Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ бўлиш

5 йил аввал 2009 Абдулазиз Мўмин

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ бўлиш деганда у зотнинг панд-насиҳатларини чин дилдан қабул қилиш ва ихлосли бўлиш тушунилади. У зотга нисбатан шундай муносабатда бўлиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги мажбурият саналади, чунки Аллоҳ таоло: «Заифҳолларга, беморларга, харж қилишга нарса топа олмайдиганларга Аллоҳга, расулига содиқ турган бўлсалар, гуноҳ йўқ. Эзгу иш қилувчиларни айблашга йўл йўқ. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир»,[1] деган. Муфассирлар «Аллоҳга, расулига содиқ турган бўлсалар» жумласини «сўз ва амалда Аллоҳга ва расулига ихлосли-муҳаббатли бўлсалар, махфий ва ошкорбарча ҳолатларда иккисига бўйсунсалар» деб тафсир қилганлар.

Бу маънони имом Абу Довуд Тамим Дорийдан келтирган ривоят изоҳлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир. Дин насиҳатдир. Дин насиҳатдир», дедилар. Саҳобалардан айримлари: «Кимга, ё Аллоҳнинг расули?» дедилар. У зот: «Аллоҳга, Унинг китобига, расулига, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммасига», дедилар. Уламолар ҳадисда зикр қилинганларнинг барчасига ихлосли бўлиш ҳар бир мусулмонга фарзи айн деганлар. Ҳадисда келган «насиҳат» сўзи кенг маъноли бўлиб, уни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Ихлосли ва содиқ бўлиш, яхшиликни раво кўриш, фойдали ва муносиб ишни қилиш кабилар унинг маънолари қаторига киради.

Аллоҳга ихлосли бўлиш Уни яккаю ягона деб эътиқод қилиш, Ўзига лойиқ сифатлар билан сифатлаш, Зотига номуносиб сифатлардан поклаш, У яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга рағбат қилиш, Уни ғазаблантирадиган ҳар бир нарсадан узоқ бўлиш, дин ва дунё ишларида амрларини бажариш билан бўлади.

Аллоҳнинг китобига ихлосли бўлиш унга иймон келтириб, амал қилиш, тиловатини чиройли қилиш, оятларини ўқиганда хушуъ-хузуъ қилиш, улуғлаш, калималари ва маъноларини фаҳмлашга интилиш, ғулувга кетганларнинг нотўғри таъвилларидан, худосиз ва динсизларнинг таъналаридан ҳимоя қилиш билан амалга ошади.

Аллоҳнинг расулига ихлосли бўлиш у зотнинг пайғамбарликларини тан олиш, итоат этиш йўлида бор куч-ғайратни ишга солиш, тирикликларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам ҳимоя қилиш, суннатларини тирилтириш ва тарқатиш, у зотнинг муборак хулқлари билан хулқланиш туфайли юзага чиқади. У зотга вафотларидан кейин муҳаббатли бўлиш у зотни қаттиқ яхши кўриш, суннатларини ўрганишга сабр қилиш, динда фақиҳ бўлиш, аҳли байтга ва асҳоби киромга муҳаббат қўйиш, суннатдан бош тортганлардан юз ўгириш, умматларига шафқатли бўлиш, у зотнинг ахлоқлари, сийратлари ва одобларини синчковлик билан ўзлаштириш ва бу йўлда бардошли бўлиш билан амалга ошади.

Имом Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳнинг келтиришича, Саффор номи билан машҳур бўлган Хуросон подшоҳларидан бири Амр ибн Лайсни вафотидан кейин тушда кўришди. Ундан: «Роббинг сенга нима қилди?» деб сўрашди. У: «Мени кечирди. Ҳаётлигимда бир кун тоғ тепасига чиқиб, аскарларимни кузатдим. Уларнинг кўплиги мени ажаблантирди. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бўлиб қолсам-у, у зотга ёрдам берсам деб орзу қилган эдим. Аллоҳ мана шу ниятим учун мени мукофотлади ва мағфират қилди», деди.

Мусулмонларнинг бошлиқларига ихлосли бўлиш ҳақ ва тўғри ишларда уларга итоат этиш, кўмаклашиш, чиройли йўл билан насиҳат қилиш орқали рўёбга чиқади. Аллоҳ таоло: «Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза билан даъват қил»[2], деган.

Шунингдек, бошлиқларга улар бехабар бўлган ишларни билдириш, мусулмонларнинг муаммоларини етказиш, оммани уларга қарши чиқишга гижгижламаслик, низо чиқаришдан қочиш, қалбларда уларга нисбатан норизолик кайфиятини уйғотмаслик кабилар ҳам раҳбарларга яхшиликни раво кўриш жумласига киради.

Мусулмонлар оммасига яхшиликни раво кўриш уларни фойдали ишларга йўллаш, диний ва дунёвий ишларда уларга елкадош бўлиш, сўз ва амал билан ёрдам қўлини чўзиш, ғофилларни ғафлат уйқусидан уйғотиш, жоҳилларга илм-маърифат ўргатиш, муҳтожларга кўмак бериш, айбларини яшириш, зарарлардан қутқариб, фойда келтириш пайида бўлиш билан амалга ошади.

Исломда Аллоҳга, Унинг китобига, расулига, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммасига самимий бўлишнинг асослари шулардан иборат. Бу асослар замирида тинч, осуда ҳаёт кечириш, фаровон жамият барпо этиш, адолат ва ҳақиқатни рўёбга чиқариш ётади.

«Шамоилу мустафо» китобидан 



[1] Тавба сураси, 91-оят. 

[2] Наҳл сураси, 125-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ