Саҳобалар

Жаъфар ибн Абу Толибнинг Ҳабашистондан қайтиши

3 йил аввал 2913 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардаликларида у ерга Ҳабашистондан Жаъфар ибн Абу Толиб билан ўн етти киши ва яна бир гуруҳ Ямандаги мусулмонлар қайтиб келишди. Мусулмонларнинг розилиги билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб келган муҳожирларга ҳам ўлжадан тақсимлаб бердилар.

Ибн Ҳишом айтади: «Жаъфар ибн Абу Толиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг пешонасидан ўпиб: «Қай бири билан хурсанд бўлишни ҳам билмай қолдим : Хайбар фатҳи биланми ёки Жаъфарнинг келиши биланми, дедилар». Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Мадинага қайтаётиб Хайбарга ансорлардан Савод ибн Ғазияни бошлиқ қилиб сайладилар. У олий навли хурмо олиб келган эди, Расулуллоҳ: «Хайбарнинг ҳамма хурмолари ҳам шундайми?» дедилар. У: «Йўқ, Эй Расулуллоҳ, биз бундай хурмоларнинг бир соъини паст навли хурмонинг икки соъига алмаштирамиз», деди. Шунда у Зот: «Ундай қилманглар, балки паст навлисини сотиб, унинг пулига олий навлисини сотиб олинглар», дедилар.
Ибратли нукталар
Бу ғазот ҳақида бирламчи фикр юритишимиз керак бўлган нарса унинг бошқа ўзидан олдинги ғазотлардан   тубдан   фарқли   эканини   мулоҳаза қилмоғимиздир. Ўзингизга маълумки, бундан олдинги ғазотлар мудофаа асосига қурилган эди. Яъни уларда мусулмонлар ўзларини мудофаа қилиб, душманнинг ҳамласига жавоб қайтарган эдилар. Аммо бу ғазот аввалгилардан фарқли бўлиб, у исломий даъват янги босқичга ўтганидан далолатдир. Бу ғазот Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Хайбарга ўрнашиб олган яҳудларга қарши тўсатдан бостириб кирган ва ҳужумни биринчи бўлиб бошлаган ғазотдир. Бу ғазотнинг асл мақсади яҳудларни Ислом динига даъват қилиш ва уларнинг куфрларига, ҳақиқатни қабул қилишдан ор қилишларига ҳамда қалбларидаги гина-адоватларига қарши курашиш эди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қавм устига ғазот қилиб борсалар, то тонг отмагунча жангни бошламас эдилар. Агар тонгда бомдод намозига азон айтилса, ортга қайтар, агар айтилмаса, жангни бошлар эдилар. Шунинг учун у Зот Хайбарга етиб борган кечада келганларини ҳеч кимга билдирмай, ҳеч ким билан уруш қилмай тунадилар. Тонг отиб, бомдод намозига азон айтилмаганини билгач, жангни бошладилар. Бу ғазотдан уламолар бир неча ҳукмларни олганлар. Биринчи, сафардан келган киши билан ўпиб кўришишнинг жоизлиги. Уламолар сафардан келган киши билан ўпиб, қучоқлаб кўришиш дурустлгига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистондан қайтган Жаъфар ибн Абу Толибни икки кўзининг ўртасидан ўпиб қучоқлаганликларини далил қилиб келтирадилар. Мазкур ҳадис эса Абу Довуд ривоят қилган саҳиҳ ҳадисдир. Термизий Оиша онамиздан ривоят қилади: «Зайд ибн Ҳориса Мадинага келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ҳужрамда эдилар. У келиб эшикни қокди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб уни қучоқлаб, ўпдилар». Қуйида  Термизий  Анас  розияллоҳу  анҳудан ривоят қилган ҳадис зоҳиран фикримизга қарши чиқиши мумкин: «Бир киши айтди:« Эй Расулуллоҳ, бизлардан бирор киши ўзининг оға-иниси ёки дўстига йўлиққанда унга эгиладими?»Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ», дедилар. «Қучоқлаб,   уни   ўпадими?» «Йўқ»,   дедилар. «Қўлидан ушлаб кўришадими?»«Ҳа», дедилар». Бу ҳадис зоҳирда юқоридаги ҳукмга зид бўлиб кўринса-да, аслида ундай эмас. Чунки ҳадисдаги кишининг саволи ҳар бир инсон ўз дўсти билан одатий   ва   такрорий   кўришуви   ҳақида   эди. Табиийки,  бундай   ҳолда  ўпишиб,   қучоқлашиб кўришиш у қадар мақбул эмас. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ва Зайдга нисбатан қилган ишлари уларни пешоналаридан ўпиб, қучоқлашлари - ўзингизга маълум бўлганидек сафардан қайтиш пайтида содир бўлган эди. Демак, бу икки ҳолат фарқли экан. Иккинчи, озиқ-овқат маҳсулотларида ошириб тўлаш рибоси. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита бир хил жинсдаги нарсани бир-бирига бир томонни кўп, иккинчи томонни оз қилиб алмаштиришдан жуда кўп ҳадисларда қайтарганлар. Ана шулардан бири Муслим Убода ибн Сомитдан ривоят қилган ҳадисдир.    Убода    айтади:   «Мен    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олтинни олтинга, кумушни кумушга, хурмони хурмога, буғдойни буғдойга,  арпани  арпага, тузни  тузга (бирини иккинчисидан        орттириб)        алмаштиришдан қайтарганларини   эшитдим.   Фақат   тенгма-тенг, нақдма-нақд алмаштиришдан (қайтармаганлар). Бас, кимки (ана шу нарсаларда зиёда қилса ёки зиёда қилишни сўраса, у судхўрлик қилибди)». Яна биз юқорида келтирган олий навли хурмони паст навли хурмога алмаштириш ҳақидаги ҳадис ҳам ана шулар жумласидандир. Рибонинг бу тури ҳақидаги батафсил маълумотларни фиқҳ китобларидан топишингиз мумкин. Лекин бу ерда урғу бермоқчи бўлганимиз нарса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нави паст хурмога нави юқорисини алмаштиришни истаган кишига рибо бўлмаган бошқа бир Шариат рухсат берган йўлни кўрсатяптилар. Яъни ўша паст навлисини аввал пулга сотиб, кейин ўша пулга юқори навлисини сотиб олишни ўргатдилар. Яна бу ғазотда Аллоҳ таоло Ўз Расулига берган икки мўъжиза содир бўлди. Иккиси ҳам саҳиҳ ҳадислар билан собитдир. Биринчиси, у Зот Али розияллоху анҳунинг ҳаста бўлиб турган кўзларига туфлаганларида, дарҳол ҳеч нарса кўрмагандай тузалиб кетишлари. Иккинчиси, заҳарланган қўй гўштини емоқчи бўлиб турганларида Аллоҳнинг ваҳийси билан емасдан омон қолишлари. Эҳтимол, бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятининг баёни, бошқача қилиб айтганда, ижроси бўлса, ажаб эмас:«Аллоҳ Сизни одамлардан (уларнинг зараридан) сақлагай. Албатта, Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас» (Моида сураси, 67-оят). Хайбар яҳудлари Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик  давригача ҳосилнинг ярмига  шерик бўлиш шарти билан деҳқончиликларини давом эттирдилар. Кейин ансорлардан бирини ўлдирдилар. Абдуллоҳ ибн Умарга тажовуз қилиб, қўлларини синдиришди.  Умар розияллоху  анҳу одамларга шундай дедилар: «Албатта, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Хайбар яхудлари билан хоҳлаган пайтимизда чиқариб юборамиз, деб шартлашганлар. Дарҳақиқат, улар юқорида маълум бўлганидек, Абдуллоҳ ибн Умарга тажовуз қилишиб, қўлларини синдиришди. Ундан аввал яна бир ансорийни ҳам (ҳалок    қилишди).    Буни    ўшалар    қилишгани шубҳасиздир.    Чунки    бизни    улардан    бошқа душманимиз йўқ. Кимнинг Хайбарда моли бўлса, уни тўлатиб олсин, чунки мен яҳудларни у ердан ҳайдаб чиқармоқчиман», дедилар. Шундай қилиб ,Умар розияллоҳу анху яҳудларни Арабистон ярим оролидан бутунлай чиқариб юбордилар. Агар уларнинг душманлиги, ҳақиқатга кибр қилишлари бўлмаганда қувилмаган, чиқариб юборилмаган бўлар эдилар. Лекин барча ер Аллоҳники, унга бандаларидан хоҳлаганларини меросхўр қилади. Хайри оқибат тақводорларникидир.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ