Абу Жаҳлнинг ўлими

3 йил аввал 7163 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Абу Жаҳл ўша кунда урушаркан, ражаз вазнида шеър айтиб, ерга тушарди:

Энг шиддатли жанг ҳам мендан интиқом ола олмайди.

Мен икки ёшда энди кучга тўлган туядек кучлиман.

Мени онам шундай кун учун дунёга келтирган.

Ибн Ҳишом: Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг шиори Аҳад, Аҳад, эди.

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душманлардан фориғ бўлгач, мурдалар ичидан Абу Жаҳлни қидиришни буюрдилар. Савр ибн Язид Икримадан, у ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Абу Бакрдан риво­ят қилишича, унга биринчи бўлиб Бани Саламадан Амр ибн Жамуҳ йўлиқди. У шундай дейди: «Мен қавмнинг «Абулҳакам ҳали қўлга олинмади», деганларини эшитдим. У пайтда Абу Жаҳл чангалзор ичида эди. Уни ўлдиришни қасд қилиб, у томон бордим. Имкон топ­гач, унга ҳамла қилиб, бир зарба билан болдирининг ярмидан оёғини узиб ташладим. Аллоҳга қасамки, унинг кесилган оёғи чақиш учун урилган данакнинг тош тагидан учиб кетганидек учиб кетди. Сўнг ўғли Икрима елкамга қилич билан урган эди, қўлим узилиб терим би­лан ён тарафимга осилиб, жанг қилишимга халақит қилди. Шундай бўлса-да, уни орқамга осилтириб олиб жанг қилдим. Қаттиқ азоб бер­гач, оёғим билан босиб, бира тўла узиб олдим. (Ибн Исҳоқ шундан сўнг ҳам унинг Усмон розияллоҳу анҳу давригача яшаганини ривоят қилади.)

Сўнг ярадор бўлиб ётган Абу Жаҳлнинг олдига Муавваз ибн Афро келиб, бир зарбада қаттиқ жароҳатлаб, сўнгги нафасида уни тарк этди. Муавваз жангни давом эттириб, ҳалок бўлди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Жаҳлни мурдалар ичидан қидиришни буюрган пайтда Абдуллоҳ ибн Масъуд у Зотнинг олдиларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмга: «Агар мурдалар ичида танимасангиз, унинг тиззасидаги жароҳатига қаранглар: бир куни у билан Абдуллоҳ ибн Жудъонни­кига зиёфатга борган эдик, иккаламиз ҳам ёш бола эдик,мен ундан озгина нимжонроқ эдим. Уни туртиб юборган эдим, тиззаси билан йиқилиб, бир тиззасини қаттиқ шилиб олган эди. Ҳозиргача унинг асари қолган», – дедилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Жони узилай деган ҳолида уни тани­дим, оёғимни бўйнига қўйиб (бир сафар Маккада мени чангаллаб, роса дўппослаб, озор берган эди) унга: «Аллоҳ сени хор қилдими, эй Аллоҳнинг душмани?» – дедим. У: «Нима сабабдан хор қилсин? Мени ўлдиришингиз менга ор эмас, менга айт-чи, бугун ғалаба ким томонда?» – деди. Мен: «Аллоҳ ва Расули томонида!» – дедим.

Ибн Исҳоқ: Бани Махзумлик кишиларнинг айтишларича, Ибн Масъуд деди: «У (Абу Жаҳл) менга: «Жудаям осмонга чиқиб кет­динг, эй подачи!» – деди. Мен унинг бошини узиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келтирдим ва: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Бу Аллоҳнинг душ­мани Абу Жаҳлнинг калласи», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳ номи билан қасам ичасанми?» – дедилар (бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасамлари эди). Мен ҳам: «Ҳа, ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасам ичаман!» дедим. Сўнг унинг калласи­ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ташлаган эдим, у Зот Аллоҳга ҳамд айтдилар.

Ибн Ҳишом: Абу Убайда ва ғазотда қатнашган ундан бошқаларнинг менга айтишларича, Умар ибн Хаттоб Саид ибн Оснинг олдидан ўтаётиб, унга: «Менга ичингда бир гап борга ўхшайди. Отангни ўлдирган киши мен, шекилли, сенингча. Агар мен ўлдирганимда ҳам сенинг олдингга узр сўраб келмаган бўлардим. Лекин мен тоғам Ос ибн Ҳишом ибн ал-Муғирани ўлдирдим. Отангнинг олдидан ўтаётганимда у ниманидир сигир шохи билан қидиргандек излаётган эди. Мен ундан ўзимни олиб қочдим. Унга амакисининг ўғли Али  ҳужум қилиб, ўлдирди», – деди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ