Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ростдир

5 йил аввал 2762 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин ва шариат аҳкомларига оид барча сўзлари рост ва ҳақдир, чунки у зотнинг ростгўйликларини ёрқин далиллар, қатъий ҳужжатлар ва кўпдан-кўп очиқ-ойдин мўъжизалар исботлаб турибди. Аллоҳ таолонинг амрларини етказишда Расулуллоҳ алайҳиссалом хатодан холи бўлганликларига мусулмон уммати ижмо қилган. У зот диний ҳукмларни етказишда қасддан ҳам, адашиб ҳам, билиб ҳам, билмай ҳам хатога йўл қўйишдан маъсум – ҳимоя қилинган.

Ваҳийни атайлаб нотўғри етказишни мутлақо тасаввур қилиб бўлмайди, чунки бу ёлғон гапириш ҳисобланади. Пайғамбарлар эса ёлғондан маъсумдир.

«Адашиб нотўғри етказиш эҳтимоли юз бериши мумкинми», деган хаёлга борилса, бу ҳам мутлақо бўлиши мумкин эмас, чунки пайғамбарлар кўрсатган мўъжизалар буни инкор этади. Улардан хато содир бўлмаслигида шак-шубҳа йўқ. Шариатни, Роббининг айтганларини, ўзларига ваҳий қилинган хабарларни пайғамбарлар қасддан ҳам, янглишиб ҳам, хурсанд пайтларида ҳам, ғазабланган вақтларида ҳам, соғ чоқларида ҳам, бемор бўлганларида ҳам нотўғри етказишлари эҳтимолдан йироқ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: «Мен: «Ё Аллоҳнинг расули, сиздан нимани эшитсам, ҳар бирини ёзаверайми?» дедим. У зот: «Ҳа, мендан эшитган ҳар бир нарсангни ёзавер», дедилар. Мен: «Хурсандчилигу ғазаб пайтида ҳамми?» дедим. У зот: «Ҳа, чунки мен бундай пайтларда ҳам фақат ҳақни гапираман»[1], дедилар. Яъни Роббим мени сўз ва амалда хато қилиш ва адашишдан сақлаган.

Чиндан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари мўъжиза экани ўз исботини топди. У зот бутун умрлари давомида фақат ҳақни сўзладилар ва ҳақни етказдилар. Зеро, у зот омонатдорлик, диёнат ва ахлоқ мусаффолигида мукаммал даражада эдилар. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳам бу ҳақиқатни таъкидлайди: «У ҳаводан сўзламас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас»[2]. Нисо сурасининг 170-оятида: «Эй одамлар! Батаҳқиқ, сизларга Роббингиздан ҳақ ила пайғамбар келди», деган.

Пайғамбар алайҳиссаломдан воқеликка зид хабар содир бўлиши мумкин эмас. Агар янглишиши ёки хато қилиши мумкин бўлганда у зот келтирган хабарларнинг бошқаларникидан фарқи бўлмай, ҳақ билан ботил аралашиб кетар эди. Расулуллоҳнинг шариатни етказишда хатодан холи эканликлари шак-шубҳасиз бўлиб, бу ақлий ва нақлий далиллар билан ўз тасдиғини топган.

Аллоҳ таоло махфий ва ошкор нарсаларни билувчи Зот. Агар Пайғамбар алайҳиссалом ваҳийдан бирор нарсани яширганларида, Аллоҳ уни фош этарди. Одамнинг яшаш тарзи, одоб-ахлоқи ўзининг эътиқодига мувофиқ бўлиши зарур. Сўз билан амал орасидаги уйғунлик бузилса, ният нотўғри бўлса, кўп ўтмай ҳаммаси фош бўлади, чунки инсон ўзи ва бошқаларга манфаат келтириши учун илоҳий кўрсатмаларга аввал ўзи бўйсуниши, сўзи ва амали бир-бирига мос келиши воқеликнинг ҳам, келажакнинг ҳам талабидир. Акс ҳолда ё ўша вақтнинг ўзида, ёки бир оз фурсат ўтиб, барчаси аён бўлади. Тўғри тўғрига, нотўғри нотўғрига ажралади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин замонлар оша келаётган абадий, илоҳий дастурдир. Мустаҳкам асосларга эга бўлмаган, ёлғон ва сохтакорлик аралашган нарса узоқ давом этмаган. Умри боқий бўлиш учун хабарлар соф ҳолатда нақл қилиниши керак. Шундагина хабарнинг мазмуни умматга етиб, нақл қилинган маълумотнинг тўғрилик даражаси, ёлғон ёки уйдирмалиги аниқланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари баён қилиш ва етказишдир. Бу вазифани ростгўй бўлмай туриб, унга жиддий қарамасдан адо этиб бўлмайди. Пайғамбарнинг сўзлари ваҳий орқали нозил қилинган шариат кўрсатмаларининг мазмун-моҳиятига тўлиқ мувофиқ келиши лозим.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

[2] Нажм сураси, 3–4-оятлар.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ