Муқаддима

7 йил аввал 1563 siyrat.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله وسلام على عباده الذين اصطفى

     Ҳамдлар бўлсун ул меҳрибон Парвардигоримиз Зоти беҳамтосиғаки, биз мазлум туркистонлик бандалариға муҳожирлик сифатин навозиш айлади. Худо ва Расул ризолари учун ватанидан жудо бўлғонларға Ҳарамайни шарифайн иқоматларин насиб этди. Ер юзинда адолат ва диндорлик ила шуҳрат топқон давлат Саудия риоятида золимлардин паноҳ берди.    Алҳамдулиллаҳ, бизлар бугун мусулмондурмиз, иншааллоҳ, мусулмон яшаймиз ва мусулмон ўлурмиз.    Ҳар бир мусулмон ўз Пайғамбари ва диний раҳбари ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ғуломлари ва жон нисор ошиқлари бўлур, маҳбубин ҳар лаҳза ёд этур, тарих ҳаётларин ўқур ё эшитур. Ҳар нечук қийматлик нарсасин ул жаноб хушнудликлари учун қурбон берур. Дунёнинг аълодин аъло мартаба-ю, даражаларин Саййидул кавнайн ва Расулус сақалайн соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларин адно даража ғуломликлариға баробар кўрмас. Кеча-ю кундуз ул Махдуми ҳар ду жаҳон, Маҳбуби Холиқи кавну макон суннатлариға амалда бўлур. Динларида бўлмағон одату бидъатлардин ўзин сақлар, дину иймонин душмани бўлғон нафс ва шайтон шаррларидин Худосин паноҳиға қочур. Бу икки душман макридин нажот бергувчи Қуръони карим ва Аҳодиси шарифа тиловату мутолаалариға жону дили ила машғул бўлур. Мана бу тариқада ҳаёт кечиргувчи мусулмон, иншааллоҳ, Парвардигорин раҳматиға ва Маҳбубин шафоатиға мустаҳиқ бўлур.    Роббул оламин жалла шаънуҳу даргоҳиға беҳисобу беадад шукрлар арз этурмизки, биз муҳожирлар ўртамизда диний, адабий ва ахлоқий дарсларимиз ҳамиша жорийдур. Халқимиз, алҳамдулиллаҳ, тарбия ва иршод ҳалқалариға диллари ила шомил бўлурлар. Уламолардин ҳар лаҳза истеъфодада турурлар. Эрлардин хотунлар ва хотунлардин эрлар сабқат этурлар. Эшитган сабоқлариға мумкин қадар амал қилмакға саъй қилурлар. Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам сийрати муборакаларин ва саҳобаи киром аҳволи шарифаларин эшитсалар, вужудлари ларзон, кўзлари гирён бўлур.    Бу ожиз ўтган сана одатдагича ёз кунларида Тоифи шарифда бўлдум. Туркистонликлар буюк масжидларида субҳу шом икки вақт дарси умумий давом этди. Кечлик дарслар аксарият ҳамшираларимиз тарафларида бўлуб, дарс асносида сийрати муборакадин баён берилганда ажиб ва ғариб таассурлар сезилур эрди. Бу ҳолатни мушоҳада этгач, банда алар учун бир мухтасар сийрати набавия ёзуб, туҳфа этмакни ваъда қилғон эрдим. Мана бул қўлимизда турган китоб ўшал ваъда этулуб, алҳамдулиллаҳ вафо қилунғон китобдур. Номин «Нурул басар ёхуд сийрату хойрил башар соллаллоҳу алайҳи васаллам» қўюлди. Аллоҳ таоло караму иноятидин умид шулдурки, бу асари ожизонани туркистонлик биродарларим ва ҳамшираларим учун бир нав раҳбари тариқ ва ниъмар рафиқ айлагай.    Банда бу 1383 ҳижрий сана (милодий 1963 йил) ёз мавсумида ҳасбал одат яна зиёрати аҳбоб қасдида Тоиф шаҳриға бордим. Азизлар иштиёқда турган эканлар, меҳмонимиз дам олсун демасдан, ҳаммалари бил иттифоқ тафсиру ҳадисларин олуб, маъҳуд масжидлариға ҳозир бўлдилар. Бу улуғ истиқбол ва шондор харидорликларин кўргач, ночиз биродарлари биъавниллаҳи ва карамиҳ икки вақт масжидда, бир вақт ғарибхонада дарс ва иршод ҳалқасиға ҳасбал мақдур машғул бўлдум. Алҳамдулиллаҳ, тўрт ойлик бир муддатда Қуръони карим аввалларидин беш пора ва ҳадиси набавийдин «Риёзус солиҳийн» китобининг тўрт хамси мудораса бўлуб ўтди. Аллоҳ таоло биз муҳожир бандаларин ҳамиша мундоғ эҳсосу шуъурлардин маҳрум этмасун. Ўз тоатида ва Расулин итоатларида ҳусни хотима насиб айласун.    Бу сана зуҳур этмиш ҳалқаи илм баракотидин бири, балки улуғи шулдурки, тамоми аҳли ҳалқа дину ахлоқ тарафиға мойил бўлганликларидин аллома Зубайдийнинг «Тажриди сариҳ» номли «Бухорий шариф»ға қилган мухтасарларин ва имом Нававийнинг «Риёзус солиҳийн»ларин ўз тилимиз туркистончаға   таржима-ю таҳшия қилинишин талаб этдилар ва бу хизмати жалилани бажармак шарафин бу ҳақир зиммасиға юкладилар. Агар Аллоҳ таоло инояти ила бу нарса вужудға чиқуб қолса, аларни зебо бир ҳажмда, ниҳоятда хушхат ва камғалат қилуб босдуруб, ҳижрат оламидаги муҳожир биродарларға баҳосиз лиллаҳ тарқатмакни жамоа бошлиғлари ўз зиммалариға олдилар. Аллоҳ таоло ёзгувчи-ю, босдиргувчи зотларни ўз паноҳида асраб, мундоғ улуғ ёдгорларни тездин вужудға чиқишлариға ҳаммамизни муваффақ айлагай.    Ушбу муносабат ила сўз охирида бу арзни ҳам биродарларға қилурманки, ҳикмат надур Тоифда муқим муҳожир биродарларимиз ҳаммалари аҳли карам, меҳмоннавоз, ғарибпарвар зотлардурлар. Илм мажлисин яхши кўрурлар, уламоларни эҳтиром этурлар, аҳли салоҳни дўст тутурлар, меҳмоннавозликда бойлари фақирлари ила мусобақа этурлар. Хусусан, Баладун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварадин бир биродарлари боруб қолса, Ҳабибимиз ҳамсоялари келубдурлар, деб молу жонларини қурбон қилурлар. Кўзлариға тўтиё, балки нуру зиё этурлар. Бу нарсани иймони содиқ ва муҳаббати Худо ва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам демасак, нима ном берурмиз? Бу мумтоз сифатларда, машааллоҳ, эрлару хотунларнинг караму диндорликларин далили шулдурки, қўлумиздаги «Нурул басар» китоби бир солиҳа ҳамширамиз ҳиммати ила босилуб, нашр этулмакдадур, жазаҳаллоҳу хойрон. Тоифдаги ватандошларимизнинг бу қадар диний ва адабий тараққийлари учун бош сабаб – андаги заъимлару жамоа бошлиғларин диндор ва карам  бўлушларидур. Алар шул қадар инсоният ва мурувватлик улуғлардурларки, бир муҳтож  биродарларин ҳузну ғамдин қутқазмай ҳаргиз ором олмаслар. Ҳамдардлик йўлида на дўконлариға боқурлар ва на маконлариға. Қайси бир диний ва миллий муҳим иш пайдо бўлса, ҳаммадин аввал ўзлари қадам қўюрлар, сўнгра бошқа биродарларға далолат этурлар. Ниятлари холис, ўзлари мухлис бўлғонлик жиҳатларидин ҳамиша ҳар бир қадам қўйғон ишларида, алҳамдулиллаҳ, вақт (?) бўлурлар. Аллоҳ таоло ҳар тоифаға шундоғ художўй сардорларни заъоматларин насиб этсун, омийн.    Энди, ҳазрат Парвардигор таъйиди ила Ўз карамиға эътимод этуб, бу муборак мухтасар сийрати шарифаға шуруъ қилурмиз.

Ҳижрий 1383 сана, жумодас соний

(милодий 1963 йил, октябрь).

Мадинаи мунаввара.

Ходимул қавм Саййид Маҳмуд Тарозий.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ