Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватлари

3 йил аввал 2927 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Нуҳ алайҳиссалом бу амри илоҳийни бажаришга киришдилар.

«У деди: «Эй қавмим, албатта, мен сиз учун очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман: Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар. У сизларнинг (баъзи) гуноҳларингизни мағфират қиладир ва сизни белгиланган муддатгача қўйиб қўядир. Агар билсангиз эди, албатта, Аллоҳнинг муддати келган чоғи ортга сурилмайдир» («Нуҳ» сураси, 2-4-оятлар).

Ушбу охирги оятда зикр қилинган гуноҳларнинг кечирилиши ва белгиланган муддатгача яшаб қолиш ўзидан олдинги оятда шарт қилинган ишлар, яъни Аллоҳга ибодат қилиш, унга тақво қилиш ва пайғамбарга итоат қилиш ишлари бўлсагина вужудга келади.

Ушбу оятдаги «ажал» сўзини «муддат» деб таржима қилдик. Бу сўзнинг тафсирида уламолар бир неча хил фикрлар айтишган. Аслида «ажал» сўзи «белгиланган муддат» маъносини англатади, лекин халқ ичида «ўлим муддати» маъносида тушуниладиган бўлиб қолган. Агар шу маънони оладиган бўлсак, оятдаги «сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўяди» жумласи «Аллоҳга ибодат қилсангиз, унга тақво қилсангиз ва пайғамбарга итоат қилсангиз... белгиланган ажалгача яшайсиз, бўлмаса тезроқ бало-қазога дучор бўласиз» деган маънони англатади.

Иккинчи фикрга кўра эса, бу оятдаги «ажал» сўзи азоб-уқубат муддатини англатади. Яъни «Аллоҳ таолога ибодат қилиб, Унга тақво қилиб ва пайғамбарга итоат қилиб юрсангиз, белгиланган азоб-уқубат орқага сурилади», деган маъно келиб чиқади.

Қайси маънога эътибор қилмайлик, мақсад бир. Аллоҳ таолога ибодат қилиш, Унга тақво қилиш ва пайғамбарга итоат этиш. Буларнинг барчаси яхшиликка, азоб-уқубатдан қутулишга бош сабабдир.

Эндиги оятларда Нуҳ алайҳиссаломнинг жиҳодлари ва қавмлари билан олиб борган даъват ишлари баён қилинади.

«У деди: «Роббим! Албатта, мен қавмимни ке­чаю кундуз даъват қилдим. Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқа нарсани зиёда қилма­ди. Ва албатта, қачонки мен уларни мағфират қилишинг учун чақирсам, бармоқларини қулоқ­ларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб ол­дилар, қайсарлик қилдилар ва ниҳоятда такаб-бурлик қилдилар. Сўнгра, албатта, мен уларни очиқ даъват қилдим. Сўнгра, албатта, мен уларни ошкора ва жуда яширин (даъват) қилдим. Бас, «Роббингиздан мағфират сўранг, албатта, У Fаффордир», дедим («Нуҳ» сураси, 5–10-оятлар).

Нуҳ алайҳиссаломнинг тазарруъ ила зорланиб, ўз Роббиларига қилаётган нидоларидан кўриниб турибдики, у зот қавмларини турли йўллар билан динга чақирганлар. Келинг, у зотнинг ушбу машҳур нидоларини батафсил ўрганиб чиқайлик.

«Роббим! Албатта, мен қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим».

Яъни «Тиним билмай, доимий равишда дину диёнатга чақирдим».

«Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқа нарсани зиёда қилмади».

«Мен уларни Сенинг динингга қанча кўп даъват қилсам, улар мендан шунча кўп қочдилар. Даъватим туфайли фақат уларнинг қочиши зиёда бўлди, холос».

«Ва албатта, қачонки мен уларни мағфират қилишинг учун чақирсам, бармоқларини қулоқларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб олдилар...».

«Мен уларга «Аллоҳ таолога истиғфор айтинглар, У Зот сизларни мағфират қилади», десам, улар гапимни эшитмаслик учун бармоқларини қулоқларига тиқиб, бошларини кийимларига буркаб олдилар».

«…қайсарлик қилдилар ва ниҳоятда такаб­бурлик қилдилар».

«Улар ўз куфрларида оёқ тираб туриб олдилар ва мисли кўрилмаган катта такаббурлик қилдилар».

«Сўнгра, албатта, мен уларни очиқ даъват қилдим».

«Махфий даъватим иш бермагандан сўнг мен уларни очиқ даъват қилдим.

Лекин бу ҳам фойда бермади».

«Сўнгра, албатта, мен уларни ошкора ва жуда яширин (даъват) қилдим».

«Шоядки, икковини бирга олиб борсам, фойда берар, дедим».

Кўриниб турибдики, Нуҳ алайҳиссалом қавмини Аллоҳнинг динига даъват қилишда барча имкониятларни ишга солганлар.

Аввал махфий, кейинроқ ошкора, охирида ҳам ошкора, ҳам махфий даъват қилганлар. Шу билан бирга, уларни қизиқтириш учун диндорликдан бу дунёнинг ўзидаёқ келадиган фойдаларни ҳам зикр қилганлар. Буни қуйидаги оятда кўрамиз:

«Бас, «Роббингиздан мағфират сўранг, албатта, У Fаффордир», дедим».

«Истиғфор»нинг луғавий маъноси «мағфиратни (гуноҳнинг кечирилишини) сўраш»дир. Амалда банданинг тилида «астағфируллоҳ» ва шу маънодаги калималарни айтиб, дил билан тасдиқлашидир. Умумий маънода эса истиғфор диндорликни ифода этади. Агар бу оятга амал қилсангиз...

«Устингизга осмонни (ёмғирни) мўл-кўл қилиб юборадир. Ва сизга мол-мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғ-роғлар қилиб берур ҳамда анҳорлар қилиб берадир» («Нуҳ» сураси, 11-12-оятлар).

Мазкур оятда истиғфор ва ризқларнинг бир-бирига боғлиқлигига ишора қилинмоқда. Қуръони Ка­римнинг кўпгина оятларида қалб поклиги, диндорлик ва ҳидоятда юришдан ризқнинг мўллиги, фаровонлик ва серобчилик келиб чиқиши таъкидланган.

Жумладан, «Аъроф» сурасида:

«Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар. Бас, уларни касб қилган нарсалари туфайли (азобга) тутдик» (96-оят).

Шунга ўхшаш оятлар «Моида», «Ҳуд» ва бошқа сураларда ҳам бор.

Демак, қайси халқ Аллоҳ таолодан қўрқса, яхши амалларни қилса, адолат ва омонликни жорий қилса, Аллоҳ таоло у халқни ер юзида пешқадам қилиб қўяди. У халқ фаровонлик, тараққиёт ва бахтли ҳаётга эришади.

Гоҳида Аллоҳ таолодан қўрқмайдиган, иймонсиз халқлар ҳам фаровонликка етишиши мумкин, лекин бу синов учун бўлади. Кейинроқ ҳақиқий ҳолат зоҳир бўлиб, кўзга кўриниб турган фаровонлик ортидаги муаммолар ошкора бўла бошлайди. Бу Парвардигорнинг Ўзидан қайтган бандаларига юборилган азобининг бошланиши бўлади.

Яна Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмига қилаётган хитоблари давом этади:

«Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг азаматига умид қилмайсизлар?» («Нуҳ» сураси, 13-оят).

Ёки Аллоҳнинг азаматидан (қудратидан) қўрқмайсизлар.

«Ҳолбуки, У сизларни ҳолатма-ҳолат яратди» («Нуҳ» сураси,14-оят).

Яъни, онангиз қорнида бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ва ҳоказо ҳолатларга ўтказиб, яратди.

«Аллоҳ етти осмонни қандай қилиб табақама-табақа яратиб қўйганини кўрмадингизми? Ва улар ичида ойни нур ва қуёшни чироқ қилиб қўйганини (кўрмадингизми)?»  («Нуҳ» сураси,15-16-оятлар).

Ушбу нарсаларнинг ҳаммаси – одамларнинг ҳолатма-ҳолат яратилиши ҳам, етти осмоннинг таба­қама-табақа халқ қилиниши ҳам, ойнинг нур ва қуёшнинг чироқ қилиб қўйилиши ҳам ҳар бир банда учун Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далил бўлиб хизмат қилиши керак. Ҳар бир банда мазкур нарсалардан ўзига керакли хулосани чиқариб олиб, Аллоҳ таолонинг азаматини ўйлаши, Унга иймон келтириб, итоат ва ибодат қилиши лозим бўлади.

Кейинги оятларда ҳам банда Аллоҳ таолонинг азаматини ўйлаши, Аллоҳ таоло томонидан унга берилган неъматларнинг шукрини қилиши лозимлиги ҳақида сўз кетади.

«Ва Аллоҳ сизларни ердан ўстириб чиқарди» («Нуҳ» сураси,17-оят).

Одатда ердан ўсимликлар ўсиб чиқади. Лекин оятда бизларнинг ўстириб чиқарилишимиз ҳақида зикр қилиняпти. Буни шундай тушуниш мумкин: ҳозирги замон илмий кашфиётлари ҳар бир жонзот, шу жумладан, сиз билан биз – инсонлар ҳам ҳаётимизда набототларга ва уларга боғлиқ бўлган нарсаларга асосан яшар эканмиз. Ўйлаб кўрайлик: ҳар биримиз ҳайвон гўштини истеъмол қиламиз, ўша ҳайвон эса наботот еб яшайди. Ҳатто балиққа назар солсак ҳам силсила бўлиб, охири ўсимликка бориб тақалар экан. Шундай қилиб, Қуръони Карим қисқа қилиб, инсоннинг яшаши учун зарур бўлган асосий ғизога ишора қилган.

Албатта, буни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким қила олмайди. Банда ўзини ердан ўстириб қўйган Зотга иймон келтириши, Унинг азаматидан қўрқиши, Унга итоат ва ибодат қилиши лозим. Чунки

«Сўнгра сизларни унга қайтарадир ва яна чиқарадир» («Нуҳ» сураси, 18-оят).

Яъни, Аллоҳ сизларни ўлдириб, яна қайта ернинг ичига қабрга киритади. Сизга ҳаёт берган Зот сиздан ҳаётни ҳам олади. Сизни ердан ўстирган Зот, сизни яна ерга қайта киритади. Охиратда эса қайта тирилтириб, сизни яна ердан чиқаради. Шунинг учун ҳам сиз доимо Унинг азаматини ўйлаб иш қилишингиз лозим.

Бу иш қиёмат куни сизни қайта тирилтириш билан бўлади. Ана ўшанда бу дунёдаги зарра оғирлигидаги яхшию ёмон ҳамма амалларимиз ҳисоб-китоб қилинади. Шунинг учун ҳам Аллоҳга иймон келтириш, Унга итоат ва ибодат қилиш керак.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, Аллоҳ таоло сизни фақат яратибгина қўймаган, балки бу дунёда яшашингиз учун ҳамма шароитни муҳайё қилиб берган.

«Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди. Унда кенг йўллардан юришингиз учун» («Нуҳ» сураси, 19–20-оятлар).

Аллоҳ таолонинг бандалар учун «ерни гиламдек тўшаб қўйиши» – худди ўтириш, ётиш, овқатланиш ва бошқа ҳаёт фаровонлиги учун зарур бўлган ишларга яхши жой ҳозирлаш учун гилам тўшалгандек, Аллоҳ таоло ерни тўшаб қўйди, деган маънони англатади.

Яъни Аллоҳ таоло ерни кенг, текис ва жиҳозланган гиламдек қилиб қўйди, ўз гилами устида хоҳлаганича ястаниб ётган кишидек, хоҳлаганингизни қилишингиз учун мослаб қўйди.

Аллоҳ таоло ерни инсон учун, у ҳаёт кечириши учун маскан қилиб қўйганини эслатганидан сўнг ҳам Нуҳ қавми ўз залолатидан қайтмади.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ