Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом айтишнинг ҳукми

6 йил аввал 5559 Абдулазиз Мўмин

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фарзлиги ва унинг фазилати тўғрисида: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом йўллангиз»[1], деган. Яъни Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари Расулуллоҳни мақтаб, улуғлайдилар. Сизлар ҳам, эй мўминлар, у зотга салавот ва салом йўллашингиз лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оятнинг маъноси ҳақида: «Аллоҳ у зотнинг қадрларини зиёда қилади. Унинг фаришталари эса Роббларидан у зотнинг мақомлари юксалишини сўрайдилар», деган.

Мубаррид раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Солат сўзи аслида Аллоҳ тарафидан бўлса – раҳмат, фаришталар тарафидан бўлса – Аллоҳдан марҳамат сўраш маъносида келади», деган.

Умматлари у зот ҳақларига: «Ё Аллоҳ! У зотнинг шаънларини улуғла, ҳужжатларини комил қил, умматларини кўпайтир, динларини зоҳир қил, даражаларини юксалтир», дея дуо қилсалар ҳам яхши бўлади.

Салавот айтиш билан барака сўраш ҳадисларда алоҳида-алоҳида келган. Демак, улар бир-биридан фарқли маъноларга эга. Имом Бухорий, Муслим ва «Сунан» эгалари ривоят қилган ҳадисда қуйидаги салавот келган: «Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад, кама соллайта ъала Иброҳима ва ъала али Иброҳима, иннака ҳамидун мажид.

Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад, кама барокта ъала Иброҳима ва ъала али Иброҳима, иннака ҳамидун мажид».

Маъноси: «Ё Аллоҳ! Худди Иброҳим ва унинг аҳлини раҳмат қилганингдек, Муҳаммад ва унинг аҳлини ҳам раҳмат қилгин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғсан!

Ё Аллоҳ! Иброҳим ва унинг аҳлини муборак этганингдек, Муҳаммад ва унинг аҳлини ҳам муборак этгин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғсан!» Бу намозда ўқиладиган салавотдир.

Аллоҳ таолонинг «...салом йўллангиз» деган буйруғи у зотнинг асҳобларига ва улардан кейин келадиган умматларига қабрлари олдига келганда ва номлари тилга олинганда у зотга салом йўллаш лозимлигини ифодалайди.

«Салом» сўзи мўмин-мусулмонлар кўришганда бир-бирларига айтадиган лафздир. У ҳар қандай офат ва ёмонликдан омонлик тилаш маъносини англатади.

Расулуллоҳга салавот айтиш у зотга иймон келтиргандан кейин гапиришга қодир бўлган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг амри бўлгани учун умрида бир марта фарздир. Қолган пайтларда салавот айтиш мустаҳаб бўлиб, исломий одатларимиз ва аҳли иймоннинг шиорларидан ҳисобланади.

Қози Абу Бакр ибн Букайр Моликий раҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳ таоло у зотга салавот ва салом йўллашни мўминларга фарз қилди. Унинг учун маълум бир вақтни белгиламади. Бундан ҳар бир киши имкон қадар салавотни кўпроқ айтиши лозимлиги келиб чиқади. Бу Аллоҳ таолони зикр қилишга ўхшайди. Зикр ҳақида Қуръонда: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар!»[2] дейилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш савобнинг кўпайишига, Аллоҳ ҳузурида мақом топишга сабаб бўлади. Ким бир марта салавот айтса, зиммасидан фарз соқит бўлиши билан бирга Аллоҳ унга ўн марта салавот йўллайди.

Имом Шофеъий охирги ташаҳҳудда Расулуллоҳга салавот айтишни фарз, ким уни тарк қилса, намозини қайтадан ўқиши шарт деган. Моликийлардан Муҳаммад ибн Маввоз ҳам шу фикрга қўшилган. Уларнинг далиллари Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилган «Ким менга салавот айтмаса, унинг намози йўқдир» деган ҳадиси шарифдир. Ҳанафийлар бу ҳадиснинг маъносини «Намози мукаммал бўлмайди деган маънода» деб изоҳлаганлар.

Кўп ўринларда Расулуллоҳга салавот айтиш мустаҳаб саналади. Намозда ташаҳҳуддан кейин, дуодан олдин салавот айтиш суннатдир.

Имом Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бирингиз намоз ўқиса, аввал Аллоҳга ҳамду сано айтсин. Сўнгра Набийга салавот айтиб, кейин нимани хоҳласа, дуо қилаверсин», деганлар.

Имом Термизий келтирган ривоятда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Дуо ва салавот осмон ва ер орасида осилиб туради. То Набий алайҳиссаломга салавот айтилмагунча ундан бирор нарса (юқорига) кўтарилмайди», деган.

Имом Абдурраззоқ ва Табароний келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Сизлардан кимда-ким Аллоҳдан сўрамоқчи бўлса, У зотга буюклигига яраша ҳамду сано айтишдан бошласин. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллаб, кейин тилагини сўрасин. Шундай қилса, ютуққа эришади», деганлар. Яъни ҳожати раво бўлиб, мақсадига етади.

«Шамоилу мустафо» китобидан 



[1] Аҳзоб сураси, 56-оят.

 [2] Аҳзоб сураси, 41-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ