Якуний мавлид маросими

7 йил аввал 4042 siyrat.uz

Бугун «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси ҳамда Ислом.уз портали томонидан рабиъул аввал ойи муносабати билан «Қалбимиз, ҳаётимиз Сиз ила, ё Расулаллоҳ!» шиори остида ўтказиб келинаётган мавлид анжуманларининг якуний маросими бўлиб ўтди.
Анжуман Қуръони Карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Анжуман дастурига киритилган дастлабки тадбир – «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси томонидан чоп этилган, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб «Мўминнинг умр сафари» номли муфассал ҳаж китобининг тақдимоти бўлди. Ушбу китобни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла тақдим қилиб, бу нашр ҳам устоз роҳматуллоҳи алайҳнинг кўпдан-кўп садақаи жориялари қаторидан муносиб ўрин олиши, унда динимизнинг бешинчи аркони – ҳажга оид барча зарурий маълумотлар мухтасар шаклда, содда ва равон тилда баён қилингани ҳақида тўлқинланиб сўзлади. Жумладан, муаллиф роҳматуллоҳи алайҳнинг юртимиз мустабид тузумдан қутулиб, истиқлолга эришган даврда, ўзликка қайтиш ва тикланиш даврида, энг қийин ва мураккаб босқичда динимизни ўрганиш ва ўргатиш борасидаги, нафақат диёримиз, балки бутун собиқ иттифоқ ҳудудида яшовчи мусулмонларнинг асрий орзуси бўлмиш ҳаж сафарини ташкил қилишдаги фидокорона хизматлари ҳақида тўхталиб ўтилди. Анъанамизга кўра, ҳар йилгидек, бу йилги анжуманларимиз давомида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид бир қатор илмий анжуманлар ўтказилди, давра суҳбатлари бўлиб ўтди, мавлиди шарифлар, нашидалар, наътлар ўқилди. Якуний анжуманда ҳам муҳтарам қориларимиз томонидан гўзал, муаттар нашидалар ўқилди. Айниқса, ўз она тилимизга ўгирилган наътлар ҳар бир тингловчининг қалбига сурур бағишлаб, кўзларда ёш қалқди. Маълумки, мавлид анжуманларимиздаги маърузаларнинг марказий мавзуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан иборат бўлиб, ушбу илмий суҳбатлар давомида Набий алайҳиссаломнинг нубувват ва рисолатлари асносидаги барча босқичлар ҳақида сўз юритилди. Бугунги илмий анжуман бу йилги мавлид маросимларининг сўнггиси бўлгани боис, Исмоил Муҳаммад Юсуф у зот алайҳиссаломнинг умрлари поёнида адо этган биринчи ва сўнгги ҳажлари ҳақида сўзлади. Ушбу ҳаж ҳақида батафсил ҳикоя қилинган машҳур ҳадисни ўқилар экан, анжуман аҳли хаёлан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сўнгги бор ҳаж сафарига отланиб, ушбу ҳаждаги ҳар бир рукнни гўё биргаликда адо этгандек, видолашув хутбасини минглаб саҳобалар билан бирга тинглагандек, қолган амалларни ҳам биргаликда адо этгандек бўлдилар. Исмоил Муҳаммад Юсуф маърузани қуйидаги сўзлар билан якунлади: «Оламларга раҳмат бўлиб келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик вазифалари шу тариқа хотималанди. У зот ўзларига берилган буюк омонатни, ўзларига буюрилган улкан вазифани шараф билан адо этдилар. Аллоҳ таолонинг инсониятга етказишни ирода қилган барча таълимотлари қиёматга қадар қоим бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликни бекаму кўст адо этдилар, бу дунёдаги ҳидоятчилик вазифасини ниҳоясига етказиб, энди охиратдаги шафоатчилик вазифасини адо этиш учун Рафиқи аълога риҳлат қилдилар. Аллоҳ таоло Набийимиз, Расулимиз, ҳидоятчимиз, шафоатчимиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни, у зотнинг аҳли байтларини, барча саҳобаларини ёрлақасин, Ўзи ваъда қилган улуғ мақомларни ато айласин! Азиз меҳмонлар! Муҳтарам устозлар! Падари бузрукворимиз, устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асос солган «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси ҳамда Ислом.уз портали номидан барчангизни, бутун дунё мусулмонларини ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой – мавлиди шариф билан муборакбод этаман. Шайх ҳазратлари бошлаб берган гўзал анъанага мувофиқ ҳар йили рабиъул аввал ойида илмий-маърифий анжуманлар ўтказиб келяпмиз. Бу йилги мавлид маросимларимиз ушбу анжуман билан ўз ниҳоясига етди. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу анжуманларни ташкил қилган, уларда иштирок этган, таклифимизни қабул қилиб, ташриф буюрган, бу анжуманларда хизмат қилган, бу хайрли ишларга хайрихоҳ бўлиб, дуода бўлган барча азизларимизга самимий миннатдорчилик билдирамиз. Бу каби анжуманларимиздан, мавлид маросимларидан кутилган асосий мақсад – авваламбор Аллоҳ таолонинг розилигини олиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат изҳор қилиб, шафоатларидан умидвор бўлишдир. Қолаверса, у зот алайҳиссаломга муносиб уммат бўлиш ниятида сийратларини ўрганиш ва баҳолиқудрат ўрганишдир. Агар ушбу тадбирларимиз самарасидан мазкур мақсадларга озгина эришган бўлсак, ўзимизни бахтиёр сезиб, Роббимизга шукроналар айтамиз. Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбимизга ҳабиби Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббатни ато қилсин! У зоти бобаракотнинг суннати шарифларига амал қилиб, икки дунё саодатига эришишни насиб қилсин!» Давра суҳбати давомида Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво бўлими бошлиғи Абдулҳамид Турсун, «Ислом ота» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қорилар сўз олиб, «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси ҳамда Ислом.уз портали ходимларини бугунги мавлид анжумани билан, халқимизга тақдим қилинган янги китоблар билан муборакбод этиб, бу хайрли амалларнинг барчасидан ҳосил бўлган савоблар Аллоҳ таолонинг фазлу инояти ила устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг руҳларини шод этсин, қабрларини мунаввар ва муаттар айласин дея дуолар қилишди. Анжуман якунида «Ислом.Уз» портали анъанавий «Ислом.Уз-1437» танлови ҳамда Сийрат.уз сайти томонидан ўтказилган танлов якунларига кўра ғолиб деб топилган иштирокчиларга эсдалик совға ва мукофотлар топширилди. Совға ва мукофотларни анжуманнинг муҳтарам меҳмонлари, устозлар, уламолар, «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси ҳамда Ислом.уз портали ходимлари топширдилар. Якуний мавлид маросими сўнггида хулуси ният билан тайёрланган йигирма битта хатми Қуръонни ниҳоясига етказилиб, улардан ҳосил бўлган савоблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳларига, барча ўтган мўмин-мусулмонлар,  устозларнинг ҳаққига, хусусан, устозимиз шайх ҳазратларининг ҳаққларига бағишланди.  Мажлис якунида хоссатан устозимизнинг завжаи муҳтарамалари ҳаққига холис дуолар қилиниб, шунинг билан «Қалбимиз, ҳаётимиз Сиз ила, ё Расулаллоҳ!» шиори остида ўтказилган мавлид анжуманлари хотималанди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ