Пайғамбарларнинг инсоний ҳолатлари

5 йил аввал 2535 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбарлар (алайҳимуссалоту вассалом) бошқа одамлар каби башардир. Улар ҳам зоҳирда одамлар дуч келган ҳолатларга дуч келадилар. Хурсандлик, хафалик, оғриқни ҳис қилиш, бемор бўлиш, ғам чекиш, вафот этиш ва бошқа ҳолатларни бошдан кечиришлари уларга нуқсон ҳисобланмайди.

Аллоҳ таоло ер аҳли учун замон ҳодисалари, ғам-ташвиш, машаққат, тириклик, ўлим, қайта тирилишни тақдир қилган. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бемор бўлганлар, очлик ва ташналикни ҳис этганлар, иссиқ ва совуқда қолганлар, ғазабланганлар, безовта бўлганлар, машаққат чекканлар, қийналганлар, кексайганлар, кучсизланганлар, уловларидан йиқилганлар, бошлари ёрилган, тишлари синган, заҳар берилган, суиқасд қилинган, сеҳрланган, даволанганлар, қон олдирганлар, жин ва инсонларнинг ёмонлигидан паноҳ сўраганлар, вафот этганлар. Ҳар бир тирик жоннинг вафот этмасдан бошқа чораси йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фоний дунёдан боқий дунёга – Аллоҳнинг ҳузурига риҳлат қилдилар. Имтиҳон ва синов ҳовлисидан қутилдилар.

Буларнинг ҳаммаси башарлик аломатлари бўлиб, инсон зоти уларга йўлиқмасдан иложи йўқ. Бошқа пайғамбарлар ҳам бундай синовларни бошларидан кечирганлар. Пайғамбарлар тарихидан биламизки, Яҳё алайҳиссаломни қатл қилишди, Иброҳим алайҳиссаломни гулханга ташлашди, Закариё алайҳиссаломни арралашди.

Айрим пайғамбарларни Аллоҳ бундай синовларга дучор қилмади. Яҳудийлар Ийсо алайҳиссаломни қатл қилишга келишиб, биргаликда ҳаракат қилишди. Аллоҳ таоло у зотни Ўз ҳузурига кўтариб, макр-ҳийлаларидан сақлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам одамлардан ҳимоя қилиндилар. Абдуллоҳ ибн Қумайъа Уҳуд жангида у зотнинг ёноқларини яралади, лекин ниятига ета олмади. Даъват қилишга борганларида Аллоҳ таоло у зотни тоифликларнинг, Мадинага ҳижрат қилиш пайтида Макка мушрикларининг кўзларидан тўсиб қўйди. Уларнинг тузоғига туширмади. Ғаврас ибн Ҳориснинг қиличидан, сажда қилганларида бошлари устидан катта бир тошни ташлаб, ҳалок қилмоқчи бўлган Абу Жаҳлдан, қурайшликларга тутиб бермоқчи бўлган Суроқ ибн Моликдан, ҳалок қилишга уринган Лабид ибн Аъсамнинг сеҳридан, янг ёмони Хайбарда яҳудий аёлнинг заҳарлашидан нажот берди. Бундан бошқа қанчадан-қанча тазйиқлар ва ғаразли хуружлардан ҳимоя қилди, асради.

Айрим пайғамбарлар касаллик билан имтиҳон қилинган, айримлари кўп дард ва шиддатли оғриқлардан офиятда бўлишган. Уларнинг синалишларида улкан ҳикматлар бор эди. Аллоҳ таоло ана шундай турли ҳолатларда уларнинг фазилатлари ва шарафларини бошқаларга кўрсатиб бердики, уларнинг ҳаётлари ва чеккан заҳматлари умматларига гўзал ибрат, беназир сийратлари тасалли бўлсин.

Баъзи муҳаққиқлар айтадилар: «Пайғамбарлар йўлиққан мазкур ҳолатлар фақат уларнинг муборак таналарига хос бўлган. Аммо ботинлари пок сақланиб, уларнинг таъсирига учрамаган. Чунки уларнинг руҳлари мулоқот қилиш ва ваҳийни қабул қилиб олиш учун фаришталар оламига боғланиб турган».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзларим ухлайди, лекин қалбим ухламайди», деганлар. Бошқа бир ҳадисларида: «Менинг ҳолатим сизникига ўхшамайди. Албатта, мен Роббим едириб, ичирган ҳолатда кечани ўтказаман», деганлар. Яна бир ҳадисларида: «Мен унутмайман, бироқ эргашишлари учун унуттириламан», деганлар. Бундан маълум бўладики, у зотдаги ботиний ва руҳий ҳолатлар, зоҳирий ва жисмоний ҳолатлардан фарқ қилади. Зоҳиран етадиган заифлик, очлик, бедорлик ва уйқу ботинларига таъсир қилмайди. Бошқа кишиларда бу иккисининг ҳукми бир хил. Масалан, бошқа одамлар ухласа, уйқу уларнинг жисми ва қалбини эгаллаб олади. У зотнинг қалблари эса таналари ухлаганда ҳам уйғоқ ҳолатда бўлган. ­Бош­қаларнинг қоринлари очқаса, дармонсизланиб, кучсизланиб қоладилар, у зотда бу ҳолат кузатилмаган.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ