Саҳобалар

Ҳубайб ибн Адий

3 йил аввал 3603 siyrat.uz

Ҳубайб ибн Адий Мадинанинг Авс қабиласидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг юртига ҳижрат қилган кундан бошлаб ёнларига келиб-кетиб юрди ва кўп ўтмай оламларнинг Робби Аллоҳ таолога иймон келтирди. У Ислом шоири Ҳассон ибн Собит таърифлаганидек: «Ансорлар ичра бир бургут эди, Яхши хулқли, пок насабли йигит эди...» Бадр жангида юзма-юз келган мушриклардан бири Ҳорис ибн Амр ибн Навфални енгди. Жанг тугаб, Қурайш қўшини Маккага қочганида Хориснинг ўғиллари оталари ўлимидан хабар топиб, уни ўлдирган мусулмоннинг исмини эслаб қолишди: Ҳубайб ибн Адий!

* * *

Мусулмонлар Бадр ғазотидан Мадинага қайтишди. Ҳубайб обид ва зоҳид инсон эди. Қалбида зоҳидлар табиати ва обидлар нияти мужассам эди. У Мадинада чин дилдан ибодатга берилди. Тунлари намоз ўқир, кундузлари рўза тутар ва Аллоҳдан мағфират сўрар эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшнинг сирларидан, тайёргарликларидан хабар топиш, яна урушиш ниятлари бор-йуқлигини билиб келиш учун саҳобаларидан ўн кишини танладилар. Осим ибн Собит бошчилигидаги бу саҳобалар орасида Ҳубайб ҳам бор эди. Гуруҳ йўлга чиқди. Макка билан Афсон ўртасидаги бир жойга етганларида Ҳузайл қабиласининг Бани Ҳайён деган уруғига уларнинг йўлга чиққани ҳақида хабар етиб келди. Мушриклар энг мерганларидан юз кишини олиб, гуруҳ изидан тушишди. Агар душманлардан бири қумда ётган хурмо данагини кўрмаганида, балки, уларни топа олмаган бўлишарди. Ўша одам данаклардан бирини олиб, арабларга хос синчковлик билан тикилиб қаради. Кейин эса атрофдагиларга бундай деди: «Бу Ясриб (Мадина) данаги. Уларни топишимиз учун мана шу тўкилган данаклардан кўз узмай боришимиз керак». Ердаги хурмо данакларидан из олиб, юра бошлашди. Сўнг узоқда мусулмонларни кўришди. Осим ибн Собит изларидан мушриклар тушганини билгач, дўстларига тоғ чўққисига чиқишни буюрди. Душманнинг юзта мергани тоғ атрофини ўраб олди. Мусулмонларга асло зарар етказмасликларини айтиб, таслим бўлишга ундашди. Мусулмонлар Осим ибн Собит ёнига тўпланиб, унинг амрини кутишарди. Осим бундай деди: «Аллоҳга қасам, мушрикларнинг қўлида асир бўлишни истамайман. Аллоҳим, бизнинг аҳволимизни Пайғамбарингга билдир». Шу пайт душманлар уларни ўққа тута бошлашди. Осим ва етти нафар шериги шаҳид булди. Душманлар бошқалар таслим бўлишса, жонлари омонда қолишини айтиб, пастга тушишга даъват этищди. Уч киши: Ҳубайб ибн Адий ва унинг икки дўсти тоғдан тушди. Ўқчилар Ҳубайб ва дусти Зайд ибн Дасинани боғлашди. Учинчи мусулмон ваъдага хиёнатни сезиб, аввалги дўстлари каби фидойилик йулини танлади. Ҳубайб билан Зайд қанчалик уринишмасин, арқонларни еча олишмади. Хоин ўқчилар иккала мусулмонни Маккага олиб бориб, мушрикларга сотишди. Мушриклар тилида «Ҳубайб» исми жаранглади. Ҳорис ибн Амрнинг ўғиллари Бадрда ўлдирилган оталарини ёдга олиб, бу исмни эслашлари биланоқ юракларидаги адоват жунбушга келди. Уни сотиб олишга югуришди... Мушриклар икки гуруҳга бўлинди. Уларнинг бир гуруҳи Ҳубайбнинг дўсти Зайд ибн Дасинани олиб кетишди.

*  * *

Ҳубайб қўрқувни қувиб, қояларни эритувчи сокинлик, мардлик ва ишонч билан дуо ўқий бошлади. Аллоҳ у билан бирга эди. Ҳубайбни асирликда сақлаётган уй соҳиби Ҳориснинг қизларидан бири кунларнинг бирида асир ёнига кирганида кўрган манзарани одамларга айтиш учун югурди: «Ҳубайбнинг бир бош узум еяётганини курдим. У занжирбанд. Маккада эса ҳозир, умуман, узум топилмайди. Мен бу узум Ҳубайбга Аллоҳнинг берган ризқи, дейищдан бошқа бир сўзни айтолмайман». Ҳақиқатан ҳам бу Аллоҳнинг солиҳ бандасига берган ризқи эди. Худди авваллари Марям бинти Имронга берган ризқи каби: «Закариё ҳар гал (Марямнинг) олдига — масжидга кирганида, олдида ризқ (муҳайё) турганини кўрар эди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» — деб сўраса, (Марям): «Булар Аллоҳ ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур», — деб жавоб берар эди» (Оли Имрон, 37).

*  * *

Мушриклар Ҳубайбга биродари Зайд ибн Дасинанинг ўлими хабарини айтдилар. Бу хабардан унинг талвасага тушиб, ўлимнинг даҳшатидан қўрқишини истардилар... Ҳолбуки, Аллоҳнинг марҳамати кенглигини улар билишмасди. Мушриклар Ҳубайбга иймон келтирган Робби ва Муҳаммаддан воз кечса, озод қилишларини айтишди. Бироқ уларнинг бу гаплари бир ўқ билан қуёшни уриб тушириш каби бесамар ҳаракат эди. Албатта, Ҳубайбнинг иймони қувватда, оташ ва иссиқликда бамисоли қуёш эди. Ўзидан зиё таратиб, қоронғу дилларни ёритар, яхшилик истаган қалбларни иситар эди. Аммо унга ёмонлик истаб яқинлашганни куйдириб ташларди. Ўз йўриқларига сола олмасликларига ишонч ҳосил қилгач, Ҳубайбни Танъим деган жойга олиб кетишди. Манзилга етгач, Ҳубайб икки ракат намоз ўқиш учун изн сўради. Бу намоз Аллоҳ Расули билан, дини билан видолашиш, инкор этишга ички тайёргарлик, деб уйлаган мушриклар рухсат беришди. Ҳубайб икки ракат намоз ўқиди. Дилида иймоннинг лаззатини ҳис қилди. Намозини тўхтовсиз давом эттиришни хоҳларди. Қатл қилмоқчи бўлганларга ўгирилиб, бундай деди: «Аллоҳ ҳаққи, агар ўлимдан қўрқяпти, деб ўйламасангиз эди, яна намоз ўқишда давом этаверардим». Сўнг қўлларини кўкка кўтариб, дуо қилди. Араб тарихида биринчи маротаба уни чормих (хочга ўхшатиб ясалган дор)га тортиб ўлдиришди. Хурмо дарахтидан катта чормих ясаб, Ҳубайбни унга боғлашди. Мушриклар йиғилиб, хурсандчилик қилишар, ўқчилар найзаларини чархлашар эди. Бу ваҳшийликлар чормихга боғланган қаҳрамонга атайлаб кўз-кўз қилинди. У эса ҳатто кўзини пирпиратмади, юзидан хотиржамлик йуқолмади.

* * *

Ҳубайб қатл этилган жой яқинида қуш ва бургутлар айланиб учиб юришарди. Улар гуё қассоблар ўз ишини якунлаб кетгач, тоза жасаддан еб, роҳатланишни кўзлашарди. Бироқ бир оз фурсат ўтиб, кушлар бир жойга тўпланишди. Тортишиб, баҳслашгандай шовқин солишди. Сўнгра осмон бағрини ёриб, узоқларга учиб кетишди. Гуёки чормихга тортилган жасаддан мўмин ва солиҳ инсон ҳидини олиб, унга яқин келиб зарар етказишдан тортингандек эди улар. Ҳубайбни хурмо дарахтидан ясалган чормихга боғлаганларида у кўкка боқиб, буюк Роббига бундай илтижо қилган эди: «Аллоҳим, биз Расулинг келтирган динни тарқатдик, Сен уни бизга қилинган ёмонликлардан хабардор эт». Аллоҳга унинг дуосини ижобат  этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада туриб асҳобларининг даҳшатли ўлими хабарини ҳис қилдилар. Улардан бирининг жасади осилиб тургани кўзларига кўринди. Дарҳол Миқдод ибн Амр ва Зубайр ибн Аввом чақирилди. Улар отларга миниб, шамолдек елдилар. Аллоҳ уларни манзилига етказди. Дўстлари Ҳубайбнинг жасадини тушириб, уни намли бағрига олишга тайёр турган покиза ерга олиб кетдилар.

* * *

Ҳозиргача ҳеч ким Ҳубайбнинг қабри қаердалигини билмайди. Ҳар ҳолда, шундай бўлгани тўғри эди. Токи тарих хотирасида у чормихга тортилган илк қаҳрамон сифатида ёдда қолсин.

Гулсара СОАТХОНОВА таржимаси




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ