Масжиди набавияни қуриш

3 йил аввал 3013 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага келиб, Бани Нажжорга тушишлари 1-ҳижрийнинг 12-Рабиул-Аввалига , 622- милодийнинг 27 сентябрига тўғри келади. У киши Абу Айюбнинг ҳовлиси олдидаги ерга борганларида, Иншааллоҳ, мана шу ерга манзил қурамиз, деганлар. Кейин Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг уйига ўтган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундан кейинги биринчи қилган ишлари масжиди набавияни қуриш бўлди. Бунинг учун туялари чўккан жойни танладилар. Жойни унинг эгалари бўлган икки етим боладан сотиб олдилар. Масжид қурилишига бевосита ўзлари қатнашиб, ғишт ва тош ташиб, шундай дердилар: Бу юклар Ҳайбарнинг юклари эмас, Бу юклар савоби битмас-туганмас. Яна шундай дердилар: Худоё, чин ҳаёт фақат охират, Муҳожир, ансорни этгин мағфират. Бу нарса саҳобаларнинг ғайратларига ғайрат қўшарди. Улардан бири шундай деганди: Пайғамбар ишласа, бизлар ўтирсак, Асло тўғри келмас бизга бу маслак. Ўша жойда мушрикларнинг қабрлари, харобалик, хурмолар ва ғарқад дарахти бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари билан мушрикларнинг қабрлари қўчириб юборилди, харобалик текисланди, хурмо ва дарахтлар кесилиб, масжиднинг қибла тарафига териб қўйилди. Масжид қибласи Байтул-Мақдис томонга бўлди, эшик кесакилари тошдан қилинди, деворлари ғишт ва лойдан тикланди, шифти хурмо баргларидан, устунлари хурмо танасидан қилинди. Оёқ остига қум ва майда тошлар тўшалди. Масжидга учта эшик қилинди. Узунлиги қибладан тортиб охиригача юз газ, икки тарафи ҳам шунча ёки сал камроқ, пойдевори уч газга яқин бўлди. Масжид ёнида тош ва ғиштдан қурилиб, шифти хурмо барглари билан тўсилган хоналар бино қилинди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг ҳужралари бўлиб, қуриб битказилгач, у Зот Абу Айюб хонадонидан уларга кўчиб чиқдилар. Мазкур масжид ёлғиз намоз ўқиладиган жойгина бўлиб қолмади, балки у мусулмонлар Ислом таълимотлари ва йўл-йўриқларини оладиган олийгоҳ, жоҳилий талатўп ва жангу жадаллар ўрталарини бузиб юборган турли қабилалар бир-бирлари билан учрашиб, ораларини тузатиб оладиган ислоҳот маскани, барча ишларни бошқариб, келди-кетдиларни тартибга солиб туриладиган марказ, маслаҳат ва ижроий мажлислари ўтказиладиган мажлислар зали вазифасини ҳам ўтарди. Шу билан бир қаторда, у уй-жойи, мол-мулки ва бола-чақаси бўлмаган қочқин ва камбағал муҳожирларни ўз бағрига жойлаган маскан ҳам эди. Абу Абдуллоҳ Бухорий




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ