Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаби шарифлари

1 ўн йил аввал 3101 siyrat.uz

Жаноб саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номи ақдаслари Муҳаммаддур. Бу номни жадд (бобо)лари Абдулмутталиб қўйғондур ва волида (она)лари қўйғон ном Аҳмаддур.

Оталари Абдуллоҳ Абдулмутталибнинг кичик ўғлидур. Абдулмутталибнинг асл номи Шайбатул ҳамд эрур. Отаси Ҳошимдур. Ҳошимнинг асл номи Амрдур. Отаси Абдуманоф бўлуб, ҳақиқий номи Муғийра эрур. Муғийра Қусайнинг ўғли бўлур. Қусайнинг асл лақаби Мужаммиъдур. Отасининг номи Ҳаким ва лақаби Килобдур. Ҳакимнинг отаси Мурра бўлуб, анинг отаси Каъбдур ва Каъбнинг отаси Луайдур. Луайнинг отаси Ғолиб эрур. Анинг отаси Фиҳрдур. Фиҳрнинг лақаби Қурайш эрур. Қурайшнинг отаси Молик бўлуб, анинг отаси Назрдур. Назрнинг отаси Кинона эрур. Анинг отаси Хузайма бўлуб, Хузайманинг отаси Мудрика эрур. Мудриканинг асл номи Омир ё Амрдур. Отасининг номи Илёсдур. Илёс Музарнинг ўғли бўлур. Музарнинг отаси Низордур. Низорнинг отаси Маъадд бўлуб, бу зот Аднон ибн Удаднинг ўғлидур.

Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг силсилаи насаби шарифлари ушбу Аднонға етуб тўхтар. Ҳазрат ўзлари ўз насабларин баён қилғон соатларида Аднондин юқориға ўтмас эрдилар. Лекин Адноннинг ҳазрат Исмоил алайҳиссаломнинг авлодларидин деб жазм билур эрдилар. Маълум бўлдики, жаноб саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом авлодларидиндурлар, волидаи мунир ҳазрат Ҳожира (Ҳожар) фарзандлари ҳазрат Исмоил алайҳиссалом воситалари ила ул жанобға етурлар.

Ҳазрат саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида маддоҳлари (Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу) дебдурлар:

وَشَقَّ لَهُ مِنْ إسْمِهِ لِيُجِلَّهُ فَذُو الْعَرْشِ مَحْمُودٌ وَ هَذَا مُحَمَّدٌ

(таржима) Аллоҳ таоло Ўз Расулини мартабаларин баландликларин билдурмак учун Ўз номидин ул жанобға ном чиқаруб берди. Кўрунглар Худо Маҳмуддур ва Расули Муҳаммаддурлар.

Ҳақиқатда «ҳамд» калимасини Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламға тааллуқи зиёдадур. Ер юзида номлари Муҳаммаддур ва осмонда Аҳмаддур. Умматларин номлари Ҳаммодундур. Қиёматда мақоми шафоатларин номи Мақоми маҳмуддур. Байроқларин номи Ливоул ҳамддур. Соллаллоҳу алайҳи васаллам.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ