Пайғамбар кўмакчиси

1 ўн йил аввал 2273 siyrat.uz

Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга Хадижадан кўра яхшисини бермади», деган маьнодаги сўзларини жуда кўп ўйлар эдим. Ва бу сўзнинг нима сабабдан айтилганини билишни истар эдим. Буни қарангки, Аллоҳнинг марҳамати ила бошқа бир саволга жавоб қидириш асносида айнан Хадижа онамиз Пайғамбаримиз қалбларидан нима учун бунчалик чуқур ўрин эгаллаганларини тушундим.

Хоҳлардимки, мен қуйида айтадиган маьлумотларни мўмина, солиҳаман, деган аёллар, эримни розилигини топиш учун ҳаракат қиляпман, деётган муслималар, хусусан, эри аҳли илм бўлиб, дин хизматида юрган олим инсонларнинг аёллари ўқишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

«Ҳадича онамиз солиҳа, оқила, фаросатли аёл эдилар. Аллоҳ у кишини бежизга охир замон Пайғамбарига биринчи жуфти ҳалол бўлиш масьулияти ва шу билан бирга, шарафини бермаган экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлари ўттиз тўққиздан ошиб қирққа яқинлашганда одамлардан йироқда, таҳаннус ибодатини қилгилари келди. Ва бу ибодат учун уйларидан беш ярим километр узоқликда жойлашган Нур тоғидаги Ҳиро ғорини танладилар.

Рисолат хушхабари келмасидан олдин деярли ҳар куни Хадижа онамиз уйларидан егулик ва сув олиб, 5,5 километрли йўл босиб, Нур тоғига келар эдилар. Ва 865 метрдан баландроқ бўлган Ҳиро ғорига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга егуликларини олиб чиқар эдилар. Баьзида Ҳиро ғорига чиққанларида Пайғамбаримизни ибодат қилаётган ҳолда топар эдилар ва у кишининг ибодатдан фикрлари чалғимасин, деб, егуликларини аста қўйиб, яна уйга қайтар эдилар.

У киши Пайғамбаримизни ибодатдан чалғитадиган ишларнинг баридан ҳатто энг кичигидан ҳам йироқ бўлганлар. Буни қарангки, 9 километр юриб, 865 метрдан баландроқ бўлган жойга тушиб чиқишдан ҳеч ҳам малолланмас эдилар. Балки бу ишларнинг барини хушнудлик ва хурсандчилик билан жуда гўзал суратда адо қилар эдилар. Пайғамбаримизга қавмлари азият берганда, у кишига далда ва суянчиқ бўлар эдилар».

Буни қаранг-а! Нақадар улкан эҳтиром. Нақадар буюк фаросат соҳибаси бўлгансиз, азиз онажон!

Барча аёлларимиз Хадижа онамиздек оқила ва солиҳа бўлишларини ва худди шунингдек, эркакларимиз Пайғамбаримиздек ибодатли бўлишларини Аллоҳдан сўраб қоламан.

Абу Абдуллоҳ Бухорий




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ