Тўхтовсиз мақталадиган

3 йил аввал 6189 siyrat.uz

Араб тилида феъл تفعيل бобида келганда кўпинча бир ишнинг қайта-қайта, кўп марта қилинганини ифодалайди. Масалан: قَطَعَ кесди, قَطَّعَ кўп кесди, қиймалади, (كَسَرَ) синдирди, (كَسَّرَ) кўп синдирди, чил-чил қилди, حَمِدَ мақтади, حَمَّدَ қайта-қайта, тўхтовсиз мақтади. Шунда حَمَّدَфеълидан ясалган مُحَمَّد исми тўхтовсиз мақталувчи, тинимсиз мадҳ этилувчи, доимо шарафланувчи маъносини англатади.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига мақтов ўша замонлардан бери тинмай ёғилиб турибди – исмлари қиёматгача азону иқоматларда эълон қилинади, азондан кейин, намозлар ичида, суҳбат-маърузаларда, дуоларда ҳақларига салавотлар айтилади. Шунингдек, миллионлаб инсонлар фарзандларига шараф билан у Зотнинг исмларини қўядилар. Тадқиқотлар ҳам бугунги кунда энг кўп тарқалган исм «Муҳаммад» исми эканини кўрсатмоқда.

Шайх Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий «Раҳматун лил оламийн» номли китобларининг 1-  қисмида шундай ёзадилар: «Муҳаммад» исми мақтов, мадҳ ва шараф маъноларини англатувчи «ҳамд» сўзидан олинган. Агар бир кишининг мақташга лойиқ фазилати бўлса, унга «Маҳмуд» сўзи ишлатилади. Агар у киши мақтовга муносиб барча яхши сифатларга, гўзал хулқ-одобларга ва бутун инсоний фазилатларга эга бўлса«, бундай инсон «Муҳаммад»дир.

Мақтов Пайғамбаримизни ҳар томондан чулғаган: исмлари – Муҳаммад, Аҳмад, шафоат қиладиган мақомларининг номи – «Маҳмуд» (яъни  мақтовли), Қиёмат кунидаги байроқларининг номи –«Ливоул ҳамд» (яъни  мақтов байроғи), умматлари эса, «ҳаммодун» (яъни  ҳамду санони кўп айтувчилар)дир.[1]

Аллоҳга чексиз ҳамду санолар ва тўхтовсиз мақталадиган Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин. Омийн!


[1] Шайх Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий, “Раҳматун лил оламийн”, 1-китоб.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ