бўлиб ўтган воқеани ёдга олайлик. Қурайшликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни тутиб келган кишига мукофот[5] тайин қилишди. Суроқа отига миниб, қўлга олиш ниятида йўлга чиқди. Яқинлашганда Расулуллоҳ дуо қилганларида отининг оёқлари тупроққа ботиб кетди ва ўзи йиқилди. Фол очган эди, нохушлик аломати чиқди. Сўнгра отига миниб, яқинлаша бошлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларини эшитди. У зот мутлақо қайрилиб ҳам қарамас, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қараб-қараб қўяр эди. Бир маҳал: «Яқинлашиб қолди», дедилар. Расули акрам: «Хафа бўлма, Аллоҳ биз билан бирга»[6], дедилар. Суроқа миниб келаётган отнинг оёқлари иккинчи марта тиззасигача ерга ботганидан йиқилиб тушди. Ҳар қанча ниқталаса ҳам, оти турарди-ю, лекин олдинги икки оёғини чиқаришга қийналарди. Атроф тутундек чангиб кетди. Суроқа уларга[7] омонлик сўраб нидо қилди. Расулуллоҳ унга омонлик ёзиб беришни амр қилдилар. Суроқа Қурайш кофирлари ва уларнинг тайин қилган мукофотлари ҳақидаги хабарларни етказди. Расулуллоҳ ўзларининг ортларидан тушиб қидириш учун ҳеч кимга имкон қолдирмаслигини унга буюрдилар. У қайтар экан: «Бу тарафда сизлар қидираётганлардан ҳеч ким йўқ», дер эди.

Ибн Исҳоқ, Абу Нуъайм келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилган пайтларида Абу Жаҳл катта тошни олиб келиб, у зотнинг устларига ташламоқчи бўлди. Қурайшликлар нима бўлади, деб кузатиб туришар эди. Бирданига тош унинг қўлига ёпишиб, қўйнида қотиб қолди. Орқасига тисарилганча қайта бошлади. Одамлар нимага қайтганини сўрашганда олдида тўсатдан баҳайбат эркак туя пайдо бўлгани, бунақасини умри бино бўлиб кўрмаганини ва унинг ташланиб, еб қўймоқчи бўлганини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша Жаброил эди. Агар яқинлашганда ташланарди», деганлар.

Имом Самарқандий келтиради: «Бану Муғийрадан бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд қилиш ниятида келди. Аллоҳ таоло унинг кўзини кўрмайдиган қилиб қўйди. У зотнинг овозларини эшитар, лекин ўзларини кўрмас эди. Шерикларининг олдига кўз нуридан айрилган ҳолда қайтди. Улар баланд овозда чақирганларидан кейингина кўра бошлади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари билан Бану Назир яҳудийлари томон чиққанларида уларнинг деворлари соясида ўтирдилар. Амр ибн Жаҳҳош у зотнинг устларидан тегирмон тошини ташлаш учун тезлик билан бир одамни юборди. Набий алайҳиссалом туриб Мадинага йўл олдилар ва боргандан кейин уларнинг ёмон ниятлари ҳақида хабар бердилар. Баъзи муфассирлар «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг. Бир қавм сизга қўл узатмоқчи бўлганида, У уларнинг қўлларини сиздан қайтарган эди. Аллоҳга тақво қилинг. Мўминлар Аллоҳга таваккул қилсинлар»[8] ояти шу воқеадан кейин нозил бўлган дейдилар.

Имом Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқа муфассирлар келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Назир қабиласига келганларида Ҳуяй ибн Ахтоб бошчилигида яҳудийлар у зотни қатл қилиш режасини тузишгани, Жаброил алайҳиссалом бу қабиҳ ниятларини у зотга билдиргани, қазои ҳожат ниятида чиқиб, тўғри Мадинага кириб борганлари, шундан кейин уларни олти кун қамал қилиб, Мадинадан сургун қилганлари, уларнинг Хайбарга кетишгани, юклари олти юз туяга юк бўлгани айтилган.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Зумар сураси, 36-оят.

[2] Ҳижр сураси, 95-оят 

[3] Масад сураси, 1-оят.

[4] Ибн Исҳоқ ва Байҳақий ривояти.

[5] Юзта туя бериш ваъда қилинган.

[6] Аллоҳнинг Ўзи бизга кўмак беради, ёрдамсиз ташлаб қўймайди, деган маънода.

[7] Пайғамбар алайҳиссалом, Абу Бакр Сиддиқ ва Амр ибн Фуҳайра 

[8] Моида сураси, 11-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ