Аҳли сунна вал жамоанинг Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларидаги ақийдаси

7 йил аввал 4849 siyrat.uz

I. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг мустафо бандаси, мужтабо набийси ва муртазо Расулидир.

Шарҳ: Билингки, мустафо, мужтабо ва муртазо сўзларининг маъноси бир-бирига жуда ҳам яқин бўлиб, танлаб олинган, саралаб олинган, рози бўлинган маъноларини билдиради. Бу сўзлар қуйидаги оятларда ҳам худди ана шу маъноларда ишлатилган. «Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Оли Иброҳимни ва Оли Имронни оламлар ичидан танлаб олди» (Оли Имрон сураси, 33-оят). «Бас, Робби уни саралаб олди ва солиҳлардан қилди» (Қалам сураси, 50-оят). «Магар Ўзи рози бўлган расули бўлса, бас, албатта, У Зот унинг олдидан ва ортидан кузатувчи йўллайдир» (Жин сураси, 27-оят). Бу сўзларнинг учови ҳам анбиёлар шаънида истеъмол қилинган. Аллоҳ таоло бошқа анбиёлар ҳақида алоҳида-алоҳида келган нарсани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларида жамлаб зикр қилди.  

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИСАЛОМНИНГ БАНДАЛИКЛАРИ ЭНГ ШАРАФЛИ КАМОЛОТ ЭКАНЛИГИГА ДАЛИЛ

Билингки, махлуқнинг камолоти – унинг Аллоҳ таолога бўлган бандалигининг юзага чиқаришда. Банда бандаликни юзага чиқаришликни қанчалик зиёда қилса, унинг камолати шунчалик зиёда бўлади, даражаси шунчалик олий бўлади. Чунки фаришталар шаънида қуйидаги оят келган: «Йўқ, улар ҳурматланган бандалардир» (Анбиё сураси, 26-оят). Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни энг шарафли мақомларда, банда, деб номлаган. Исронинг зикрида: «Ўз бандасини исро қилдирган Зот пок бўлди» (Исро сураси, 1-оят) деган. Шунингдек, бошқа оятларда: «Албатта, Аллоҳнинг бандаси туриб, Унга дуо қилганда» (Жин сураси, 19-оят). «Бас, Ўз бандасига ваҳий қилган нарсани ваҳий қилди» (Нажм сураси, 10-оят). «Агар бандамизга нозил қилган нарсамизда шубҳада бўлсангиз» (Бақара сураси, 23-оят) деган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари умматларига ташаҳҳудда: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳ» демоқни ўргатганлар, амр қилганлар.

У ЗОТ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ПАЙҒАМБАРЛИКЛАРИ ДАЛИЛИ

1. «Муҳаммад бир Пайғамбар, холос. Ундан олдин ҳам Пайғамбарлар ўтган» (Оли Имрон сураси, 144-оят). 2. «Муҳаммад Аллоҳнинг Пайғамбаридир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли...» (Фатҳ сураси, 29-оят). 3. «Ва Муҳаммадга нозил қилинган нарсага иймон келтирдилар. У Роббиларидан бўлган ҳақдир». (Муҳаммад сураси, 2-оят). 4. «Ва Қуръони Ҳакийм ила қасамки, албатта, сен Пайғамбар этиб юборилганлардансан. Тўғри йўлдасан» (Ясин сураси, 2—4-оятлар).

II. «Ва албатта, у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам анбиёларнинг охиргисидирлар».  Шарҳ: Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларидан кейин анбиёлар келиши охирлади, кесилди, тугади. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик қасрининг охирги ғиштидирлар. Аллоҳ таоло у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан пайғамбарлик қасрини камолга етказиб, эшигини ёпди. Далил: «Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг охиргисидир» (Аҳзоб сураси, 40-оят). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари: 1. «Менинг ва анбиёларнинг мисоли, худди биноси гўзал бир қасрга ўхшайди. Унда бир ғишт ўрни тарк қилингандир. Бас, назар солувчилар уни айланиб кўриб, биносининг гўзаллигидан ажабланадилар. Фақат ҳалиги ғишт ўрнидан бошқа айб топа олмайдилар. Бас, мен ўша ғиштнинг ўрнини тўлғаздим. Мен билан бино хотимасига етди. Пайғамбарлар охирига етдилар» (Бухорий, Муслим). 2. «Албатта, менинг бир неча исмларим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳий — ўчирувчиман. Аллоҳ мен билан куфрни ўчиради. Мен Хашр — тўпловчиман. Одамлар қадамим остида тўпланадилар. Мен, Оқибман. Оқиб — ортдан келувчи, ундан кейин набий келмайдиган зотдир» (Бухорий, Муслим). 3. «Албатта, келажакда менинг умматимда ўттизта каззоб бўлади. Ҳаммаси ўзини набий, деб даъво қилади. Ҳолбуки, мен набийларнинг охиргисиман. Мендан кейин набий йўқдир» (Муслим Савбондан ривоят қилган). 4. «Бошқа анбиёлардан олти нарса ила афзал қилиндим: 1. Менга жамловчи калом берилди. 2. Менга душманимга қўрқинч солиш ила нусрат берилди. 3. Менга ўлжалар ҳалол қилинди. 4. Менга ер покловчи ва масжид қилинди. 5. Мен ҳамма халойиққа юборилдим. 6. Мен билан набийлар тугатилди». (Муслим, Термизий ривоят қилган). III. Ва у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам тақводорларнинг имомидирлар. Шарҳ: Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тақводорларнинг пешвосидирлар. Ким тақводорликни ирода қилса, фақат у кишига иқтидо қилиш билангина етишади. Имом ортидан бошқалар эргашадиган шахс деганидир. Бас, тақводорлар у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашадилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам иқтидо учун юборилганлар. Ким у кишига эргашса, иқтидо қилса, тақводорлардан бўлади. Далил: «Сен: Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир», деб айтгин» (Оли Имрон сураси, 31-оят). Ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сиздан ҳеч ким, токи ҳавойи нафси мен келтирган нарсага тобе бўлмагунча, ҳаргиз мўмин бўла олмайди», деган ҳадислари (Бухорий). IV. У киши Пайғамбарларнинг улуғидирлар. Шарҳ: Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма набийлар ва расуллардан кўра афзал ва шарафлидирлар. Далил: 1. «Мен қиёмат куни одам боласининг улуғидирман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахс − менман. Аввалги шафоатчи − менман. Аввалги шафоат қилинувчи − менман» (Муслим). 2. Шафоат ҳақидаги  ҳадиснинг аввалида: «Қиёмат куни мен одамларнинг улуғидирман». 3. «Албатта, Аллоҳ Кинона (қабиласи)ни Исмоил авлодидан танлаб олгандир. Қурайшни Кинонадан, Қурайшдан эса Бани Ҳошимни танлаб олгандир. Бани Ҳошимдан мени танлаб олгандир» (Муслим, Термизий ривоят қилган). V. Ва Роббил оламийннинг ҳабибидирлар. Шарҳ: Яъни Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзининг ҳабиби қилган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Аллоҳга муҳаббат қилганлар. Далил: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги икки ҳадис: 1. «Албатта, Аллоҳ худди Иброҳимни халил этиб олганидек мени ҳам халили этиб олди» (Муслим, Абу Авона). 2. «Агар ер аҳлидан ўзимга халил олганимда, албатта, Абу Бакрни халил этиб олардим. Лекин сизнинг соҳибингиз Раҳмоннинг халилидир» (Муслим, Термизий).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ