Кириш сўзи

6 ой аввал 769 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

Аллоҳнинг охирги Расули Муҳаммад Мустафога мукаммал саловоту саломлар бўлсин!

Зарарли бўлиб кўринган баъзи нарсалар ортидан яхшиликлар келиши ҳам мумкин. Ҳамма нарса Аллоҳ азза ва жалланинг иродаси билан бўлади. Баъзи давлатларда Аллоҳ таоло набийларининг афзали ва охиргиси Муҳаммад алайҳиссаломга нисбатан ўта беодобликлар содир этилиб, у зотни ёмонотлиқ қилиш, масхаралаш учун расмлар чоп этилганида ҳамма қаттиқ хафа бўлди, ранжиди, дили оғриди. Шу боис дунёнинг ҳамма ерида мусулмонларнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Мазкур намойишлар баъзи ҳолатларда кўнгилсиз оқибатларга ҳам олиб келди. Баъзиларида бино-иншоотлар вайрон қилиниб, айримлари одамларнинг ўлимига ҳам сабаб бўлди. 

Аммо мазкур беодобликларга қарши юксак одобни ишга солганлар ҳам оз эмас эди. Бундай кишилар ўша ҳассос вазиятда кўпчиликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятларини ўзига хос услубда танитиш зарурлигини англаб етганлар эди. Биз ҳам шулар жумласидан эдик. Беодобларга қарши кўриладиган энг яхши чоралардан бири ҳаммага – мусулмонларга ҳам, бошқаларга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхшилаб таништиришдир, деган фикрни қатъият билан ушладик. Ўша вақтда нашр этилаётган «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумидаги китобларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган ўн тўққизинчи жузини «Нубувват ва рисолат» номи билан чоп этдик. Турли маърузалар қилдик. Жумладан, мавлуд муносабати билан уюштирилган илмий суҳбатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, сифатлари ва суннатлари ҳақида кенгроқ маълумот беришга ҳаракат қилдик. Ушбу мавзуга бағишланган халқаро анжуманларда ватанимиз мусулмонлари номидан қатнашдик.

Ўша пайтларда Баҳрайн давлатида бўлиб ўтган анжуманда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам маъносини англатувчи «Дунё нусрат ташкилоти» тузилган эди. Яхши ният билан тузилган бу ташкилот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга яхшироқ таништиришни ўзига вазифа қилиб олган эди.

Милодий 2008 йилнинг ноябр ойи бошида Кувайт давлатида «Дунё нусрат ташкилоти»нинг иккинчи умумжаҳон анжумани бўлиб ўтди. Унда ходимингиз, ушбу сатрларнинг ёзувчиси ҳам иштирок этиш бахтига муяссар бўлди. Мажлисларда биринчи анжумандан буён қилинган ишлар ҳақида сўзлаб ўтилди. Бу ҳақдаги маълумотлар кишини қувонтирадиган даражада катта ва кенг кўламлилиги билан ажралиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонларга ҳам, бошқаларга ҳам таништириш борасида ибратли ва самарали ишлар олиб борилгани яққол кўриниб турарди.

Анжуманнинг иккинчи ярмида келажакда қилинадиган ишлар ҳақида сўз борди. Турли ташкилотлар ва шахслар ўзлари амалга оширишни кўзлаётган режалар ҳақида сўзладилар. Режалар кўлами қилинган ишлардан кўра бир неча марта кўп ва катталиги билан ажралиб турарди. Бу ҳамма учун қувончли эди.

«Дунё нусрат ташкилоти»нинг иккинчи умумжаҳон анжуманида шу пайтгача қилинган ишлар ҳақидаги маърузалардан бирида ташкилот томонидан «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» номли китоб тайёрлангани ҳақидаги ахборот ҳам тақдим этилди. Маърузаларда айтилишича, мазкур китобда «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари, рисолатлари у зотнинг энг муҳим васиқали сўзлари ва ишлари орқали» баён қилинган. Унда фақат ишончли ҳадислардан фойдаланилган. Ҳеч қандай шарҳ ва тафсилотлар йўқлиги ҳам айтиб ўтилди. Китобда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан танишмоқчи бўлган кишига асл матнларни ўзи баҳолаш имконияти берилиши кўзда тутилган.

Анжуманда кейинчалик қилинадиган ишлар ҳақида сўзланганда мен ҳам ушбу китобни она тилимизга ўгиришни ният қилдим. Ушбу эзгу ниятнинг амалга ошишида Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўраб, дуолар қилдим.

«Дунё нусрат ташкилоти»нинг иккинчи умумжаҳон анжуманидан қайтгандан кейин Аллоҳ азза ва жалланинг инояти ва ёрдами билан Усулул фиқҳ илмига оид китобимни ёзиб битирдим. Шундан сўнг яна Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўраган ҳолда «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобини таржима қилишни бошладим. Шу билан бирга, иш давомида баъзи мулоҳазалар ҳам хаёлдан ўтди.

Аввало, шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари билан танишиш учун бир восита, холос. Ушбу ҳадисларни дастак қилиб олиб, ҳар кимнинг ўзича янги-янги фатволар чиқариши шаръий жиҳатдан номақбул иш ҳисобланади. Зеро, фиқҳий илмлардан озми-кўпми хабардор кишиларга сир эмаски, биргина ҳадиснинг ўзи тўрттала мазҳаб бўйича бир хил ҳукм чиқаришга асос бўла олмайди.

Қолаверса, ушбу ҳадисларнинг жуда кўпи «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумидаги ва бошқа бир қанча китобларимизда атрофлича шарҳланган. Шундай бўлса ҳам, ўқувчиларимизнинг ҳадис қабул қилишга тайёргарлик даражаларини ҳисобга олган ҳолда баъзи ҳадисларни тушириб қолдиришга ва яна баъзиларига, қисқача бўлса-да, изоҳлар ёзишга тўғри келди.

Ҳадис қабул қилишдаги энг биринчи қоида холислик ва муҳаббатдир. Яъни, икки хил фикр чиқиши мумкин бўлган ўринларда, холислик ила ёндашиб, албатта хайрли тарафини олиш лозим. Энг муҳими, бу ҳадислар барчамиз учун бирдай азиз бўлган севимли шафоатчимизнинг – Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига ва таълимотларига бевосита боғлиқ бўлгани учун, уларни муҳаббатга тўла қалб ила қабул қилмоқ керак.

Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оид бир минг бир юз йигирма тўртта энг сара ҳадислар матнининг бир китобда жамланиши катта илмий бойликдир. Бу бойликдан бизнинг азиз халқимиз ҳам, дунёнинг бошқа халқлари билан бир қаторда, ўз тилида фойдаланиш имконига эга бўлиши катта бахтимиздир.

Ушбу китобда келтирилган ҳадисларнинг кўп қисмини айнан бизнинг ватанимиз фарзандлари, буюк муҳаддислар Бухорий, Термизий ва Насоий каби боболаримиз ривоят қилгани биз учун алоҳида фахр ва эъзоз боисидир. Ушбу китобни тузувчилар ўзларининг муқаддималарида: «Аллоҳнинг изни ила китоб оламий тилларга таржима қилинади ва дунёдаги кутубхона ва илмий марказларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари, суннатлари, сийратлари ва шариатлари билан танишишнинг бевосита василаси бўлиши учун юборилади», дейдилар.

Мазкур китобнинг режа қилинаётган таржималарининг дебочаси бўлишидан умид қилинаётган она тилимиздаги ушбу таржимаси ватанимиз мусулмонларининг Аллоҳнинг изни билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нусратларига қўшган ҳиссалари бўлади, деган ниятдамиз.

Аллоҳим, бу ожизона хизматларимизни даргоҳингда қабул этгин ва уни ҳаммамиз учун фойдали қилгин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ