Пайғамбарлар ҳақидаги шубҳаларни йўққа чиқариш

3 йил аввал 2461 Абдулазиз Мўмин

Қуръони Карим араб тилида нозил бўлгани учун шундай оятлар борки, улардан гапнинг зоҳири ирода қилинмайди. «Ҳаттоки расуллар ноумид бўлиб: «Бизлар ёлғончи бўлдик», деб гумон қила бошлаганларида уларга Бизнинг ёрдамимиз келади»[1] ояти ана шундай оятлар сирасига киради. Яъни пайғамбарлар ўз қавмларининг иймон келтиришларидан умид узганларида эргашган мўминларни ҳам юз ўгирадилар, деб ўйлаб қоладилар, чунки улар издошларига: «Албатта, иймон аҳллари устун бўлади, ғалаба қозонади», деб ваъда берган эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Пайғамбарлар Робблари ҳақида зинҳор бундай гумонга бормайдилар. Оятнинг маъноси бундай: қачонки пайғамбарларга ёлғончига чиқарувчилар устидан ғалаба қилиш муддати кечикканда, иймон келтирган издошлари уларни ёлғончига чиқаришидан хавотир олгандилар. Ана ўшанда уларга илоҳий ёрдам келди».

Изоҳга муҳтож бўлган шунга ўхшаш ҳадиси шарифлар ҳам бор. Масалан, имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадижа онамизга: «Ўзимдан хавотирланиб қолдим», дедилар. Бу сўз фариштани кўрганларидан ва унинг «Сен Аллоҳнинг расулисан» деганидан кейин Аллоҳ берган пайғамбарлик, ҳидоят ва маърифат ҳақида гумонга бориб, ваҳимага тушишни англатмайди, балки фаришта билан мулоқот қилиш, ваҳий юкини кўтаришга қувватлари етмаслигидан қўрқишни ифодалайди.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уйқуларида ўнгидан келадиган тушларни кўрсатиб ваҳийни қабул қилишга тайёрлаган эди. Имом Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийдан биринчи бошланган нарса рост туш эди. Сўнгра у зотга то ҳақ келгунча ёлғиз қолиш яхши кўрсатилди», дейилган.

Хадижа онамиз розияллоҳу анҳо Жаброил алайҳиссаломнинг шахсиятлари ҳақида аниқ тасаввурга эга эдилар. Ибн Исҳоқ келтирган ривоятда Хадижа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳга: «Эй амакимнинг ўғли! Соҳибингиз (Жаброил алайҳиссалом) келганда менга хабар бера оласизми?» деди. У зот: «Майли», дедилар. Жаброил алайҳиссалом келганда, «Келди» деб хабар бердилар. Хадижа розияллоҳу анҳо у зотга: «Ёнимда ўтиринг», деб рўмолларини ечиб ўтирди. У зот ёнларига келиб ўтирдилар. Жаброил алайҳиссалом кирмадилар. Хадижа розияллоҳу анҳо: «Бу шайтон эмас. Шубҳасиз бу фариштадир. Эй амакимнинг ўғли! Собитқадам бўлинг ва шодланинг», деди.

Хадижа онамиз бу ишлари билан Расулуллоҳни синашни мақсад қилганлари йўқ, балки ўзининг иймонини қувватлаб, хотиржамлик ва қаноат ҳосил қилди. Эътиқодда аниқ ҳужжатга эга бўлди.

Қавми ёлғончига чиқарганда Аллоҳ таоло расулига тасалли бериб, марҳамат кўрсатди. Ўзига ўзи раҳм қилишини буюриб: «Улар бу сўзга иймон келтирмасалар, эҳтимол, уларнинг ортидан таассуф ила ўзингни ҳалок этмоқчи бўларсан»[2], деган.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбим қопланадиган ҳолат бўлади ва ҳар куни Аллоҳга юз марта истиғфор айтаман», дедилар. Яъни ҳадисда Аллоҳ таолонинг зикрида мукаммал ва бенуқсон бардавом бўлишдан қалбнинг бурилишини ўз мақомларидан келиб чиқиб ана шундай баён қилганлар. Бу ўринда «қалбим қопланади» деганда васваса ёки қалбларига тушган гумон тушунилмайди. Гоҳида Аллоҳнинг зикрида мудом туришдан қалб чалғиши мумкин. Албатта, бу маънони «Яхшиларнинг яхшиликлари муқаррабларнинг гуноҳлари билан тенг» деган ҳикматли сўз қабилидан деб билмоқ керак. Бу дегани банданинг қадри Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанча юксалса, унинг масъулияти ва Робби олдидаги мажбуриятларига эътибори шунчалик ошиб бораверади. Ҳадисда зикр қилинган «қопланиш» сўзи қалб зикрида бардавом бўлган ҳолда тил зикрида юз берган камчилик бўлса ажаб эмас, чунки у зот ҳожатдан чиққанларида «Ғуфронака – мағфират қилишингни сўрайман», дер эдилар. Негаки хало жой зикрга муносиб ўрин эмас. Мана шу вақтда қўлдан бой берилган тил зикрини мазкур калима билан тўлдирар эдилар. Уни гуноҳ ёки хато қилганлари учун эмас, балки комиллик мартабасига лойиқ бўлиш учун айтганлар. Зеро, у зот Аллоҳнинг ҳузурида мақоми энг юксак, даражаси энг олий, маърифати энг мукаммал зотдир. Қалблари ва бутун вужудлари Аллоҳ билан машғул бўлишда камчилик рўй бериши эҳтимоли сабабли истиғфор айтар эдилар.

«Аллоҳ хоҳлаганида, уларни ҳидоятга жамлаган бўлар эди. Ҳаргиз жоҳиллардан бўлма»[3] деган мазмундаги оятга келсак, бу мақсадга етиш йўлида сабот кўрсатиш, ҳаракат ва сабрга чорлаш маъносидадир. Унда нотўғри эътиқодда бўлганларга ҳақ йўлдан адашган, залолатга кетган, рушду ҳидоятдан маҳрум деган маънодаги киноя ҳам яширинган. «Аллоҳ хоҳласа, уларнинг барчасини ҳидоятга солиб қўйишини билмайдиган кимсалардан бўлма» деган маъно ирода қилинмаган, чунки Пайғамбар алайҳиссалом буни билмасликлари асло мумкин эмас. Бу Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломга «Ўзинг билмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан»[4] деган сўзига ўхшайди. Бу оятда «Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканлигини билмайдиган нодонлардан бўлма» деган маъно назарда тутилмаган. Пайғамбарларга нисбатан бу мутлақо тўғри келмайди, чунки ўтган оятда Нуҳ алайҳиссаломнинг тилларидан очиқ-ойдин «Албатта, Сенинг ваъданг ҳақдир» деган сўз айтилган. Пайғамбарларга Аллоҳ таолонинг насиҳат қилишидан мақсад ҳеч бир ишда жоҳил ва нодонларга ўхшамасликларидир. Икки оятда ҳам уларда жоҳиллик сифати мавжудлиги, уни йўқотиш кераклиги назарда тутилмаган.

Шу ва шунга ўхшаш оятларни тушунишдаги мавҳумлик ва чалкашликларни изоҳлаш диний, илмий ва адабий жиҳатдан вожибдир. Шу билан бирга, бу пайғамбарликдан кейин улардан шак-шубҳа, гумон, иккиланиш, тараддудланиш қатъий содир бўлмаслигини тақозо қилувчи тамойил ҳамдир.

Шу ўринда бир савол туғилади: «Нима учун Аллоҳ таоло бир неча оятларда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни хато ва камчиликдан ҳимоя қилинганликларига зид ишлардан огоҳлантирган?»

Масалан, Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 65-оятида: «Агар ширк келтирсанг, амалинг беҳуда кетади ва зиён кўрувчилардан бўлиб қоласан», Юнус сурасининг 106-оятида: «Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилма. Агар қилсанг, унда албатта золимлардандирсан», Исро сурасининг 75-оятида: «У ҳолда Биз сенга дунё(азоби)ни ҳам, ўлим(азоби)ни ҳам икки ҳисса тоттирган бўлар эдик. Сўнгра ўзинг учун Бизга қарши ёрдамчи топа олмас эдинг», Ҳаққо сурасининг 44–45-оятларида: «Ва агар у Бизнинг (номимиздан) баъзи ёлғон сўзларни тўқиса, албатта Биз уни қудрат билан тутамиз», Анъом сурасининг 116-оятида: «Агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирурлар», Шуро сурасининг 24-оятида: «Агар Аллоҳ хоҳласа, қалбингни муҳрлаб қўяр», Аҳзоб сурасининг 1-оятида: «Эй Пайғамбар! Аллоҳга тақво қил ва кофиру мунофиқларга итоат этма!» деган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига зид иш қилиши, ширк келтириши, ёлғон тўқиши, адашиши, қалби муҳрланиши, кофирларга итоат этиши зинҳор мумкин эмас ва тасаввур қилиш жоиз бўлмаган ишлардир. Булар бошқаларга қилинган хитоблар бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг руҳиятини кучайтириш, пайғамбарликни етказишда бардавом бўлишга ундаш вазифасини бажаради. Агар бу мурожаатлар мажозан у зотга қаратилган деб фараз қилинган тақдирда ҳам, умматни ғафлат уйқусидан ўйғотиш учун киноя маъносини ифодалаган бўлади.

«Шамоилу мустафо» китобидан 



[1] Юсуф сураси, 110-оят.

[2] Каҳф сураси, 6-оят.

[3] Анъом сураси, 35-оят. 

[4] Ҳуд сураси, 46-оят.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ