Дунё ва охиратдаги жуфти ҳалоллари

3 йил аввал 4147 siyrat.uz

Дунё ва охиратдаги жуфти ҳалоллари

 Аллоҳ таоло айтади: «Эй Пайғамбар (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), албатта, Биз сиз учун маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, сиз билан ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини, аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини, холаларингизнинг қизларини ҳалол қилдик, яна (ҳар қандай) мўмина аёлни ҳам – агар у ўзини Пайғамбарга ҳадя этса-ю, Пайғамбар уни никоҳига олишни истаса. (Бу имтиёз) мўминлар учун эмас, фақат сиз учундир. Биз у(мўмин)ларга жуфтлари ва қўллари остидаги чўрилари ҳақида фарз қилган ҳукмларимизни аниқ биламиз. (Булар) сизга танглик бўлмаслиги учундир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли бўлган Зотдир».[1]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу каби ояти карималар асосида Аллоҳ таолонинг амри билан ўзларидан олдин ўтган кўплаб пайғамбарлар қатори таълим-тарбияга оид, шариат қонунларини жорий қилиш билан боғлиқ, ижтимоий ва сиёсий ҳикматлар асосида тўрттадан ортиқ аёлга уйланишлари ҳалол бўлгани билан умматларидан ажралиб турганлар.

Қолаверса, мусулмон эркак киши никоҳида бир вақтнинг ўзида тўрттадан ортиқ хотин ушлаб туриши у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан 3 йилу 4 ой олдин (яъни ҳижрий 7 йил, зулқаъда ойи / мил. 629 йил март), охирги аёллари Маймуна онамизга уйланганларидан сўнг тақиқланган эди.

«Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи  мутаҳҳаралари тўққизта бўлиб, уларнинг ҳар бири Аллоҳ томонидан аллақачон «мўминларнинг онаси» деб атаб қўйилган эди. Бунинг устига, мабодо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тўрттадан ортиғини талоқ қилсалар, бошқа эрга тегишлари мумкин эмас эди. Аллоҳ буни ман қилган. Уларга уйланишларидан кўзланган ҳикмат ҳам ботилга айланар эди. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тўрт хотинли бўлиш ҳукмидан истисно қилди».[2]

У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жами ўн битта аёлни ўз никоҳларига олган бўлиб, вафот этганларида тўққизта аёллари бор эди. Сабаби, Хадижа онамиз билан Зайнаб бинти Хузайма онамиз у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида вафот этган эдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «... унинг (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) аёллари уларнинг (яъни мўмин-мусулмонларнинг) оналаридир...», деган[3].

[1] Аҳзоб сураси, 50-оят (кенгроқ маълумот олмоқчи бўлган ўқувчиларимиз «Тафсири Ҳилол»нинг 4-жузидан 50–52-оятларнинг тафсирини ўқисинлар).

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Тафсири Ҳилол», Аҳзоб сураси, 52-оят тафсиридан.

[3] Аҳзоб сураси, 6-оят.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ