Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фаришталар ва жинлар билан рўй берган воқеалари

1 йил аввал 1679 Абдулазиз Мўмин

Фаришталар ва жинлар иштирокида рўй берган хабарлар, Бадр ва Ҳунайн жангларида Аллоҳ таоло муқарраб малоикаларини юбориб қувватлагани, жинларни итоат эттиргани, асҳобларидан кўплари фаришталар ва жинларни ўз кўзлари билан кўрганлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёрқин мўъжизаларидандир.

Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг икки аёллари – Оиша ва Ҳафса оналаримиз ҳақида: «Агар сизлар унинг (Пайғамбарнинг) зарарига ҳамкорлик қилсангиз, у ҳолда, шубҳасиз, Аллоҳнинг Ўзи ҳам, Жаброил ҳам, аҳли солиҳ мўминлар ҳам унинг ҳимоячисидирлар»[1], деган.

Аллоҳ таоло Анфол сурасининг 12-оятида: «Роббинг фаришталарга ваҳий қилиб: «Мен сизлар билан биргадирман. Бас, иймон келтирганларни саботга унданг!..» деганини эсла», деган.

Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр жангида кофирлар минг, асҳоблари уч юз нафар эканини кўриб, қибла томонга юзланган ҳолда қўлларини кўтариб: «Ё Аллоҳим! Менга берган ваъдангни рўёбга чиқар. Ё Аллоҳим! Агар бу жамоа ҳалок бўлса, ерда сенга ибодат қилинмайди», дея дуо қилавердилар. Ҳатто елкаларидан ридолари тушиб кетди. Абу Бакр: «Роббингизга шунча ўтинганингиз кифоя. У Зот сизга берган ваъдасини албатта рўёбга чиқаради», деди.

Аллоҳ таоло Анфол сурасининг 9–10-оятларида ушбу қатъий илоҳий жавобни нозил қилди: «Роббингизга (ёрдам сўраб) фарёд қилаётганингизда: «Мен сизларга кетма-кет (келувчи) минг нафар фаришта билан мадад берувчидирман», деб (дуоингизни) ижобат этганини эслангиз! Аллоҳ (бу ёрдамни) фақат (сизларга) хушхабар бўлиши ва дилларингиз таскин топиши учун қилди. Ғалаба фақат Аллоҳнинг ҳузуридангина (бўлур). Аллоҳ, албатта, азиз ва ҳаким Зотдир».

Жин қиссаси ҳақида Аллоҳ таоло: «Ҳузурингга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар деб юборганимизни эсла. Қачонки, улар ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим бўлингиз!» дедилар. Бас, қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида қайтдилар. Улар: «Эй қавмимиз! Дарҳақиқат, биз Мусодан олдин нозил қилинган, ўзимиздан олдинги(илоҳий китоб)ларни тасдиқловчи ҳақ ва тўғри йўлган ҳидоят қиладиган бир Китобни (Қуръонни) тингладик», дедилар»[2].

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Дарҳақиқат, у Роббининг буюк аломатларини кўрди»[3] деган оятнинг тафсирида: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломни ҳақиқий суратида кўрдилар. Унинг олти юз қаноти бор эди», деган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро кечасида Жаброил, Исрофил ва бошқа фаришталар билан гаплашганлар. Уларнинг ҳаддан зиёд кўпликларини, айримларининг сурати жуда катталигини кўрганлар. Буларнинг ҳаммаси машҳур хабарлар билан собит бўлган ҳақиқатлардир. Кўп саҳобалар турли жойларда у зот билан ҳамроҳ бўлган пайтларида баъзи фаришталарни кўришган. Масалан, Жаброил алайҳиссаломни Ислом, иймон ва эҳсон ҳақида савол бераётган бир киши суратида кўришган[4].

Усома ибн Зайд[5], Абдуллоҳ ибн Аббос[6] ва Оиша онамиз[7] Жаброил алайҳиссаломни ўзининг хушсуратлиги билан машҳур бўлган саҳобий Диҳятул Калбий қиёфасида кўришган.

Ҳориса ибн Нуъмон Жаброил алайҳиссаломни икки бор кўргани ва у зотнинг салом айтгани, Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалийни фаришта силагани, Ҳанзала ибн Абу Омирни фаришталар ғусл қилдиргани, Расулуллоҳни ҳимоя қилиши учун Ҳассон ибн Собитни Жаброил алайҳиссалом қувватлагани, Саъд ибн Муознинг жанозасига олдин тушмаган етмиш минг фариштанинг тушгани собит бўлган.

Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўзларининг ўнг ва чап томонларида Жаброил ва Микоил фаришталарни оппоқ кийимли икки киши суратида кўрганлари айтилган.

Баъзи саҳобалар Бадр кунида кофирларнинг бошлари учиб кетганини кўришар, лекин зарба бераётганни кўрмас эдилар[8].

Абу Суфён ибн Ҳорис Бадр кунида осмон ва ер ўртасида ола-була отлар устида оппоқ кишиларни кўрганини, уларга бирор нарса бас кела олмаслигини ривоят қилган.

Битта фаришта бутун дунё аҳлини ҳалок қилишга етарли. Жаброил алайҳиссалом Лут алайҳиссалом қавмини қанотининг бир пати билан, Самуд қавмини бир қичқириқ билан ҳалок қилган экан.

Фаришталар Имрон ибн Ҳусойн билан қўл бериб кўришар[9] ва салом берар эдилар[10].

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамза розияллоҳу анҳуга Каъбада ҳазрати Жаброилни кўрсатганларида ҳушларидан кетиб йиқилди[11].

Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кеча тунда бир шайтон намозимдан чалғитиш учун бўшалиб келди[12]. Аллоҳ менга имкон берди, тутиб олдим. Ҳаммангиз кўришингиз учун масжид устунларидан бирига боғламоқчи бўлдим. Бирданига биродарим Сулаймоннинг «Роббим! Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган бир мулк ато этгин»[13] деган дуосини эслаб қолдим. Аллоҳ уни ноумид қайтарди».

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Таҳрим сураси, 4-оят.

[2] Аҳқоф сураси, 29–30-оятлар.

[3] Нажм сураси, 18-оят.

[4] Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар турли йўллар билан ривоят қилишган.

[5] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

[6] Имом Термизий ривояти.

[7] Имом Байҳақий ривояти.

[8] Имом Байҳақий Саҳл ибн Ҳунайфдан ривоят қилган.

[9] Ибн Саъд Қатодадан ривоят қилган.

[10] Имом Муслим ривояти.

[11] Имом Байҳақий Муслим ибн Ясордан мурсал ҳолда ривоят қилган.

[12] Бу жинлардан бири бўлиб, ҳадиснинг лафзи унинг кишанланганига далолат қилиб турибди. 

[13] Сод сураси, 35-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ