Суннатда келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим бериш усуллари

3 йил аввал 2654 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим беришда қалбга тез жо бўладиган, ақл кўтара оладиган, фаросат етадиган энг чиройли ва афзал услубни танлар эдилар. Бирон нарсани таълим бермоқчи ёки баён қилмоқчи бўлсалар, гапни гўзал муқаддима билан бошлардилар; саҳобаларига ҳадис айтсалар, уни турлича етказардилар: гоҳ савол билан, гоҳида жавоб билан, гоҳ саволнинг ўзига жавоб берардилар, гоҳ зиёда ҳам қилардилар, гоҳ мисол келтирардилар, гоҳ ёзиб, гоҳ чизиб таълим берардилар, баъзан ташбеҳ келтирардилар, баъзан очиқ айтардилар, гоҳида эса ишора қилардилар, гоҳ савол бериб, саҳобаларини имтиҳон қилсалар, гоҳ масалани ечимига олиб бориш учун савол берардилар; гоҳида эса саволсиз ҳам таълим берардилар, гоҳ баъзи мажлисларини аёлларга хослаб, улар муҳтож бўлган илмларни ўргатардилар, гоҳида эса олдиларидаги ёш гўдакларга ҳолатларидан келиб чиқиб таълим берардилар. Буларнинг барига муҳаддислар жамлаган суннат китобларида далиллар бор, буларнинг баьзиларини қуйида келтириб ўтамиз: 1. Гўзал сийрат ва буюк хулқ билан таьлим беришлари У Зот соллалоҳу алайҳи васалламнинг таълим беришдаги энг гўзал ва муҳим услублари агар бир ишга буюрсалар, аввал ўзлари уни бажарар эдилар, сўнгра инсонлар бундан ўрнак олардилар. У Зотнинг хулқлари Қуръон эди. Аллоҳ таоло бандаларига у Зотни гўзал ибрат ва намуна қилди: لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا (Эй иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир. Шубҳасизки, таьлим-тарбияда устоз гапираётган гапига ўзи амал қилса,талабаларга таьсирли, тушунишларли ва устозларига гапираётган гапларида эргашишлари осон кечади. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзга кўринган энг улкан услублари эди. Бунга бир ҳадисни мисол қилиб келтирсак. Имом Муслим ва Абу Довуд Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг бу масжидимизга келдилар. Унда  ибн Тоб хурмосининг шохаси бор эди. Шунда кўзлари масжиднинг қибласилаги балғамга тушди, сўнг уни қўлларидаги новда билан қириб ташладилар. Сўнг бизга юзланиб: «Қайси бирингиз Аллоҳ ундан юз ўгиришини яхши кўради?»дедилар. Шунда биз бошимизни эгиб ерга қараб турдик. Сўнг яна: «Қайси бирингиз Аллоҳ ундан юз ўгиришини яхши кўради?» дедилар. Биз бошимизни эгиб турардик. Сўнг  яна: «Қайси бирингиз Аллоҳ ундан юз ўгиришини яхши кўради?» дедилар. Биз: «Бирортамиз буни хоҳламаймиз», дедик. «Бирортангиз намоз ўқиш учун қоим бўлса, Аллоҳ таборака ва таоло унинг қаршисида бўлади, у ҳаргиз қаршисига ҳам, ўнг томонига ҳам тупурмасин, тупурадиган бўлса, чап оёғи остига тупурсин. Агар тупуги келиб шошилиб қолса, бундай қилсин», дедилар-да, кийимларини бир четини олиб ишқалаб кўрсатдилар. Сўнг: «Менга бир хушбўйлик келтиринглар», дедилар. Шунда бир бола югуриб уйига чопиб кириб кетди-да, кафтида хушбўйликни олиб келди. Сўнг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни олиб қўлларидаги шохани учига суртдилар-да, кейин у билан балғам изини кетказдилар. Жобир ибн Абдуллоҳ: «Мана шундан кейин сизлар хушбўйликларни масжидларингизда сепадиган бўлдингизлар», дедилар.» Ушбу ҳадиси шарифнинг таьлимий ҳикматларидан: 1. Бир сўзни уч маротаба қайтаришлари тоинки эшитгувчиларнинг қалбларига етиб борсин. 2. Эшитгувчига таъсирлироқ бўлиши учун бир ишни бажариб туриб баён қилишлари. 3. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг юксак тавозуь соҳиби эканликлари. 4. Қодир бўлган киши жирканч ишни қўли билан қайтаришлиги. 5. Ёмон ишни тил билан баён қилиб беришлари ва бошқалар. 2. Босқичма-босқич таълим беришлари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбда яхшироқ ўрнашиши, ёдлаш осон бўлиши учун илмни, аввало, энг муҳимидан, сўнг ундан даражаси пастроғидан бўлиб-бўлиб таълим берардилар. عن جندب بن عبد الله، قال : كنا مع النبي صلى الله عليه وسلم ونحن فتيان حزاورة فتعلمنا الايمان قبل أن نتعلم القرآن . ثم تعلمنا القرآن . فازددنا به إيمانا Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз балоғат ёшига етиб қолган йигитлар ҳолимизда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юрардик. Шунда Қуръондан олдин иймонни таълим олардик. Сўнг Қуръонни таълим олардик, шу тариқа  иймонимиз зиёда бўларди». Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлар билан юришлари, уларга, аввало, Исломнинг асоси–иймонни, сўнг Қурьонни босқичма-босқич таьлим беряптилар. ذكر الإمام الطبري بسنده عن ابن مسعود قال : كان الرجل مِنَّا إذا تعلَّم عَشر آيات لم يجاوزهُنَّ حتى يعرف معانيهُنَّ ، والعمل بهنَّ Имом Тобарий «Санад» ларида ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Бизлардан бир киши агар ўн оят таълим олса, маъноларини тушуниб, уларга амал қилмагунича бошқаларига ўтмасди». Имом Ғаззолий айтадилар: «Илмлар зарурий мартабаларда тартибланган, баъзилари баъзиларига олиб борадиган йўлдир. Муваффаққиятли киши эса бу тартиб ва тадрижга риоя қилган кишидир». Таълимни тадрижий равишда олиб бориш уни осонлаштиришнинг бир кўринишидир. Саҳиҳул Бухорийнинг «Илм бобида» бунга ишора қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: يسروا ولا تعسروا , بشروا و لا تنفروا «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, ҳушхабар беринглар, нафратлантирманглар». Ҳадисни изоҳлаб Ибн Ҳожар айтадилар: «Шунингдек, таълим ҳам тадрижий бўлиши керак, чунки бир нарсани боши осон бўлса, унга киришаётган кишига манзур бўлади, ўзлаштириши енгил кечади ва ниҳоят илм ҳам зиёда бўлади». Эътиқодий масалалар, хусусан, Аллоҳ таоло ва Унинг асмои сифатлари тўғрисидаги маълумотлар, иймон масалалари ва бошқалар шариатнинг асосий ва муҳим мавзулари сирасига кириб, буларни билмаслик йиллаб қилинган амални йўққа чиқаради. Шу боис салафи солиҳлар уни «Илмдан олдинги илм»  деганлар.Бу сўзни қуйидаги ояти карима ҳам қувватлайди: فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ Бас, шуни билгинки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Ҳатто жанг майдонларида шаҳид бўлган баъзи саҳобалар ҳам ҳали шариъатнинг жузъий масалаларини билишмасди. Фақат иймон калимасини маъносини билишарди, холос. Бу эса иймон масалаларини муқаддам таълим беришликни, умуман олганда эса илмни муҳимидан қуйига қараб, соддадан мураккабга қараб таълим беришни тақозо қилади. Амалий таълим тажрибаси ҳам шуни кўрсатадики, дарснинг асл мазмунини тўлиқ ёритмай туриб, уламоларнинг шарҳлари, нодир ҳолатлар учун хосланган масалалар, шахсий тажриба ва бошқа маълумотларга ўтилмайди. Бунга Ал-Жоҳиз ҳам ишора қилиб айтадики: «Аслий ҳукмларни баён қилмай, фаръийларига тегилмайди. Асосий гапдан кўзланган мақсадни англаш учун мавзуга бегона бўлган тарафларга ўтилмайди, ажойиб, нодир ривоятлар айтилмайди, барча бефойда, ўзига жалб қиладиган маълумотлар берилмайди». Ал-Жоҳиз тўхталган кейинги масалага келсак, дарҳақиқат, эътиборни тортадиган қизиқ маълумотлар зеҳнда тез ўрнашиб унда қарор топади. Буларни муқаддам келтирилса, талаба буларни асосий маълумот ўрнида қабул қилиб қолиши мумкин. Демак, маълумот узатишда шундай йўлни тутиш керакки, талаба қабул қилаётган маълумотларини қайси бири асосий, қайси бири тўлдирувчи эканлигини билиб турсин. Маълумотни ҳам аввал талабаларнинг ўзларига манфаатли масалалар билан бошланади, кейин атрофдагиларга фойдали масалалар баён қилинади. Шунингдек, ушбу масалалар ичидан эътиқод қилиниши лозим бўлганларини аввал, кейин ибодатга алоқадорларини, кейин эса дунёвий ишларини юргазиш учун керак бўладиганларини ва ниҳоят, қўшимча маълумотлар берилади. Бунинг тасдиғи сифатида Имом Ғаззолий «Иҳёи улумуд-дин» китобида айтадилар: «Агар умр узун бўлганда ҳар бир илмни охиригача ўрганишга монеълик қилмасдим, лекин умр қисқа, илм эса кўп... шунинг учун нотўғри шуғулланишлик муҳим бўлган илмдан машғул қилиб қўяди. Яҳё ибн Маъин шундай шуғулланиб қўйиб фиқҳдан кўп нарсани йўқотдилар, энг ёмони олтмиш йил ҳадис ёзган шайх бир воқеа-ҳодиса ҳақида сўралганда, Аллоҳ азза ва жалланинг бу борадаги ҳукмини билмаслигидир». Яҳё ибн Маъин ҳадис илмида одамлар орасида шундай катта фазилатга эга бўлиб, баъзи оддий масалалар эътиборларидан четда қолган, ҳатто Имом Аҳмад ва бошқа тенгқурлари эришган нарсага ҳам ета олмаганлар. Демак, бу масалани амалда татбиқ қилишнинг ўз шарт-шароитлари, қонун-қоидалари бор. Унга кўра, Ақоид илмларини фиқҳдан олдин ўргатиш лозим. Шунингдек, Шариатнинг аслларини (Қуръон, ҳадис) унинг фаръларидан олдин; Қуръон тиловатини унинг тафсирини ўргатишдан олдин; умумий тафсирни унинг нозик нуқталарига киришишдан олдин; нозик нуқталарни эса муташобиҳ оятларга киришишдан олдин эгаллаш лозим. Ҳадисда эса саҳиҳ ҳадисларни ҳасандан олдин; ҳасанни эса заиф ҳадисларга киришишдан олдин; Имом ал-Бухорий ва Имом Муслим ҳадисларига ёзилган шарҳларни жарҳ, таъдилга киришиб санадларни тахриж қилишдан олдин ўргатиш керак. Яна фиқҳда фарзларни суннатлардан олдин; намоз, закот бобларини ваколат, ширкат бобларидан олдин таълим берган яхши. Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, баъзи илмларнинг афзалияти ҳолат ўзгариши билан ўзгариб туради. Тижоратни касб қилган кишига учун закот масалаларини ўргатиш бошқа илмлардан кўра муҳимроқ мақомга чиқиб олади. Бир мамлакатда бузғунчи ғоялар, фирқалар кўпайиб кетса, уларга раддия ёзиш бошқа амаллардан устунроқ мақомга чиқиб олади ва ҳоказо. 3. Таълим беришда мўтадилликка ва малоллантирмасликка риоя қилишлари Ҳар бир инсон онгининг илмни қабул қилиш чегараси бўлиб, агар бу чегарадан ўтиб кетилса, унда илмга нисбатан нафрат ҳосил бўлади. Шунинг учун Набий соллалоҳу алайҳи васаллам бу меъёрга алоҳида аҳамият берардилар. У Зот саҳобаи киромларнинг илмга бўлган ғайратлари пайдо бўлгунича кутар ва бу ҳолатлардан унумли фойдаланардилар. Имом ал-Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ» ларида талабаларнинг ҳолатларидан келиб чиқиб, уларни малоллантирмасдан таълим беришга далолат қилувчи алоҳида боблар ажратилган. Қуйида ушбу бобда келган ҳадислар билан танишиб ўтамиз. حدثنا محمد بن يوسف قال أخبرنا سفيان عن الاعمش عن أبى وائل عن ابن مسعود قال كان النبي صلى الله عليه وسلم يتخولنا بالموعظة في الايام كراهة السآمة علينا Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни зериктириб қўйишни хоҳламаганларидан ҳолимизга қараб (маълум) кунларда мавъиза қилардилар». حدثنا عثمان بن أبى شيبة قال حدثنا جرير عن منصور عن أبى وائل قال كان عبد الله يذكر الناس في كل خميس فقال له رجل يا أبا عبد الرحمن لوددت انك ذكرتنا كل يوم قال اما انه يمنعنى من ذلك انى اكره ان املكم وانى اتخولكم بالموعظة كما كان النبي صلى الله عليه وسلم يتخولنا بها مخافة السآمة علينا Абу Воил айтади: «Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба одамларга ваъз-насиҳат қилар эди. Бир киши унга: «Эй Абу Абдурраҳмон, бизга ҳар куни ваъз-насиҳат қилишингизни истардик», – деди». «Менга қаранглар, сизларга малол келтириб қўйишни ёқтирмаганим мени бундан тўсади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зерикиб қолишимиздан қўрқиб, ҳолимизга қараганларидек, албатта, мен ҳам ваъз айтишда ҳолингизга қарайман», – дедилар. Ибн Ҳожар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида: «Бу ҳадисдан яхши-эзгу амалларни қилишда малолланиб қолмаслик учун доимийликни тарк қилиб туришни мустаҳаблиги келиб чиқади. Агарчи доимийлик-саботлик талаб қилинган ишлардан бўлса ҳам, лекин у икки  хил бўлади: ё сохтасизлик билан ҳар куни, ёки кун ора қилинадики тарк қилинган кунларда дам олинади. Бу ҳолатларнинг, шахсларнинг турли хил бўлиши билан ўзгаради.» 4. Талабаларнинг қобилиятидан унумли фойдаланишлари Инсонлар муайян қобилият билан яратилганлар. Бир ишга ёки муайян бир фанга иқтидори етмаган талабага умумий баҳо бериб уни ерга урилмайди. Балки муаллимнинг вазифаси ундаги ўзига хос хислат – қобилиятни топиб, тўғри йўналтира олишидадир. Зеро бир фандан оқсаётган талаба шу вақтнинг ўзида бошқа бир фандан пешқадамлар сафида бўлиши мумкин ёки хотираси заиф талабанинг фаросати кучли бўлиши мумкин. Таълим беришда ҳам бу шахсий хусусиятлар эътиборга олинади. Ҳар бир талабанинг фаҳм-фаросатига қараб муомала қилинади. Дарсда оқсаётганганларга пешқадамларга бериладиган саволлар берилмайди. Ҳар бир савол эгасига ҳолатларидан келиб чиқиб энг муҳим ва ҳаётда манфаатли бўлган жавобларни берилади. Бунга Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ва Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга айтилган ушбу ҳадис далолат қилади. من لقى الله لا يشرك به شيأ دخل الجنة قال الا ابشر الناس قال لا، اخاف ان يتكلوا Ким Аллоҳга унга ҳеч нарсани ширк келтирмасдан йўлиқса, жаннатга киради. (Муоз р.а) дедилар: «Инсонларга хушхабар бермайми?»«Йўқ, (бунга) таяниб қолишларидан қўрқаман», - дедилар. Имом ал-Бухорий бу ҳадисга ўзларининг саҳиҳ ҳадисларидаги «Илм китоби» да алоҳида бир боб ажратиб уни «Илм учун бир қавмни хослаган киши» деб номлаганлар. Али розияллоҳу анҳу ҳам шундай деганлар: «Инсонларга ўзлари тушунадиган нарсани гапиринг ёки Аллоҳ ва Унинг Расулини ёлғончига чиқарилишини хоҳлайсизми?» Имом Муслим эса «Саҳиҳи Муслим»нинг муқаддимасида қуйидаги гапни ўзларига дастурул амал қилиб оладилар: «Авом халқ хос кишилар каби қалблари уйғоқ маърифат аҳлидан эмаслар, шундай экан, оз нарсани тушунишдан ожизлик қиладиган кишиларни кўп нарсани талаб қилишларининг маъноси йўқ». Устоз ва мураббийларнинг муайян дарсни маълум бир талабалар гуруҳига хослашлари қолганларни заиф санаганлари, уларга ишонмаганлари ёки уларни илмнинг фазилатидан тўсиш эмас, балки хато тушунчани олдини олиш ёки узундан-узоқ муқаддималардан сақланишдир. «Фатҳул Борий»да Ибн Ҳожар мавзуни далиллаш учун салаф уламоларининг сўзларини келтирганлар. Жумладан, Имом Аҳмад зоҳири султонга қарши чиқиш бўлан ҳадисларни, Имом Молик эса Аллоҳ таолонинг асмои сифатларини, Абу Юсуф эса ғаройиботларни омма халққа айтишни макруҳ санаганлар. Ҳасан Басрий эса Анаснинг«Урония» қиссасини Ҳажжожга айтишини ёқламаганлар. Уни асоссиз таъвил қилиб, кейин унга суяниб кўп қон тўкишидан хавфсираганлар. Яна имом Муслим ибн Масъуддан ривоят қиладилар:«Бир қавмга ақллари етмайдиган нарсани гапирсанг, бу уларнинг баъзиларига фитна бўлади» . Буни изоҳлаб ибн Ваҳб айтадилар: «Чунки улар ўзгача таъвил қиладилар ва аслидан бошқа маънога йўядилар». Шўъба Касир ибн Мурра ал-Ҳазрамийдан тахриж қилиб айтадилар: «Молингнинг сенда ҳақи бўлганидек, амалингнинг ҳам сенда ҳақи бор, илмни унинг аҳли бўлмаганга гапирма, жаҳолатни ёйган бўласан, илмни унинг аҳлидан тўсма, гуноҳга ботасан, аҳмоқларнинг олдида ҳикматни гапирма, сени ёлғончига чиқаришади, ҳукамолар олдида ботил нарсани гапирма, сендан нафратланиб қоладилар». Бугунги кунда аксарият устоз ва мураббийлар эҳтиёж сезадиган нарса бу маълумотларни ажрата олиш қобилияти (осон ва қийинга ) ва бунга лойиқ эшитувчини танлай билиш фаросатидир. Имом Мовардий айтадилар: «Олим киши талабаларнинг тоқат ва лаёқат даражасини баҳолай оладиган фаросатга эга бўлиши керак. Албатта, бу ишлар олимга роҳат бахш этади, талабага эса манфаат келтиради. Агар олим талабалар орасида шу сифатга эга бўлса ва уларнинг лаёқати даражасида тажрибали бўлса, талабаларга қийинчилик туғдирмайди ва ҳузурида ҳеч кимнинг юзи қизармайди. Аммо уларни назорат қила олмаса, ҳолатлари, лаёқатлари унга (муаллимга) қоронғу бўлса, уларни ҳам, ўзини ҳам қийинчиликка қўяди ». Баъзи уламолар олим кишининг илмнинг муайян бир қисмини сир сақлаб туришини зарурат деб топганлар ва буни пешқадамликнинг бир кўриниши, ҳам деганлар. Жумладан, Имом Молик шу гапни таъкидлаб айтадилар: «Ҳар бир эшитган нарсасини гапирган киши ҳеч қачон пешқадам бўла олмайди». Демак, таълимни талабалар қобилиятига мослаш ёки дарсни қийинлигига қараб уни қабул қилишга лаёқатли талабани танлаб олиш ҳам раббонийликнинг бир кўриниши экан. Фақиҳлардан бири фиқҳга шундай маъно беради: «Фиқҳ гапнинг кўплигида эмас, балки бу гапларга лаёқатли кишиларни танлай билишликда». САЙЛИЕВ ТЎЙМУРОД



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ