Қабилаларга вакиллар, подшоларга мактублар юбориш

3 йил аввал 3299 siyrat.uz

Ҳижрий еттинчи йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арабистон ярим оролидаги барча араб қабилаларига агар қабул қилсалар, уларни  Исломга даъват қилиш учун, қабул қилмасалар, улар билан жанг қилиш учун ўз саҳобаларидан бир қанча сарийя - гуруҳлар ва вакилларни юбордилар. Бундай гуруҳларнинг адади ўнтага етган эди. Мана шу пайтнинг ўзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа мамлакатларнинг бошлиқларига, подшоларига уларни Исломга даъват қилиб, ўзлари тутган нотўғри динларини тарк қилишга чақириб мактублар юборишни бошладилар.

Ибн Саъд ўзининг «Табақот»ида ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий олтинчи йилнинг Зул-ҳижжа ойида Ҳудайбиядан қайтгач, подшоларга уларни Исломга даъват қилиб элчилар ва мактублар юбора бошладилар. Шунда саҳобалар:   «Эй   Расулуллоҳ,   подшолар   фақат муҳрланган мактубни ўқийдилар», дейишди. Ўша кундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч қатор нақш солинган « Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб   ёзилган   кумуш   узук   тақа   бошладилар. Мактубларга ана шу узуклари билан муҳр қўйдилар. Олти нафар саҳоба мактуб билан бир кунда чиқиб кетишди. Бу еттинчи йилнинг Муҳаррам ойи эди. Улардан ҳар бири ўзи юборилган қавмнинг тилида сўзлаша олар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборган биринчи элчи Амр ибн Умайя бўлиб, уни Нажошийга юборган эдилар. Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини олиб кўзларига суртди ва тахтидан тушиб тавозуъ билан ерга ўтирди сўнг Ҳақ Шаҳодатни келтириб Исломни қабул қилди ва: «У Зотнинг олдиларига боришга қодир бўлганимда, албатта, борган бўлар эдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Диҳя ибн Халифа ал-Калбийни Рим пошшоси Ҳераклга юбордилар.  Мактубда шундай сўзлар бор эди: «Мехрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан Аллоҳнинг Расули  Муҳаммаддан  Рим  бошлиғи  Ҳераклга... Ҳидоятга эргашганларга тинчлик-омонлик бўлсин... Албатта,   мен   сени   Исломга   даъват   қиламан. Исломни қабул қил, омонликда бўласан. Исломга кир, Аллоҳ сенга икки баробар ажр беради. Агар юз ўгирсанг, барча фуқаро гуноҳи сенинг зиммангда бўлади». «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Эй аҳли Китоб (яъни яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз    —    Ёлғиз    аллоҳгагина    ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-бировларимизни худо қилиб олмайлик». И з о ҳ: Бутун оламни яратган Аллоҳ таоло барча инсонлар бахтли яшасинлар, деб ўз томонидан ҳаёт учун дастурул-амал бўлган қонун-коидалар, яъни Динни юборган. Кимда-ким бу қонун-қоидаларни тан олмасдан ўз-ўзича янги қонун чиқармоқчи бўлса, яъни Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол, деса, у худоликни даъво қилган ҳисобланади ва унинг сўзини тасдиқлаб, изидан эргашганлар эса уни худо деб    билган    бўладилар.    Ҳазрати    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам насронийлар ҳақида нозил бўлган: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларининг олимларини, роҳибларини худо қилиб олдилар», деган   мазмундаги   оятни   ўқиганларида,   буни эшитган Адий ибн Ҳотим номли аввал насроний бўлган бир саҳоба:«Биз уларга ибодат қилмас эдик, ё Расулуллоҳ», деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Улар ўзларича сизларга айрим нарсаларни ҳалол, айрим нарсаларни ҳаром, деб фатво берар эдилар, сизлар эса уларнинг сўзларига эргашар эдингиз, мана шу сизлар уларни худо қилиб олганларингиздир», дедилар. Одамлар Ёлғиз  Аллоҳ таолони  қўйиб,  бир-бирларини    худо    қилиб    олишлари    бизнинг замонимизда, хусусан, мусулмонлар орасида ҳам, минг афсуски, учраб туради. Кейинги даврларда Динимиз душманлари тарафидан Қуръон ва Ҳадис маъноларидан   бехабар,   нодон    мусулмонларни йўлдан оздириш учун Ислом ниқоби остида иш юритадиган   турли   ҳизблар   ташкил   қилинди. Уларнинг    мақсадлари     эндигина    Аллоҳнинг марҳамати     билан     диний     таълимот     олиш имкониятига эга бўлган мусулмонларни ҳақиқий Исломий    тарбиядан    чалғитиш,    мусулмонлар бирлигини     бўлиб-ёриш,     ўша     ҳизбларнинг тузоқларига тушиб қолган нодон ёшларни ҳукумат қўли билан қамоқхоналарга тиқиб йўқотиш, жаҳон афкори оммаси назарида Муқаддас Ислом динига нисбатан   нафрат  уйғотиш   ва  энг  даҳшатлиси одамларни Ёлғиз Аллоҳга ибодат-қуллик қилишдан буриб, ўша ҳизб ва унинг раҳбарларига сиғинишга мажбурлашдан иборатдир. Масалан, яқинда ана ўша ҳизблардан бири: «Мусулмонлар учун уч кундан ортиқ халифасиз яшаш ҳаром», деган даъво билан чиқди. Маълумки, бирон нарса ёки ишни ҳаром деб ҳукм   чиқариш   Ёлғиз   Аллоҳ   ва   у   Зотнинг Пайғамбарининг ҳаққидир. На Қуръони Каримда ва на ҳадиси шарифда уч куннинг ичида халифалик қуриш   фарзлиги,   акс  ҳолда  ҳаром  ишга  йўл қўйилган бўлиши хусусида бирон сўз йўқ эканлиги ҳам аён бир ҳақиқатдир. Демак, юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифнинг далолати бўйича, ўша адашган   ҳизбнинг  йўлбошчилари  Аллоҳ  таоло ҳаром   қилмаган   бир   ишни   ҳаром   деб   ҳукм чиқаришлари билан ўзларини Аллоҳга шерик деб даъво қилаётганлари маълум бўлганидек, қасамёд қилиш билан ўша ҳизбга кириб, унинг ботил кўрсатмалари билан мусулмонларни заҳарлаб юрган ҳизбчилар ўзларининг йўлбошчиларини худо қилиб олганлари ҳам маълум бўлади. Аллоҳ таоло ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом умматларини мана бундай йўлдан озишдан Ўз паноҳида асрасин. Агар улар (яъни аҳли Китоблар ушбу даъватдан) юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар — Ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!» (Оли Имрон сураси, 64-оят). Ибн Саъд ўзининг «Табақот»ида айтади: «Ҳеракл мактубни ўқиб бўлгач, атрофида турган аъёнларига: «Эй Рим аҳли, сизларга зафар, тўғри Йўл, собит мулк керакми? Сизлар Ийсо ибн Марям айтган нарсага эргашасизларми?» деди. Қавм: «Нима экан у, эй шоҳ?» дейишди. «Ана у араб Пайғамбарга эргашасизлар», деди. Шунда қавм ёввойи эшак каби ҳаяжонга     тушиб,     норозиликлар     билдириб, хочларини кўтаришди. Бу ҳолатни кўрган Ҳеракл қавмининг Исломга киришидан ноумид бўлди ва ўзининг ҳамда мулкининг хавфсизлигини ўйлаб, уларни тинчлантирди ва: «(Сирни бой бермай) бу гапларни сизларни синаш учун ва ўз динингизга бўлган эътиқодингиз қай даражада эканлигини билиш учун айтган эдим. Сизларда ўзим истаган нарсани кўриб, кўнглим хотиржам бўлди», деган эди барчалари уни олқишлаб, унга сажда қилишди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Хузофани шоҳ Кисрони Исломга даъват қилиш учун юбордилар. У билан бирга мактуб ҳам юборган эдилар. Мактуб Кисрога ўқиб эшиттирилгач, Кисро мактубни олиб йиртиб, парчалаб ташлади. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келгач:«Аллоҳ унинг мулкини парчаласин», дедилар. Кисро ўз қўл-остидаги Яман ҳокими Бозонга: «Иккита паҳлавон кишини юбор, ана у кишини менинг олдимга олиб келсин», деб мактуб ёзди. Бозон Кисронинг буйруғига биноан икки кучли кишини бир мактуб билан юборди. Улар Мадинага келиб, Бозоннинг мактубини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мактубни ўқиб, табассум қилдилар ва: «Эртага келинглар, жавобимни айтаман», дедилар. Эртасига келишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Хўжайинингизга (Бозонга) айтиб қўйингларки, албатта, менинг Роббим унинг (Бозоннинг) «роббиси» бўлган Кисрони шу кеча кирганига етти соат бўлганда ўлдирди». Ибн Саъд ривоятига кўра, ўша кеча ҳижрий еттинчи йил Жумодул-аввалнинг ўнинчиси, сешанба кечаси эди. Аллоҳ таоло Кисрога ўзининг ўғли Шерувайҳни душман қилиб қўйган, натижада у Кисрони ўлдирган эди. Ҳалиги икки элчи ўз юртларига қайтиб бориб, хўжайинлари Бозонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини етказишгач, у ҳам, Ямандаги унинг қўл остидагилар ҳам Исломни қабул қилишди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бусро ҳокимига Ҳорис ибн Умайрни юбордилар. Лекин у Ҳорисни бўғиб ўлдирди. Айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиларидан Ҳорисдан бошқа элчи ўлдирилмаган экан. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли минтақалардан турли араб амирларига кўп элчи ва мактублар юбордилар. Уларнинг аксариси Исломни қабул қилишди. Айни замонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларининг мусулмон бўлганликларини билдириб келган вакиллар саноғи ҳам талайгина эди. Холид ибн Валид билан Амр ибн Ос ана шу пайтда Исломга кирган араб киборлари жумласидан эдилар. Ибн Исҳоқнинг ривоятида Амр ибн Ос шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориш мақсадида йўлга чиқдим. Йўлда Холид ибн Валидни учратиб қолдим. (Бу воқеа Макка фатҳидан илгари бўлган эди.) У Маккадан келаётган экан. Қаёққа кетяпсан, эй Абу Сулаймон (яъни Холид), дедим. «Аллоҳга қасамки, Исломни қабул қилиш учун кетяпман, ахир қачонгача шундай юравераман», деди. Унга: «Мен ҳам фақат Исломга кириш учун кетяпман», дедим. Кейин иккимиз бирга бориб, аввал Холид Исломни қабул қилиб, байъатлашди, кейин мен байъатлашдим».
Ибратли нукталар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли давлат бошлиқларига мактуб йўллаш қиссасида бир қанча далолат ва аҳкомлар бўлиб, қуйида қисқача баён қилиб ўтамиз: Биринчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган даъват маълум бир макон ёки замон ёки миллатга эмас, балки бутун инсоният учундир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёнинг ҳар тарафидаги ҳоким, подшоларга ўз даъватларини етказдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Кисро, Қайсар, Нажоший ва барча жаббор (қудратли давлат бошлиқ)ларига уларни Аллоҳ таолога даъват қилиб мактублар йўлладилар». Иккинчи: Ҳераклнинг ўз аъёнларига, Ийсо алайҳиссаломнинг динида эканликларини даъво қилган аъёнларига нисбатан тутган йўлида аксар аҳли китоблар ҳақиқатдан кибр қилиб, ботилликни танлашга уринишларига далолат бордир. Улар динни оддий урф-одатлар каби тасаввур қиладилар. Унинг ҳақ ёки ботиллиги ҳақида қизиқмайдилар. Ўзларининг шароитларига тўғри келса, бас, у ботилми, ҳақми улар учун бунинг қизиғи йўқ. Ҳераклнинг тутган ишида ҳам шу нарсанинг гувоҳи бўламиз: Аввал бошда у ишларнинг ҳақиқатини билувчи, тадаббурли киши суратида кўринган бўлса, кейин халқининг ҳолатига қараб ҳамда ўзини ва тахтини ўйлаб фикри бутунлай ўзгарди ва уларни синовчи, имтиҳон қилувчи кишига айланди- қолди. Учинчи: Мазкур қиссадан олинадиган яна бир далолат мусулмонлар Ер юзининг барча тарафларига Ислом даъватини ёйишлари учун, аввало, унинг воситаларини бекам қилишлари лозим экан. Ана шундай воситалардан бири ўзлари даъват қилмоқчи бўлган миллатнинг тилини ўрганишдир. Юқорида маълум бўлдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан олти кишини бир кунда подшоҳларни даъват қилиш учун жўнатдилар. Улардан ҳар бири ўзи жўнатилган қавмнинг тилини яхши ўрганган эди. Тўртинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўлларидан олинадиган яна бир далолат, мазкур номалар юборилиш вақтини (ҳижрий еттинчи йил) мулоҳаза қилган ҳолда айтадиган бўлсак, мусулмонлар даъват масъулиятини, аввало, ўз ораларида ҳис қилишлари керак экан. Яъни аввал ўзлари Исломни яхши ўрганиб, уни ҳаётларига татбиқ қилгандан сўнггина иккинчи вазифага - бошқа халқларни даъват қилишга ўтиш лозим экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу санадан (еттинчи йил) аввалроқ ҳам мазкур давлат бошлиқларига элчилар, мактублар йўллаб даъват қилишлари мумкин эди. Лекин бу иш биз айтиб ўтган аввал ўзни ўнглаш қонунига тескари бўлиб қолар эди. Зотан, мусулмонлар ўзларини ислоҳ қилишларининг ўзи бошқаларга даъватдир. Чунки инсоният яхшилардан ўрнак олиб яшайдиган қилиб яратилганлиги сабабли мусулмонлар Ислом даъватининг ижросини ўз ҳаётларида кўрсатиб беришларининг таъсири жуда каттадир. Қани энди, бугунги кундаги мусулмонлар ҳам Исломнинг асосу аҳкомларини ўз ҳаётларига тўла татбиқ қилганларида унинг нури Африка ҳам Европани «ёритган»бўлар эди. Рисола ва номалар юбориш санаси Макка фатҳидан олдин, ҳижрий еттинчи йилда бўлганлигига аксар сийрат уламолари ижмоъ қилганлар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ