Нубувват йиллари билан ҳижрий саналарнинг бошланиш ва тугаш ойлари ҳақида

3 йил аввал 5949 siyrat.uz

Нубувват йиллари билан ҳижрий саналарнинг

бошланиш ва тугаш ойлари ҳақида

 Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 610 йил август ойида Пайғамбар бўлганлар. Бу эса ҳижрий-қамарий тақвимда ҳижратдан аввалги 13-йилнинг Рамазон ойига тўғри келади.

Шу ўринда қамарий ойларнинг рўйхатини тартиб билан келтирсак:

Муҳаррам;

Сафар;

Рабиъул аввал;

Рабиъус соний;

Жумодул аввал;

Жумодус соний;

Ражаб;

Шаъбон;

Рамазон;

Шаввол;

Зулқаъда;

Зулҳижжа.

Демак, Рамазон ойи қамарий ойлар ичида тўққизинчи ой экан.

Жумҳур (кўпчилик) ва муҳаққиқ уламолар қамарий ойларнинг умум қабул қилинган тартибига асосланиб: «Нубувватнинг биринчи йили Рамазон ойидан бошланиб, зулҳижжа ойида тугайди, нубувватнинг 2-13 йиллари эса муҳаррам ойларидан бошланиб, зулҳижжа ойларида тугайди, нубувватнинг 14 йили эса муҳаррам ойидан бошланиб, сафар ойида тугайди», дейишади. Чунки ҳижрий сана нубувватнинг 14 йилидаги рабиъул аввал ойидан бошланади.

Ҳижрий биринчи йил рабиъул аввал ойидан бошланиб, зулҳижжа ойида тугайди. Иккинчи йилдан бошлаб, то ҳозирги кунимизгача эса муҳаррам ойларидан бошланиб, зулҳижжа ойларида тугаяпти.

Ҳижрий тақвим нубувватнинг 14 йили, 1 рабиъул аввал / мил. 622 йил 12 сентябрь тонгида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари билан боғлиқдир. Ҳижратнинг Ислом тарихида тутган ўрни ва аҳамияти жуда ҳам катта бўлиб, жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирма икки ярим йил давом этган пайғамбарлик ҳаётларини икки даврга – Маккий ва Маданий даврларга ажратиб беради.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 Жами набий ва расул пайғамбарларнинг адади: 124000 та (саҳиҳун ли ғойриҳи даражасига етган ҳадисларга кўра).[1]

Фақат расул пайғамбарларнинг адади: 315 та (саҳиҳ ҳадисга кўра).[2]

Қуръони каримда исмлари зикр қилинган пайғамбарлар: 25 та:

1) Одам алайҳиссалом;

2) Идрис алайҳиссалом ибн Ёрид;

3) Нуҳ алайҳиссалом ибн Ломак;

4) Ҳуд алайҳиссалом ибн Шолах (ёки Абдуллоҳ);

5) Солиҳ алайҳиссалом ибн Убайд;

6) Иброҳим алайҳиссалом ибн Озар;

7) Исмоил алайҳиссалом ибн Иброҳим алайҳиссалом;

8) Лут алайҳиссалом ибн Ҳорон;

9) Исҳоқ алайҳиссалом ибн Иброҳим алайҳиссалом;

10) Ёқуб алайҳиссалом ибн Исҳоқ алайҳиссалом;

11) Юсуф алайҳиссалом ибн Ёқуб алайҳиссалом;

12) Шуайб алайҳиссалом ибн Микоил (ёки Навфал);

13) Айюб алайҳиссалом ибн Мус (ёки Омус);

14) Зулкифл алайҳиссалом ибн Айюб алайҳиссалом;

15) Мусо алайҳиссалом ибн Имрон;

16) Ҳорун алайҳиссалом ибн Имрон;

17) Довуд алайҳиссалом ибн Ийшо;

18) Сулаймон алайҳиссалом ибн Довуд алайҳиссалом;

19) Илёс алайҳиссалом ибн Ёсин (ёки Озар);

20) Ал-Ясаъ алайҳиссалом ибн Ахтуб;

21) Юнус алайҳиссалом ибн Матто[3];

22) Закариё алайҳиссалом ибн Бархиё;

23) Яҳё алайҳиссалом ибн Закариё алайҳиссалом;

24) Ийсо алайҳиссалом ибн Марям;

25) МУҲАММАД соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Абдуллоҳ.

Улул азм (сабот-матонатли) пайғамбарлар: 5 та:

1) Нуҳ алайҳиссалом;

2) Иброҳим алайҳиссалом;

3) Мусо алайҳиссалом;

4) Ийсо алайҳиссалом;

5) МУҲАММАД соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

  1. Иброҳим алайҳиссаломнинг дуосидирлар (яъни Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссалом билан бирга Каъбани қурар эканлар, шундай дуо қилганлар: «Эй Роббимиз, уларга (яъни келажак умматларга) ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни (яъни Қуръон ва ҳадисни) ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбарни юборгин! Албатта, Сен Ўзинг Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикмат соҳиби)дирсан»)[4].
  2. Ийсо алайҳиссаломнинг башоратидирлар («Эсланг, Ийсо ибн Марям: «Эй Исроил авлоди, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир Пайғамбар ҳақида башорат (хушхабар) берувчи бўлган ҳолда, Аллоҳнинг сизларга (юборган) Пайғамбаридирман», деган эди»)[5].
  3. Оналари Оминанинг тушидирлар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баён қилишларича, оналари Омина у Зотни туғаётганларида бир нур чиққанини ва унинг ёруғлигидан Шом ўлкасидаги қасрлар ёришиб кетганини тушларида кўрган эканлар)[6].

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур исмлари:

Муҳаммад ва Аҳмад.

«Муҳаммад» исмининг маънолари:

1) «Тўхтовсиз, тинимсиз ва доимо мақталадиган», яъни мақталаверади, мақталаверади ва яна мақталаверади (барча пайғамбарлар ҳам мақталадилар, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтовсиз мақталадилар);

2) Мақтовга муносиб сифатлари, мақтовли хислатлари, мақтовга лойиқ амаллари ва тақдирланарли ишлари жуда кўп (барча пайғамбарларнинг мақтовга муносиб сифатлари, мақтовли хислатлари, мақтовга лойиқ амаллари ва тақдирланарли ишлари бор, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламники ҳаммасидан кўпроқдир);

3) Барча фазилатлар эгаси (барча пайғамбарлар фазилат эгалари бўлиб, ўз умматларига намуна бўлганлар, комил инсон бўлганлар, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча фазилатларни ўзларида жамлаган бўлиб, қиёматгача келадиган бутун инсоният учун энг мукаммал ва энг гўзал намунадирлар).

«Аҳмад» исмининг маъноси: Аллоҳ таолога энг кўп ҳамд-мақтовлар айтувчи (барча пайғамбарлар Аллоҳ таолога ҳамд-мақтовлар айтишган, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан кўпроқ айтганлар).

Саҳиҳ шажаралари: Муҳаммад ибн (1) Абдуллоҳ ибн (2) Абдулмутталиб ибн (3) Ҳошим ибн (4) Абдуманоф ибн (5) Қусай ибн (6) Килоб ибн (7) Мурра ибн (8) Каъб ибн (9) Луай ибн (10) Ғолиб ибн (11) Фиҳр (лақаби Қурайш) ибн (12) Молик ибн (13) Назр ибн (14) Кинона ибн (15) Хузайма ибн (16) Мудрика ибн (17) Илёс ибн (18) Музар ибн (19) Низор ибн (20) Маъадд ибн (21) Аднон.

Аржаҳ (кучлироқ, эҳтимоли кўпроқ, ҳақиқатга яқинроқ) қавлга кўра, Аднон Исмоил алайҳиссаломнинг қирқинчи авлодидир. Исмоил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли, Иброҳим алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломнинг авлоди, Нуҳ алайҳиссалом Одам алайҳиссаломнинг авлоди эканида эса шак-шубҳа йўқ.

 

Оталари: Абдуллоҳ (Абдулмутталибнинг Фотима бинти Амр исмли хотинидан туғилган ўғил фарзандлари ичида энг кичиги бўлган).

(Ҳижратдан аввалги 78-79 / мил. 546 йилда туғилган ва ҳижратдан аввалги 53 йил боши / мил. 571 йил бошлари – 54 йил охирлари / мил. 570 йил охирлари орасида, Фил воқеасидан олдин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қорнида ҳомила эканларида, 25 ёшида Мадинада вафот этган).

 

Оналари: Умму Муҳаммад Омина бинти Ваҳб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб[7] (ҳижратдан аввалги 47 йил / мил. 577 йилда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшга тўлганларида вафот этган).

 

Боболари (ота тарафдан): Абул Ҳорис Абдулмутталиб ибн Ҳошим (ҳижратдан аввалги 45 йил жумодул аввал ойи / мил. 579 йил апрелининг бошида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ёшу икки ою ўн кунлик бўлганларида, 80 ёшдан ўтиб вафот этган).

 

Бувилари (ота тарафдан): Фотима бинти Амр ибн Оиз ибн Имрон ибн Махзум ибн Яқаза ибн Мурра.[8]

 

Боболари (она тарафдан): Ваҳб ибн Абдуманоф.

 

Бувилари (она тарафдан): Барра бинти Абдулуззо ибн Усмон ибн Абдуддор ибн Қусай.[9]

Миллатлари: араб.

 

Қабилалари: Қурайш (Қурайш – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн биринчи боболари Фиҳрнинг лақаби бўлиб, ундан ўн иккита уруғ тарқалган).

 

Уруғлари: Бану Ҳошим – Ҳошимийлар.

 

Туғилишларидан олдин содир бўлган мўъжиза: Фил воқеаси (ушбу оламшумул воқеа ҳижратдан аввалги 53 йил, муҳаррам ойи / мил. 571 йил февралнинг охири ёки мартнинг бошида бўлиб ўтган. Бу кунлар қиш фасли тугаб, баҳорнинг бошланишига тўғри келади. Ушбу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишларидан 50-55 кун олдин бўлиб ўтган).

Туғилган саналари: ҳижратдан аввалги 53 йил, Фил йили, баҳор фасли, рабиъул аввал ойининг 8, 9 ёки 12-куни, душанба тонгида, бомдод маҳали / мил. 571 йил, 19, 20 ёки 23 апрель.

Туғилган жойлари: Макка шаҳри, Каъба ва Сафо тепалигининг шарқий тарафи, Бану Ҳошим маҳалласи, амакилари Абу Толибнинг уйи, ҳозирги «Макка» кутубхонасининг ўрни.

Шаққус садр (кўксиларини ёриб, қалбларини шайтоннинг васвасасидан тозалаш):

1) 4 ёшларида (ҳижратдан аввалги 49 йил / мил. 575 йил), Бану Саъд қабиласида (пайғамбарликка тайёрлаш учун);

2) 52 ёшларида (ҳижратдан аввалги биринчи йил, нубувватнинг 13 йили, рабиъул аввал ойи / мил. 621 йил октябрь), Меърож кечаси, Исро воқеасидан олдин, Каъба ёнида (Меърожга чиқишга тайёрлаш учун).

Пайғамбарликдан олдинги ишлари: ёшликларида қўй боққанлар, яъни чўпонлик қилганлар. Ўспиринлик ёшларидан то қирқ ёшларигача тижорат билан шуғулланганлар. Пайғамбар бўлганларидан кейин эса фақат рисолатни етказиш билан шуғулланганлар.

Тижоратдаги шериклари: Соиб ибн Абус Соиб Махзумий розияллоҳу анҳу (жумҳур-кўпчилик уламолар унинг мусулмон бўлганини ва Исломи гўзал бўлганини айтишади).

Яшаган манзиллари:

Ҳижратдан аввал: Маккаи Мукаррама, Масжидул Ҳаромга яқин маҳалла.

Ҳижратдан кейин: Мадинаи Мунаввара, Масжидун набавийнинг шарқий деворига туташ, Ҳужраи саодат.

Пайғамбар бўлишларидан олдинги лақаблари: Амийн (ишончли, ростгўй, омонатдор).

Кунялари: Абул Қосим.

Устозлари: Йўқ! У Зот уммий бўлганлар, яъни ўқиш-ёзишни билмаганлар. Пайғамбар бўлганларидан сўнг ваҳий орқали Аллоҳ таолодан илоҳий таълим олганлар.

 

Маъсумиятлари: пайғамбарликдан олдин ҳам, кейин ҳам маъсум бўлганлар, яъни Аллоҳ таоло у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни барча катта ва кичик гуноҳлардан пок сақлаган.

Пайғамбар бўлишларидан аввалги ибодатлари: «таҳаннус» (руҳий покланиш ва каттаю кичик гуноҳлардан сақланиш) ва «муроқаба» (бутун мавжудот – Холиқ ва махлуқот ҳақида тафаккур қилиш).

 

Пайғамбарликдан олдин рост туш кўришлари: олти ой (қамарий тақвим ҳисобида қирқ ёшдан қирқ ярим ёшларигача, яъни ҳижратдан аввалги 13 йил, рабиъул аввал ойи / мил. 610 йилнинг февралидан то ҳижратдан аввалги 13 йил, Рамазон ойигача / мил. 610 йилнинг августигача давом этган).

Алоҳида белгилари: икки кураклари орасида «Муҳри нубувват» (пайғамбарлик муҳри) бор.

Муҳри нубувватлари: кабутар ёки каклик тухумидек катталикда, қизғиш гўшт бўлиб, устида дона-дона холлар бор. Устини майин мўй қоплаган бўлиб, икки елкаларининг ўртасида, аниқроғи, чап куракларига яқинроқда, тепада жойлашган эди.

[1] Бу ҳақда ворид бўлган ҳадисларнинг санадларини «саҳиҳ» ёки «ҳасан» деб ҳисоблаган уламолар пайғамбарларнинг ададини 124000 та деганлар, уларни «заъиф» деган уламолар эса ададлари аниқ эмас, дейишган.

[2] Имом Ҳоким «Ал-мустадрак ъалас саҳиҳайн» китобида: «Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир», деган.

[3] Жумҳур уламоларнинг қавлига кўра, Матто Юнус алайҳиссаломнинг оналари бўлиб, мазкур пайғамбарлардан фақат Юнус алайҳиссалом билан Ийсо алайҳиссаломлар оналарига нисбат қилинади.

[4] Бақара сураси, 129-оят.

[5] Сафф сураси, 6-оят.

[6] Имом Ҳоким «Ал-мустадрак ъалас саҳиҳайн» китобида (2/673): «Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир», деган, имом Заҳабий тасдиқлаган.

[7] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-оналарининг насаблари мана шу олтинчи боболари Килобда бирлашади.

[8] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота тарафдан бувилари Фотима у зотнинг ота авлодлари билан мана шу еттинчи боболари Муррада бирлашади.

[9] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг она тарафдан бувилари Барра у зотнинг ота авлодлари билан мана шу бешинчи боболари Қусайда бирлашади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ