Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни чин дилдан яхши кўришга доир намуналар

3 йил аввал 2610 Абдулазиз Мўмин

 Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зот нимани яхши кўрсалар барчасини яхши кўрар эдилар. Салафи солиҳларнинг сийратлари ана шундай эди.

 Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ансорларни яхши кўриш иймон аломатидир. Уларни ёмон кўриш мунофиқлик аломатидир», деганлар. Яъни Мадинаи мунаввара аҳли бўлган ансорийларни яхши кўриш комил иймон аломатидир. Бошқа ҳадисда: «Уларни фақат мўминларгина яхши кўрадилар, мунофиқлар ёмон кўрадилар»[1], деганлар.

 Имом Табароний Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким арабларни яхши кўрса, мени яхши кўрибди. Ким арабларни ёмон кўрса, мени ёмон кўрибди», деган эканлар. Ҳадисдаги араблардан мурод уларнинг мўминлари, тақводорларидир, чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ким Аллоҳ учун яхши кўрса ва Аллоҳ учун ёмон кўрса, унинг иймони мукаммал бўлибди», деганлар. Иймон ва тақво яхши кўриш учун мезон ҳисобланади.

 Ҳар бир мўмин-мусулмон Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳли байтларини, араблар ва ажамлардан иборат саҳобаларини яхши кўриши лозим. Аҳли байтни ёмон кўрганларга саҳобаларни яхши кўриш фойда бермайди. Саҳобаларни ёмон кўрганларга аҳли байтни яхши кўриш ҳам наф келтирмайди. Айрим адашган тоифаларда тарафкашлик ва ажратиш ҳали-ҳануз давом этиб келмоқда.

 Салафи солиҳлар инсоннинг ўз табиатига боғлиқ бўлган мубоҳ ва ихтиёрий ишларда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашар эдилар. Анас розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳнинг ёғоч товоқ атрофидаги қовоқларни қидираётганларини кўрган пайтимдан бери қовоқни яхши кўраман», деганлар.

 Ҳасан ибн Али, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Ибн Жаъфар розияллоҳу анҳум Пайғамбар алайҳиссаломнинг хизматкорлари Салмодан у зот ёқтирган таомни пишириб беришни сўраган эдилар.

 Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо чарм ковушни сариққа бўяб кияр эдилар, чунки Расулуллоҳнинг шундай қилганларини кўрган эдилар.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон кўрган нарсани ёмон кўриш, душман тутганларни душман тутиш, суннатларига хилоф қилган, динларида бидъат пайдо қилганлардан узоқ бўлиш ҳам муҳаббат аломатларидан саналади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг расулига душманлик қилувчиларга дўстлик қилганларини топмассан...»[2]

 Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган, одамларни ҳидоятга бошлаган Қуръонни яхши кўриш у зотга бўлган муҳаббат аломатларидандир. Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан Расулуллоҳнинг хулқлари ҳақида сўралганда: «У зотнинг хулқлари Қуръон эди», деган эди.

 Қуръонга муҳаббатни уни тиловат қилиш, ўрганиш, маъноларини англашга қанчалик аҳамият бериш ва унга амал қилишга қанчалик ҳаракат қилишга қараб билиб олса бўлади. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳматуллоҳи алайҳ: «Қуръонга муҳаббат Аллоҳга муҳаббатнинг аломатидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат Қуръонга муҳаббатнинг белгисидир. Суннатга муҳаббат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатнинг белгисидир. Охиратга муҳаббат суннатга муҳаббатнинг белгисидир. Дунёга муҳаббат қўймаслик охиратга муҳаббатнинг белгисидир. Фақатгина охиратга етиб олиш учун кифоя қиладиган заруратлар билангина чекланиш дунёга муҳаббат йўқлигининг белгисидир», деганлар.

 Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ҳар ким ўзига Қуръондан келиб чиққан ҳолда баҳо берсин. Агар Қуръонни яхши кўрса, шубҳасиз Аллоҳ ва расулини яхши кўради», деганлар. Яъни инсон ўзи ҳақида хулоса чиқаришда Қуръонга муносабатини ҳисобга олсин. Аллоҳнинг каломига нечоғлик боғланганига назар солсин, чунки у барча ишларда адолат ва яхшилик мезонидир.

 Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг умматларига меҳрибон ва шафқатли бўлиш, уларга яхшиликни раво кўриш ва фойда келтирадиган ишлар йўлида саъй-ҳаракат қилиш, зарарларни йўқотиш пайида бўлиш у зотга бўлган муҳаббатнинг аломатидир.

 Пайғамар соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ ва нуқсонсиз муҳаббатнинг аломати дунёда зуҳд қилишдир.

 Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ё Расулуллоҳ! Мен сизни яхши кўраман», деди. У зот: «Айтаётган сўзингга эътибор қил», дедилар. Ҳалиги одам: «Мен сизни шубҳасиз яхши кўраман», деб уч марта айтди. Шунда у зот: «Фақирликка тайёр тур»[3], дедилар.

 

«Шамоилу мустафо» китобидан


[1] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

 [2] Мужодала сураси, 22-оят.

 [3] Имом Аҳмад ва Термизий ривояти.

 

 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ