Саҳобалар

Муовия ибн Абу Суфён

3 йил аввал 6110 siyrat.uz

Муовия розиzллоҳу анҳу саҳобаларнинг улуғларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котиблари, мўминлар амири эди. Тўлиқ исмлари Муовия ибн Абу Суфён ибн Абдушшамс ибн Абдуманноф. Онаси Ҳинд бинти Утба ибн Рабиъадир.

Айтишларича, Муовия отасидан олдин, Қазо умрасида Исломни қабул қилган, лекин Мадинага ҳижрат қилмаган. Макка фатҳи куни мусулмонлигини ошкор этган. Ибн Абуддунё ва бошқалар эслашича, Муовия баланд бўйли, оқ юзли, чиройли киши бўлган. Абдураҳмон ибн Абу Умайрдан қилинган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муовияга қарата:«Аллоҳим, уни ҳидоятга бошлагин, ҳидоятланганлар сафига қўш ва у билан ҳидоят қилгин», деганлар. Абу Идрис Ҳавлоний бундай дейди: «Умар ибн Хаттоб Умайр ибн Саъдни четлатиб, ўрнига Муовияни Хумс волийи қилиб тайинлади. Шунда баъзи одамлар: «Умайрни бўшатиб, Муовияни волийликка тайинлади», деб гап қилишганида ҳазрати Умар уларга:«Муовияни фақат яхшилик билан эсланглар, мен Расулуллоҳнинг:«Аллоҳим, у билан ҳидоят қилгин», деганларини эшитганман», деди. Ирбоз ибн Сария  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳим, Муовияга ёзишни, ҳисобни билдиргин ва уни азобдан асрагин», деганларини эшитганман». Умар ибн Хаттоб уни Шомга ҳам волий қилди, ҳазрати Усмон буни иқрор этди. Муовия қавмига суюкли киши эди. Йигирма йил Шомда ноиб бўлиб ишлади. Унинг халифалик даври ҳам йигирма йил бўлди. Давлатида ҳеч бир киши уни айбламади. Балки уммат унга бўйсунди. У араб ҳамда ажамга ҳоким бўлди. Унинг салтанати икки ҳарам шаҳарлари (Макка ва Мадина), Миср, Шом, Ироқ, Хуросон, Форс, Жазира, Яман, Мағриб ва бошқа давлатларни ҳам қамраб олган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муовияга васият қилганлар. Бу ҳақда Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида бундай ривоят келтирилади: «Муовия таҳорат идишини олиб, уни кўтарганича Расулуллоҳга эргашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга юзланиб: «Эй Муовия, агар бир ишга волий (бош) бўлсанг, Аллоҳга тақво қил ва адолатли бўл», дедилар. Муовия айтади:«Мен ўшанда Расулуллоҳнинг гаплари амалига йўлиқаман, деб ҳеч ўйламаган эдим, аммо йўлиқдим». Мужолид Шаъбийдан, у киши Хорисдан, у эса Али ибн Абу Толибдан ривоят қилади: «Муовиянинг амирлигини ёмон кўрманглар. Агар уни йўқотсаларингиз, гарданларидаги вазифаларидан қочиб қутулган амирларни кўрасизлар». Аллоҳ таолонинг динига маломат тошларини отувчилар Исломга зарба бериш мақсадида ҳазрати Али билан Муовия ўрталарида кечган зиддиятларга батамом таяниб олишади. Улар бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг ниятларини шубҳа остига олишни мақсад қилишади. Уларнинг ишини ўзгартириб кўрсатишади. Бунинг оқибатида фаҳмлар адашади, қадамлар тойилади. Маълум кишиларнинг адашувига эса уларнинг дин ҳақидаги тушунчалари саёзлиги ва мусулмонларни алдаш, онгини заҳарлаш учун тарих қатларига пинҳона суқиб юборилган ривоятлар сабаб бўлди. Бу ихтилоф ҳақида мусулмон уламолар ва миллатнинг фуқаҳолари нималар дейишган? Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлимидан сўнг Али билан Муовия ўртасидаги нарсалар ижтиҳод ва раъй йўлига кўра бўлгандир. Улар ўртасида жанг бўлиб ўтган, ҳақ ва тўғрилик Али тарафида эди, Муовия эса салаф ва халаф уламо наздида узрлидир». Саҳиҳ ҳадисда собит бўлишича, Али, кейинчалик Али ўлдирилгач, Муовия бош бўлиб, ўн тўрт йил бир ўзи ҳаракат қилди. Ҳар йили ёз ва қиш фаслида икки мартадан Румга ғазот қиларди. Қавмидан бир кишини амир тайинлаб, одамлар билан ҳаж қилишга буюрар эди. Ўзи эллигинчи, ўғли Язид эса эллик биринчи йили ҳаж қилишди. Худди шу йили ўғли Язидни Рум шаҳрига ғазотга юборди. Унга ҳамроҳ бўлиб борган кўпгина улуғ саҳобийлар ёрдамида Қустантания қуршаб олинди. Саҳиҳ ҳадисда «Қустантанияга аввал ғазот қилган қўшин учун мағфират бор»лиги собитдир. Ҳофиз Заҳабий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди:« Муовия зулмлари устидан адолатлари устун келган подшоҳларнинг энг яхшиларидандир. Унинг камчиликлари ҳам бор эди. Аллоҳ таоло уни кечирсин!» Муовия розияллоҳу анҳу ўлим соати яқинлашгач, охиратдаги ҳисоби енгил бўлишини ўйлаб, молининг ярмини Байтуллоҳга (давлат хазинасига) топширишни васият қилди. Тунда аҳволи оғирлашгач, ўзига ўзи: «Эҳ, қуриб кетгур дунё, сенга қирқ йил подшоҳлик қилдим, йигирма йил амир, яна шунча йил халифа бўлдим. Аммо ҳеч нарса вафо қилмади. Дунёни яхши кўрувчиларнинг ҳолига вой бўлсин!» деди. Муҳаммад ибн Сирин бундай дейди: «Муовияга ўлим келгач, юзини ерга қўйди. Сўнг бошқа юзини ерга суриб йиғлади ва: «Аллоҳим, «Албатта, Аллоҳ ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишни кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо, 48), деб марҳамат қилгансан. Аллоҳим, мени ўзинг кечиришни истаган бандаларинг қаторида қилгин!» деди». «Иҳёи улумид дин» китобида келтирилишича, Муовия ибн Абу Суфён ўлими яқинлашганида: «Мени ўтқазинглар», деди. Уни ўтқазиб қўйишди. Шунда у Аллоҳ таолога тасбеҳ айтди ва Парвардигорни зикр қилаётиб, кўзига ёш олди ва: «Эй Муовия, кексайиб, мункиллаб қолганингда Роббингни эслаяпсан-а! Эҳ, шундай бўлиб қолди. Ёшлик ўтди-кетди», деди. Шундан сўнг баланд овозда ҳўнграб юборди ва: «Эй Роббим, золим қалбли осий қарияга раҳм қил! Аллоҳим, тойилишни йўқ қилгин, хатони кечиргин ва Сендан ўзгага суянмаган ва Сендан ўзгага умид қилмаган кишига ҳилминг ила раҳм этгин!» деди. Абул Али ибн Маймун ибн Миҳрондан, у отасидан ривоят қилади: «Муовия бундай васият қилган: «Расулуллоҳ алайҳиссаломни таҳорат олдирдим. Эгниларидаги кийимларини ечиб, менга кийдирдилар. Мен уни асраб қўйганман. Вафотимдан сўнг жасадимга Расулуллоҳнинг кўйлакларини кийдиринглар. Шояд, Аллоҳ таоло бунинг баракотидан менга раҳм қилса... ».  

«Расулуллоҳ атрофидаги одамлар» китобидан БУШРО таржимаси




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ