Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш вожибдир

6 йил аввал 3873 Абдулазиз Мўмин

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, йўлларига эргашиш Аллоҳ таолонинг қуйидаги амрларига биноан лозим бўлади:

Оли Имрон сурасининг 31-ояти: «Айт: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир»;

Аъроф сурасининг 158-ояти: «Аллоҳ ва Унинг расулига иймон келтирингиз! У (расул) Аллоҳга ва Унинг калималарига иймон келтирадиган саводсиз пайғамбардир. Унга эргашингиз, токи ҳидоят топасиз»;

Нисо сурасининг 65-ояти: «Роббинг ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга сени ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингдан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича, зинҳор (чин) мўмин бўлмагайлар»;

Аҳзоб сурасининг 21-ояти: «Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилган кишилар учун – Аллоҳнинг расулида гўзал намуна бордир».

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ: «Суннатларига эргашиш, сўз ва амалда хилоф қилмаслик Расулуллоҳдан намуна олиш белгисидир», деган.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий «Сен неъмат берганларнинг йўлига»[1] деган оятнинг тафсирида: «Аллоҳ таоло бу оятда Расулуллоҳнинг суннатларига эргашишни амр қилган ва эргашиш эвазига ҳидоятни ваъда қилган, чунки Аллоҳ таоло у зотни одамларни ширк, маъсиятлардан поклаш, Қуръонни таълим бериш, ҳикматни ўргатиш учун ҳидоят, тўғри йўл ва ҳақ дин билан юборди. Бошқа оятда[2] ким нафсидан ғолиб келиб, ҳой-ҳавасдан воз кечиб у зотга эргашса, Аллоҳнинг муҳаббати ва мағфиратига ноил бўлиш хушхабари берилган. Мўминларнинг иймонлари у зотга бўйсуниш, у зот чиқарган ҳукмга рози бўлиш ва эътироз билдирмаслик билан мукаммал бўлади», деган.

Ибн Мунзирнинг тафсирида Ҳасан Басрийдан қуйидагилар келтирилган: «Одамлар: «Ё Аллоҳнинг расули, биз фақат Аллоҳни яхши кўрамиз», деганларида Аллоҳ таоло «Айт: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» деган оятни нозил қилди.

 

Аллоҳнинг бандага муҳаббати деганда Унинг инъоми, ҳимояси ва тавфиқи тушунилади. Банданинг Аллоҳга муҳаббати улуғлаш ва итоатда билинади.

Имом Абу Довуд Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Сизлар менинг суннатим ва тўғри йўлдан борувчи халифалар суннатини лозим тутиб, уни жағ тишларингиз билан тишланглар. Янги пайдо бўлган ишлардан четланинглар. Албатта, ҳар бир янги пайдо бўлган иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир»[3].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен буюрган ёки қайтарган ишлардан қай бири сизлардан бирингизга келса, сўриси устида суяниб «Билмайман, Аллоҳнинг Китобида борига эргашдик», деганингизга дуч келмайин»[4], дедилар. Ушбу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом Қуръони Карим билан бирга суннати набавияга катта эътибор қаратиш кераклигини таъкидладилар, чунки у зот Қуръон аҳкомларини баён қилиш, изоҳлаб бериш учун юборилганлар.

Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат берилган бир ишни қилдилар. Бир жамоа эса ундан ўзини тийди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда Аллоҳга ҳамду сано айтиб: «Қавмга нима бўлдики, мен қилиб турган амалдан ўзини тиймоқда. Аллоҳга қасамки, улардан кўра Аллоҳни мен яхшироқ танийман ва Ундан кўпроқ қўрқаман», дедилар.

Аллоҳни ва сифатларини танишга қараб Унинг азоб-уқубатларидан қўрқув юзага келади. Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичида олимларгина қўрқурлар»[5] деган сўзи шу маънога ишора қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қуръон уни ёқтирмаганларга қийин ва қийинчилик туғдирувчидир. У ҳакамдир. Ким менинг ҳадисимни маҳкам тутса, у(Қуръон)ни тушуниб, ёдласа, (бундай инсон) Қуръон билан келади. Ким Қуръонга ва менинг ҳадисимга бепарво бўлса, дунё ва охиратда зарар кўради. Умматимга менинг сўзимни олиш, амримга итоат этиш, суннатимга эргашиш буюрилган. Менинг сўзимга рози бўлганлар Қуръонга рози бўладилар»[6].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким менинг суннатимга эргашса, у мендандир. Ким менинг суннатимдан бош тортса, мендан эмасдир»[7]. Яъни ким менинг суннатимга амал қилса, у менинг йўлимдадир. Ким ёқтирмаган ҳолда ундан оғишса, у менинг йўлимда эмасдир.

Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўзларнинг яхшиси Аллоҳнинг китобидир. Йўлларнинг яхшиси Муҳаммаднинг йўлидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир»[8], дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Илм уч турлидир. Бошқалари фазилатдир. Улар: муҳкам оят, қоим суннат ва одил фариза»[9]. Яъни асл илмлар учта – очиқ-ойдин баён қилинган, ортиқча изоҳлашнинг ҳожати йўқ оятлар; собит ва доимо амал қилиб келинаётган ҳадислар; тақсимотлардаги одилона ҳукмлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Суннатга мувофиқ қилинган озгина амал бидъат бўлган кўп амалдан яхшироқдир»[10]. Яъни бидъат ишда жидду жаҳд қилгандан кўра, суннатга мувофиқ ҳолатда ўртача амал қилиб борган яхшироқдир.

Имом Табароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келтирган ривоятда шундай дейилган: «Умматим фасодга учраганда суннатимни мустаҳкам тутувчига юз шаҳиднинг ажри бордир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол ибн Ҳорисга: «Мендан кейин ўлдирилган[11] суннатларимдан бирини тирилтирган кишига амал қилганларнинг ажрларидан ҳеч нарса камайтирилмаган ҳолда ажр ёзилади. Аллоҳ ва расулини рози қилмайдиган, залолатга олиб борувчи бидъат пайдо қилган кишига ўша бидъатга амал қилган инсонларнинг гуноҳларидан ҳеч нарса камайтирилмаган ҳолда гуноҳ ёзилади»[12], дедилар.

«Шамоилу мустафо» китобидан


[1] Фотиҳа сураси, 6-оят 

[2] Оли Имрон сураси 31-оят.

[3] Бу ҳадисни Ибн Можа ва Термизий ривоят қилган ва ҳасан-саҳиҳ деган. Имом Муслимнинг Жобир розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятида «Ҳар бир залолат дўзахдадир» деган қўшимча бор.

[4] Имом Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти. Имом Шофеъий Абу Рофиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[5] Фотир сураси, 28-оят.

[6] Абу Шайх, Абу Нуъайм ва Дайламий ривояти.

[7] Имом Абдурраззоқ «Мусаннаф»ида Ҳасан Басрийнинг мурсалларида келтирган.

[8] Қуръон, суннат ва ижмога хилоф бўлган, диний тус берилган, аслида динга алоқаси йўқ бидъат-хурофотлар.

[9] Имом Абу Довуд ва Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилган.

[10] Имом Доримий Ибн Масъуддан, имом Абдурраззоқ Ҳасан Басрийдан мурсал ҳолда ривоят қилган.

[11] Амал қилинмай ёки эсланмай қўйилган суннат амаллар. 

[12] Имом Термизий ривоят қилган ва ҳасан деган. Имом Ибн Можа Амр ибн Авф Музанийдан ривоят қилган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ