Нурул башар

1 ўн йил аввал 2451 siyrat.uz

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Ҳазрат Ийсо алайҳиссаломдин тақрибан икки минг йил муқаддам Бобил ҳукумати ниҳоятда тараққий қилғон эрди. Молиявий ҳолати мустаҳкам, аскарий тоқати буюк бўлғон сабабдин давлати кўп ва раъиялари амну омонда эрдилар. Бу ҳолатға молик бўлғон подшоҳнинг димоғи кибру ғурурдин шундоғ тўлдики, мамлакатнинг ҳаммадин улуғ ибодатхонасиға ўз суратин йўғон бир ҳайкал шаклида қўйдуруб қўюб, ҳукм бердики, ҳар бир инсон шул ҳайкалға сажда қилсун ва назру ниёзларин анга атасун ва ҳожатларини андин тиласун.

Жаноб Роббул оламин шул ҳукуматни ва раъияларини ҳидоятлари учун ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбар қилуб юборди. Бу жанобнинг силсилаи насаблари тўққуз восита ила ҳазрат Нуҳ алайҳиссаломға етадур. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом одамларни тавҳидға даъват ва ширкдин ман қила бошладилар. Подшоҳға тавҳид даъвати хуш келмади, чунки ани қабул этган ҳолда подшоҳ худоликдин бандалик мақомиға тушуб қолур эрди. Анинг учун қабул эта олмади. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом хонадонлари подшоҳпараст бир қавм бўлғонликлари учун алар ҳам ўз фарзандлариға мухолиф бўлдилар. Қавмларин ва ҳукуматларин мухолафатларин кўргач, ҳазрат Иброҳим ватанидин ҳижрат қилмакға мажбур бўлдилар. Хотунлари ҳазрат Сора ва жиянлари ҳазрат Лут алайҳиссаломни баробар олуб, хорижға чиқуб кетдилар. Ҳазрат Иброҳим ўз ҳаётларин интизоми учун бир мунча қўю эчкиларни боқишға машғул бўлдилар. Аллоҳ таоло моллариға барака ато қилуб, кўпайиб кетди. Бир муддатдин кейин осмондин ёғин келмай қўйлар ва эчкилар ўтлаб турган чаманистон қуруғ бир чўлу биёбонға айланди. Бу ҳолни кўргач, ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом молларин олуб сарсабз майдонларда ўтлата-ўтлата Миср иқлимиға етуб бордилар. Ул кунларда Миср подшоҳи Бобилдин келган Рақюн номлик бир киши эрди. Бу подшоҳ ҳазрат Сорани кўргач, ўз ватанимдин келган бу хотунни никоҳимға олай, деб орзу қилди. Лекин Аллоҳ таоло ул зотни Ўзининг бир буюк Пайғамбарининг манкуҳалари эканликларин подшоҳға тездин маълум қилди. Кейин подшоҳ ҳазрат Иброҳимни кўп ҳурмат қилди ва Мисрдин кетар вақтларида ўз қизи Ҳожарни яхшилар суҳбатларида тарбият тобсун ва ўз ватандошларимдин бирор муносиб одамға берилсун, деб ҳазрат Иброҳим қўллариға топшурди. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом бу меҳмоннавоз подшоҳни орзусиға еткуруб, қизини ўз никоҳлариға олдилар. Аллоҳ таоло ҳазрат Иброҳимнинг бош кўрган фарзандлари ҳазрат Исмоил алайҳиссаломни шул Ҳожар онамиз қоринларидин иноят қилди. Кейин бир оз муддатдин сўнгра ҳазрат Сора онамиз қоринларидин ҳазрат Исҳоқ алайҳиссаломни карам қилди. Бу икки фарзанд пайдо бўлғондин кейин Аллоҳ таоло ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломға хабар бердики, бу икки фарзандингиз ниҳоятда баракотлик зотлар бўлғайлар, булар наслларидин кўп катта қавмлар пайдо бўлур, кўпликларидин ададларин билуб бўлмас. Кейин ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом Худонинг ҳукми ва хонадонларин талаблариға мутобиқ авлодлариға алоҳида-алоҳида мамлакатларни тақсим қилуб бердилар. Шом мамлакатини ҳазрат Исҳоқға бердилар, чунки Шомнинг шарқ тарафи Бобил эрди. Анда ҳазрат Исҳоқнинг тоға жамоалари бор бўлуб, алар ила алоқа қилмак осон бўлур эрди. Чунончи, ҳазрат Исмоил алайҳиссаломға Арабистонни бердилар, чунки Миср Арабистоннинг ғарб тарафида бўлуб, анда ҳазрат Исмоилнинг тоға жамоалари бор эрдилар. Алар ила алоқа этмак осон бўлур эрди. Бу тақсимдин кейин бу икки биродар авлодлари шул қадар кўпайдиларки, ўрталарида бошқа ажнабий бир жамоа қолмади. Зарурат вақтида ҳар икки қавм бир-бирлариға ниҳоятда осонлик ила мадад еткуза олур эрдилар. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом бош фарзандлари Исмоил алайҳиссаломни волидалари ила баробар ҳозирғи Маккаи мукаррама шаҳрини ўрниға келтуруб қўйдилар. Кейин ўғиллари ила баробар ул ерға бир масжид ҳам бино қилдилар ва Парвардигор даргоҳиға дуо қилдиларки, бу дашту биёбонға бино қилунғон мамлакат ва масжид аҳли учун Ўзи ризқ еткузсун, дунёнинг ҳар қисм неъматлари ила бу иқлимни обод айласун ва бу мамлакат аҳлин ҳидоятлари учун ўзларидин бир буюк Пайғамбар пайдо қилсун.

Ҳазрат Исмоил алайҳиссалом арабларнинг кўпдин ҳукмрон бўлуб келган қабилалари Бану Журҳум сардори Музознинг қизин ўз никоҳлариға олдилар. Ҳазрат Исмоил алайҳиссаломдин ўн икки ўғил фарзанд пайдо бўлди. Булардин шул қадар авлод кўпайдики, мағриб тарафдин Мисрға, жануб тарафдин Яманға улашуб кетдилар. Ҳазрат Исмоил алайҳиссаломнинг иккинчи ўғиллари Қайдор ниҳоятда буюк шуҳрат топди. Шул зот авлодлари боболарин йўллари бўлғон тавҳид ақидасини баробар сақлаб, Маккаи мукаррамада қолуб кетдилар. Қайдор авлодларин ўттиз еттинчи пушти бўлғон Аднон аввал ниҳоятда соҳиби тадбир бир киши эрди. Анинг кичик укаси Акк Яман салтанатин қоим қилғон эрди. Бу Аднондин кейин бунинг авлодиға Бану Журҳум қабиласи ғолиб келуб, аларни Маккадин чиқариб юбордилар. Ўз тоғалари бўлғон Бану Журҳум Бану Исмоилни шунинг учун Маккадин чиқардиларки, булар Бану Журҳум бутлариға ибодат қилмадилар, балки ота-боболарин йўллари бўлғон тавҳидда қоим турдилар. Кейин Адноннинг ўн бешинчи пушти бўлғон Қусай келуб, яна Маккаи мукаррамаға қабза қилди ва Маккада бир муштарака ҳукумат бунёдин қурди. Қусайдин кейин анинг ўғли Абдуманофки номи Муғира эрди. Отасиға жонишин бўлди. Андин кейин анинг ўғли Ҳошим ва Ҳошимдин кейин анинг ўғли Абдулмутталиб ва андин кейин анинг ўғли Абу Толиб қавм сардори бўлиб ўтди. Жаноб Ҳазрат саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдулмутталибға ўғил набира бўлурлар. Оталарин номлари Абдуллоҳ эрди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ