Яширин даъват

3 йил аввал 3058 siyrat.uz

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг буйруғини бажаришни, бут-санамларни тарк қилиб, ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақиришни бошладилар. Лекин ўз ширкида, бутпарастлигида ўта мутаассиб − оёқ тираб турувчи бўлган қурайшликларни чўчитиб юборишдан, уларнинг бадғараз ва ёвуз ниятларини жалб қилишдан узоқ бўлиш мақсадида, умумий мажлисларда эмас, балки қариндошчилиги ҳамда қадрдонлиги бор бўлган инсонлар даврасидагина даъват қилардилар. Уларнинг биринчилардан бўлиб Исломга кирганлари Хадижа бинти Хувайлид, Алий ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қули ҳамда тутинган ўғли), Абу Бакр Сиддиқ ибн Абу Куҳофа, Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳум ва бошқалардир.  Улар Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом билан яширин ҳолатда учрашар эдилар. Исломга кирган эркагу аёлнинг адади ўттиздан ортгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим-тарбия ишларини олиб бориш учун улардан бирининг − Арқам ибн Абул Арқамнинг ҳовлисини танладилар. Бу яширин даъват натижасида эркагу аёл бўлиб қирққа яқин киши Исломга кирди. Уларнинг аксари қуллар ва фақирлардан иборат эди.

Ибратли нукталар

   1. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом даъватни яширин тарзда бошлаганларининг сабаби. Шубҳа йўқки, у Зот пайғамбарликларининг дастлабки йилларида даъватни яширин тарзда олиб боришлари ўз жонлари устидаги хавфсираш сабабидан бўлмаган. Чунки у киши «Эй (либосларига) бурканиб олган Зот, туринг-да (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг!» ояти нозил бўлиб, даъват қилишга буйруқ олишлари билан инсонларга юборилган Аллоҳнинг Расули бўлганликларини тушунганлар ва шунинг учун ҳам: «Мени пайғамбар қилиб сайлаган, даъват юкини елкамга қўйган Зотнинг Узи мени ҳимоя қилади, асрайди», деб ишонар эдилар. Шунга биноан агар фаразан, Аллоҳ таоло у кишини биринчи кунданоқ одамлар орасида очиқ даъват қилишга буюрганида, бир дақиқа ҳам ортга сурмай, гарчи ҳалок бўлишга кўзлари етиб турса ҳам, буйруқни бажарган бўлар эдилар. Лекин Аллоҳ таоло у Зотнинг қалбларига даъватни дастлаб яширин бошлашга ҳамда фақат қулоқ солишига ва иймон келтиришига умид бўлган кишиларнигина даъват қилишга илҳом берди. Илҳом эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ваҳийнинг бир навидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутишларида ўзларидан кейинги Ислом умматининг даъватчиларига намуна, кўрсатма бор эди. Даъватнинг ғоясига етиш йўлида эҳтиёткорлик нечоғли зарурлигини уқтириш мавжуд эди. 2.  Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган инсонлар. Бу босқичда Исломга кирганларнинг аксарияти қуллар, заифлар ва фақирлардан иборат бўлганини айтиб ўтдик. Бунинг ҳикмати нимада эди? Бу ҳокисор, бечоралар Буюк Исломий давлатнинг аркон-устунлари бўлиб қолишининг сири нимада экан? Жавоб: Бу пайғамбарлар даъватининг биринчи босқичидаги табиий кўринишдир. Масалан, Нуҳ алайҳиссаломни олайлик, у Зотни ўз қавми: «Сенга фақат паст табақалилар, бечоралар эргашади», деб айблашган эди. «Шунда унинг қавми орасидаги кофир бўлган кимсалар: «Бизлар сени худди ўзимизга ўхшаган одам, деб биламиз ва сенга фақат ичимиздаги пасткаш (ялангоёқ) кимсалар ўйламасдан эргашганини кўрмоқдамиз. Бизниигча, сизларнинг биздан бирон ортиқчалик жойингиз йўқ, балки биз сизларни ёлғончи деб ўйламоқдамиз» , дедилар». (Ҳуд сураси, 27-оят). Ёки Фиръавн ўз аъёнлари билан Мусо алайҳиссаломнинг тобеларини заиф, хор санашганини олайлик. Аллоҳ таоло Фиръавннинг ҳалок бўлиши ҳақида  хабар  берганидан  кейин  Мусо  алайҳиссаломнинг ана шу қавми ҳақида шундай деган: «Ўзимиз баракотли қилган ернинг Машриқ ва Мағрибларига бу бечора қавмни   (яъни   бани  Исроилни)  ворис  қилиб қўйдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сабр-тоқат қилганлари       сабабли       бани       Исроилга Парвардигорингизнинг («Бу ердаги бечора бўлган зотларга инъом  қилишни  ва уларни  одамларга етакчи қилиб қўйишни истаймиз», деган) гўзал сўзлари тўла-тўкис бўлди. Фиръавн ва қавми ясаб-қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик. (Аъроф сураси, 137-оят). Сир шундаки, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига юборган бу Диннинг моҳият-ҳақиқати одамлар ҳукмронлигидан чиқиб Ягона Аллоҳ таолонинг салтанатига қуллик қилишга ўтишдир. Бу эса ўзини «худо» билганларнинг «худо»лигига раҳна соладиган, заиф, бечораларнинг ҳолатига эса муносиб тушадиган ҳақиқатдир. Демак, ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунишга қилинган даъват натижаси ана ундай золим ҳукмронлар тарафидан бўйсунмаслик,  кибр  қилиш бўлса,  заиф, бечоралар томонидан бўйсуниш, қабул қилиш бўлар экан. Бу гаплардан заиф, бечоралар Исломни қабул қилишга шошилганларининг сабаби чин иймон эмас, балки ана шундай мутакаббир султонларнинг азиятларидан    қутилиш    бўлган,    деган    фикр чиқмайди. Зеро, ёлғиз Аллоҳ  таолога  иймон келтириш ва Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом келтирган     Динни     тасдиқлаш     Қурайшнинг зодагонларига ҳам, заифларига ҳам баробар таклиф қилинган эди. Шу билан бирга уларнинг ҳар бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигори томонидан етказаётган нарсанинг ростлигини ич-ичдан ҳис  қилиб,  билиб турар эдилар.  Лекин зодагонларнинг     манманлиги,     мутакаббирлиги Расулуллоҳ    соллаллоҳу    алайҳи    васалламга эргашишдан, бўйсунишдан тўсиб қўйган эди. Бунга   мисол   қилиб   амакилари   Абу   Толибни келтириш мумкин. Аммо камбағал, бечораларни иймон келтиришдан тўсадиган ҳеч нарса йўқ эди. Улар Аллоҳ таолога иймон келтирганларидан кейин ўзларида ўзгача бир қувватни ҳис қилар, Аллоҳнинг султонлигидан ўзга салтанатларга парво ҳам қилмай қўяр эдилар.  Мана шу ўз эгасига бахтиёрлик, кўтаринки руҳ берувчи иймоннинг самарасидир.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ