Хайбар ғазоти

3 йил аввал 8071 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий еттинчи йилнинг Муҳаррам ойи охирларида Хайбарга юриш қилдилар. Хайбар Мадинанинг шимолидан юз мил узоқликда жойлашган Шом тарафдаги катта шаҳардир.

Бу ғазотда мусулмонлар ҳам отлиқлар, ҳам пиёдалар бўлиб бир минг тўрт юз киши эдилар. Хайбарга етиб келгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўхтанглар», дедилар-да, сўнг: «Эй осмонлар ва уларнинг соясидаги нарсаларнинг Парвардигори, эй ерлар ва улар кўтариб турган нарсаларнинг Парвардигори... Албатта, биз Сендан бу қишлоқнинг, унинг аҳлининг ва ундаги барча нарсанинг яхшилигини сўраймиз ва бу қишлоқнинг, унинг аҳлининг ва ундаги бор нарсанинг ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳнинг номи билан юришни бошланглар», дедилар. Одатда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам бир қавм устига ғазот қилиш учун борсалар, тонг отгунга қадар кирмай турардилар. Агар тонгда азон овозини эшитсалар, қайтиб кетар, эшитмасалар, уларнинг устига бостириб кирар эдилар. Бу сафар ҳам Хайбар яқинида тунаб, у ерга эртасига кирган эдилар ва Хайбар деҳқонларига дуч келдилар. Улар кетмон, ўроқ каби иш қуроллари билан экинзорлари томон кетаётган эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан «Муҳаммад билан унинг лашкари», деб қичқириб, ортларига қочишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Хайбар хароб бўлибди, биз қачон бир қавм майдонига тушсак, огоҳлантирилганларнинг   тонгги   нақадар   ёмон бўлибди», дедилар. Ибн Саъд айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ваъз-насиҳат қилганларидан кейин аҳли Хайбар билан жанг бошланди. Улар қўрғонларига яшириниб олишган эди. Мусулмонлар қўрғонларни бирин-кетин ишғол қила бошладилар, фақат Ватих ва Сулалим номли икки кўрғонни ишғол қилиш оғир кечди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у икки қўрғонни ўн кундан ортиқроқ қамалда ушлаб турдилар». Аҳмад,  Насоий,   ибни  Ҳиббон  ва  Ҳокимлар Бурайда ибн Хотибнинг куйидаги ҳадисини ривоят қиладилар: «Хайбарда жанг байроғини Абу Бакр розияллоҳу анҳу олди. У киши фатҳ қилолмай қайтди. Эртасига байроқни Умар розияллоҳу анху олди. У киши ҳам фатҳ қилолмай ортига қайтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эртага Аллоҳ ва Расулини севадиган, Аллоҳ ва Унинг қўли билан фатҳ қиладиган кишига байроқни бераман», дедилар. Ўша куни кечаси саҳобалар байроқ кимга берилиши мумкин, деган саволга жавоб  излаб  чиқишди.  Тонг  отгач,  барчалари Расулуллоҳ   соллаллоху   алайҳи   васалламнинг олдиларига келишди (Ҳамма ўзича байроқ менга берилса эди, деб умид қилар эди). Шунда у Зот: «Али ибн Абу Толиб қаерда?» дедилар. Саҳобалар: «У кишини кўзлари оғрияпти», дейишди. У Зот: «Унга одам юборинглар», дедилар. Али келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўзларига туфлаб, дуо қилдилар. Шу заҳоти Али розияллоҳу анҳу аввал касал бўлмагандек тузалиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқни Алига бердилар. Шунда Али розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, улар билан то биз каби (яъни мусулмон) бўлгунларича урушаман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларнинг майдонига шошилмай тушиб, уларни Ислом динига даъват қил, Аллоҳнинг ҳақларини уларга тушунтир. Бас, Аллоҳ номига қасамки, Аллоҳ таоло сен сабабли бир кишини ҳидоят қилиши сен учун водий тўла қизил туядан ҳам яхшироқдир», дедилар. Сўнг Али розияллоҳу анҳу жанг қилди ва ҳақиқатдан ҳам фатҳ унинг қўли билан бўлди. Мусулмонлар ўша қўрғонлардаги барча ўлжаларни қўлга киритдилар. Мазкур икки қўрғонни эса мусулмонлар қамал қилишда давом этдилар. Пировардида, қўрғон аҳли ҳалок бўлишга кўзлари етгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уларни қамалдан чиқаришларини, жонларини омон қўйиб, молларини олишларини сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлдилар. Кейин улар у Зотдан уларни Хайбардан чиқариб юбормасликни, балки шу ерда қолиб тирикчилик ва деҳқончиликларини давом эттиришларини,  чиққан  ҳосилнинг  бир   бўлаги ўзларига қолишини сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан шу нарса устида мувофиқ бўлиб, сулҳ туздилар, фақат уларга: «Лекин қачон сизларни бу ердан чиқариб юборишни истасак, чиқариб борамиз», деб қўшиб қўйдилар». Ибн Исҳоқ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уруш тугаб, хотиржам бўлгач, Салом ибн Мишкамнинг аёли Зайнаб бинти Ҳорис у Зотга қовурилган қўй гўштини ҳадя қилди. У аёл аввалроқ одамлардан  Расулуллоҳ  соллаллоху  алайҳи  васаллам  қўйнинг  қайси  ерини  суйиб  истеъмол қилишларини сўраган, у Зот қўйнинг қўлини яхши кўришлари айтилгач, айни ўша қисмига кўпроқ заҳар солиб, у Зотнинг олдиларига олиб келиб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан бир тишлаб, ютмадилар. У Зот билан бирга Бишр ибн Баро ибн Маърур ҳам бирга эди. У киши ҳам   бир   тишлаб   ютиб   юборди.   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туфлаб ташладилар. Сўнг: «Бу устихон  менга ўзининг заҳарланган эканини айтяпти», дедилар. Кейин ҳалиги аёлни чақиртирган эдилар, у буни эътироф қилди. Шунда: «Сени бундай қилишга нима мажбур қилди», деб сўраган  эдилар. Аёл: «Қавмим тарафидан  (сиз ҳақингиздаги) хабарни эшитгач, ўзимга ўзим, агар подшо  бўлса, ундан  қутуламан,   агар  ростдан Пайғамбар бўлса, унга маълум қилинади, деб шу ишни қилдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кечирдилар. Бишр эса ўша еган заҳарли луқмаси сабабли ҳалок бўлди». Зуҳрий      билан      Сулаймон      Таймийнинг таъкидлашларича,   ўша   аёл   Исломга   кирган. Бишрнинг қасоси учун у ўлдирилганми, йўқми ҳақида ихтилофлар бор. Ибн Саъднинг ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлни Бишрнинг қариндошларига топширганлар, улар эса уни ўлдиришган. Лекин саҳиҳ ривоят Муслимнинг ривоятидир: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у аёлга: «Аллоҳ  мени сени ўлдиришга қодир қилмайди», дедилар. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, уни ўлдирмаймизми?» деганларида у Зот: «Йўқ», дедилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ўлжаларини мусулмонлар орасида, пиёдага бир улуш, отлиққа икки улуш қилиб тақсимладилар. Яҳудларнинг бошлиқларидан бўлган Хуяй ибн Ахтабнинг қизи София асирга олинган Хайбар аёллари орасида эди. София Исломга киргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни озод қилиб, унга уйландилар ва озод қилишларини унинг маҳри деб белгиладилар.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ